“Ювентус“ 1:1 “Наполи“
Кеча тунда бўлиб ўтган мазкур баҳсдан олдин фаворит аниқ эди. Туриннинг “Ювентус“ жамоаси ҳимоядаги Бонуччи ва Кьеллинини ҳисобга олмаганда деярли йўқотишларсиз ҳаракатланиши маълум эди мазкур учрашувда.
Нариги тарафда эса асосий таркибнинг бир эмас, икки эмас, нақ тўрт футболчиси майдонга туша олмасди. Кулибали Африка Кубогида қатнашмоқда, Мариу Руйнинг дисквалификацияси бор (карточкалари кўпайиб кетган), Лосано ва Осимхен эса жисмоний томонлама ўйинга тайёр эмасди.
Кўриб турганингиздек, “ҳаворанглар“ таркибидаги йўқотишлар анча салмоқли. Бироқ шунга қарамай, улар матчнинг 1-бўлимида рақиб билан тенгма-тенг кураш олиб борди ва ҳатто, таймни 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунлади.
Дастлабки 45 дақиқалик ҳақида фикр билдирадиган бўлсак, икки жамоа ҳам сифатли ва тартибли футбол намойиш этди. Айниқса, ҳимояда клублар дарсликларга киритилса арзийдиган даражада мукаммал ҳаракат қилди. Тўғри, “Юве“ гол ўтказиб юборди, аммо голгача ва голдан кейин “зебралар“ 2 қаватли ҳимояни ажойиб тарзда қуришга муваффақ бўлди. Рақиб йўллаган 16 зарбанинг 7тасига блок қўйилгани туринликлар яхши ҳимояланганлигига исбот бўла олади. Шунингдек, қанотдаги ўйинчиларнинг ҳужум ва ҳимояга бирдек улгураётгани мураббий схемаларининг самарали ишлаётганидан дарак беради.
Хўш, “Наполи“ ҳақида қандай илиқ фикрлар билдиришимиз мумкин? Тан олиш керак, Спаллетти шогирдлари ўйин томонлама рақибидан устун эди. Зотан, шунча йўқотишлар билан тенг кўрсаткичлар қайд этишни бемалол устунлик десак бўлаверади. Айниқса, иккинчи таймда (гарчи гол ўтказиб юборган эрса-да) клуб янада яхшироқ кўринди. Жамоа тўп назорати, аниқ паслар ва хавфли ҳужум ташкил этиш каби муҳим кўрсаткичларда “кекса синьора“ни ортда қолдирди.
Ўйин давомида асосан тезкорликка урғу берган Неапол жамоаси якунда 1 очко эгасига айланди. Ҳақли равишда, албатта.
Қайд этиш лозим, “Наполи“да марказ нисбатан кучлироқ эди кечаги учрашувда. Номлар борасида мезбонлар “оғир тош“ босса-да, меҳмонлар ярим ҳимояси тартибли ва аниқ ҳаракатлар эвазига жамоа ўйинидаги балансни ушлаб турди.
Шу тариқа, томонлар 1:1 ҳисоби билан ўйинни якунлади. Ушбу дурангдан сўнг “Ювентус“ очколари сонини 35тага етказиб олди ва турнир жадвалида 5-ўринда бормоқда. “Наполи“ эса 40 очко билан жадвалнинг 3-поғонасидан ўрин эгаллаган.