Бугун Ўзбекистон Олий Лигасининг 2-туридан ўрин олган икки учрашуви бўлиб ўтади. Ғўзорда “Шўртан” “Навбаҳор”ни қабул қилса, Тошкентда “Локомотив” ва “Насаф” жамоалари ўзаро рўбарў келишади.
Ғўзордаги учрашув икки жамоанинг ўзаро 15 ҳисоб-китоби бўлади.Жамоалар шу кунга қадар ўзаро 14 маротаба майдонга тушган. Саккизта учрашув “Навбаҳор” жамоаси фойдасига ҳал бўлган бўлса, тўрт учрашувда “Шўртан”нинг қўли баланд келганди. Қолган икки учрашувда жамоалар муроса кўчасини танлаган.
Дарвозаларга жами бўлиб 35 маротаба тўп киритилган. Киритилган голларнинг 20 таси “Навбаҳор” жамоаси фойдасига ёзилган бўлса, қолган 15 та гол “Шўртан” фойдасига хизмат қилган. Учрашувларни бошқариб борган ҳакамлар жами бўлиб 68 нафар футболчиларга сариқ карточка кўрсатишга мажбур бўлганлар.
Олти нафар футболчилар эса майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлган. Майдондан четлатилган футболчиларнинг иккитаси “Навбаҳор” жамоаси аъзолари бўлса, қолган тўрт нафари эса “Шўртан” футболчилари саналади.
Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати икки хил кўринишда. “Навбаҳор” 1-турда ўз уйида ғалаба қозона олмаган бўлса, “Шўртан” сўнгги дақиқаларда киритилган гол эвазига дастлабки уч очкони ишлаб олганди. Бугунги учрашувнинг бухоролик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.
ШЎРТАН - НАВБАҲОР
Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро), М.Шарипов (Бухоро), А.Қўлдошев (Бухоро), А.Чориев (Термиз).
Назоратчи ҳакам: Р.Айтеков (Тошкент).
Шунингдек, бугун Тошкентнинг “Локомотив” клуби ўз уйида дастлабки учрашувини ўтказади.
Бу икки жамоа ҳам ўзаро 14 бора рўбарў келишган. Ушбу ўйинларнинг 9тасида "Насаф" футболчилари ғалаба қозонган бўлса, тўртта ўйинда дуранг натижа қайд этилган. Фақатгина битта учрашувда "Локомотив" футболчилари ғалаба қозона олишган.
Жами учрашувларда 32та гол киритилган. 24та голни қаршиликлар киритган бўлса, саккизта голни "темирйўлчилар" киритишган.
“Темирйўлчилар”нинг бу сафарги рақиби ҳам Қашқадарё жамоаси экани эътиборга молик. Биринчи турда жамоа Ғўзорнинг “Шўртан” клубига сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол эвазига имкониятни бой берганди.
“Насаф” эса анча яхши кайфиятда учрашувга ташриф буюрмоқда. Аввалига Олий Лиганинг дастлабки турида меҳмонда Самарқанднинг “Динамо” клуби мағлуб этилган бўлса, кейин Эронда ОЧЛ доирасида “Истиқлол” билан муҳим бўлган ўйинда бир очко ишлаб қайтди.
Бугунги марказий учрашувни ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.
ЛОКОМОТИВ - НАСАФ
Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент), М.Муҳамедов (Тошкент вил.).
Назоратчи ҳакам: Р.Мўминов (Тошкент).