Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

Трансфер ойнасини “портлатувчи“ харидлар тўртлиги

Баҳо:
+ | -

Мавсум аввалида қандай оламшумул трансферлар амалга ошгани ҳамон ёдимизда. Грандлар пандемия даврида молиявий муаммоларга дуч келиши кутилаётган бир вақтда улар пулларини аямай ишлатишди. Лукакунинг рекорд сумма эвазига “Челси“га қайтгани, Грилишнинг алламбало нарх эвазига “шаҳарлик“ка айлангани, Парижда Месси билан биргаликда янгича “галактикос“ қурилиши ва Роналдунинг МЮга қайтишини унутмоқ осон бўлмаслиги аниқ. Хўш, келаётган трансфер ойнасида (қишки ёки ёзги, фарқи йўқ) бизни қандай воқеалар кутиб турибди? Буниси ҳам унутилмас бўлиб қолиши мумкинми? Бизнинг жавобимиз – ҳа, келгуси трансфер бозори ҳам эсда қоларли бўлади. Негалигига эса қуйида батафсил жавоб топасиз. Демак, супер харидларга сабаб бўлувчи 4 юлдуз ҳақида гаплашамиз. Кетдик.

1. Эрлинг Холанд

Келажак футболининг икки эгасидан бири сифатида қаралаётган Эрлинг Холанд мавсум охирида жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Ҳатто, шу қишдаёқ у бошқа жамоа сафига кўчиб ўтиши мумкин. Тўғри, бунга ишониш қийинроқ. Бироқ Эрлингга муносиб таклиф тушса, у кўп ўйлаб ўтирмаслиги унинг охирги қарорларидан сўнг яққол билиниб қолди.

Айни дамда, норвегиялик мегаюлдузга Англиянинг “Манчестер Сити“, “Челси“ ҳамда Испаниянинг “Реал Мадрид“ ва “Барселона“ каби гигант клублари “совчи“ бўлиб турибди. Футболчининг ўзи АПЛ эмас, Ла Лига варианти маъқул эканлигини “қистириб“ ўтган. Лекин у Ла Лиганинг айнан қайси жамоасига ўтишини очиқламади.

Тахминимизга кўра, у каталон клубига кўчиб ўтади. Ҳа, мадридликларда пул кўп, улар ҳозир азалий рақибидан бир бош устун. Аммо ёзда Холанднинг асосий рақобатчиси ҳисобланмиш футболчининг “Реал“ либосини кийиши норвег учун ёқимли ҳолат эмас. У нисбатан кучсизроқ жойда, ёш ва истеъдодли ўйинчилар ичида етакчи бўлиб юргани маъқулроқдек кўринмоқда. Биз учун энг асосий ва муҳим жиҳат – яна ўша шиддатли Эл-класиколарнинг ортга қайтиши. Балки шунинг учун ҳам Холланд “Барселона“га ўтиши керакдир?!

2. Килиан Мбаппе

Мана ўша юқоридаги Эрлингнинг асосий “душман“и. ПСЖнинг ҳозирги кундаги энг сермаҳсул футболчиси, Франциянинг бўлажак етакчиси ва эҳтимол, “Реал Мадрид“нинг-да бўлғуси юлдузи. Кўплаб манбаларнинг хабар беришича, Килиан аллақачон “қаймоқранглилар“ билан оғзаки келишувга эришиб улгурган. Ёзда у эркин агент сифатида “Реал Мадрид“ сафига келиб қўшилади. Бу ҳақида бир қанча истиснолар учраб тураётган эрса-да, футболчи Мадридни танлагани ҳақида гапириб ўтди. Демак, футболчининг келажаги борасида бошқа гап-сўзга ўрин бўлиши мумкин эмас, фикримизча.

Эслатиб ўтамиз, Килианнинг хизматига “бланкос“ билан бир қаторда “Челси“, “Ливерпуль“ ва МЮ сингари клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда.

3. Ромелу Лукаку

“Челси“нинг қимматбаҳо ҳужумчиси шу мавсум жамоага келганига қарамай, бу ерда анча-мунча “қовун тушириш“га улгурди. Интервьюларида “Интер“га тез орада қайтишини баралла сўзлаган Ромелу кўп ўтмай, клубдан кечирим сўраб чиқди.

Аммо барибир Лукакунинг Лондонда ўзи истаганини қўлга киритиши осон бўлмайди. Бунинг учун у янада ривожланиши ва универсаллашмоғи даркор. Фақатгина ҳужумчи сифатида у “Челси“нинг асосий футболчисига айланиши амри маҳол.

Ўша машҳур интервьюсида бельгиялик футболчи яна “Интер“га қайтишини ёки Конте билан “Тоттенхэм“да ишламоқчи эканлигини келтириб ўтган. Кўринишидан амалга ошиши қийин трансфер. Лекин футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳатто Лукаку январдаёқ “аристократлар“ни тарк этиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

4. Харри Кейн

“Тоттенхэм“ етакчиси бу мавсум бошида клубдан кетишини эълон қилиб, ўзини трансферга қўйишларини сўраганди. Раҳбарият уни трансферга қўйишга қўйдию, аммо футболчи учун юборилган ҳар қандай таклифни рад этди. Харри бунга жавобан турли чоралар қўллаб кўрди, машғулотларга бормади, борса ҳам кечикиб борадиган бўлди. Яна мураббий билан Кейн ўртасида келишмовчиликлар юзага келгани ҳақида норасмий хабарлар чиқди. Шунга қарамай, қайсар Дэниел Левига (клуб президенти) бу заррача таъсир қилмади. У инглиз форвардини барибир жамоасида олиб қолди.

Ваҳоланки, Кейнда ҳали ҳам бошқа жамоага ўтиш учун имкон сақланиб турибди. Қишда буни амалга ошириш анча қийин, аммо мавсум якунлангач, у каттароқ мақсадлар сари қадам ташлаши мумкин бўлади. Зотан, ҳужумчини “шпорлар“ қанча узоқ ушлаб турса, уни сотишдан тушадиган фойда ҳам шунчалик камайиб бораверади. Ҳатто Харри Лондон клуби билан шартномасини бекор қилиб, эркин агент сифатида жамоани тарк этиши ҳам мумкин. Ахир у аллақачон “Тоттенхэм“га бўлган садоқатини ортиғи билан исботлаб улгурди. Энди у ўзи истаган пайтда жамоа алмаштириш ҳуқуқидан фойдаланса, ҳар икки томон учун адолатли бўларди.

Дарвоқе, Харри Кейн учун асосий даъвогар ҳозирча “Манчестер Сити“ бўлиб турибди.

 ******

Футболда пул борган сари каттароқ масштабни эгаллаб бормоқда. Энди биз уни миллионлар эмас, бемалол миллиардлар ўйини деб атасак ҳам бўлаверади. Ушбу спортнинг мухлислари ҳам миллиарддан ўтса ўтади-ки, асло кам бўлмайди. Ундаги пуллар ҳақида ҳам ҳозир шундай десак мос келаверади. Бу кетишда, футболда “бой бойга қараб, сой сойга қараб оқади“ деган мақол оммалашиб кетмаса бўлди.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:02, 06.01.2022.
Ўқилди: 8647 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.