Хабарингиз бор, кеча ярим ҳимоячи Дилшод Жўраев “Бунёдкор” билан икки йиллик шартнома имзолагани ҳақида маълумот берган эдик. Биз футболчимизнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Катта футболга айнан “Бунёдкор” орқали қадам қўйганман. Айнан шу жиҳат жамоага қайтишимга асосий сабаб бўлди. Ич-ичимдан “Бунёдкор”га қайтишни истадим. Яна бир сабаб шуки, АГМК сафида ўзим хоҳлагандек ўйин амалиётига эга бўлмадим. Футболчи ўсиши учун майдонга тушиши керак. Бу муҳим жиҳат. Қолган нарсалар иккинчи даражали бўлиши лозим.
“Бунёдкор”га клуб директори Улуғбек Мирзаев ва бош мураббий Шуҳрат Мақсудов таклиф қилди. Уларнинг бу ишончи учун миннатдорчилик билдираман ва умид қиламанки, ўз ўйинларим билан билдирилган ишончни тўлиқ оқлайман!
Жамоа билан икки йиллик шартнома имзоладим. Ўйлашимча, узоқ йиллик шартномалар футболчи учун ҳам клуб учун ҳам фойдали бўлади.