Иккимингинчи йиллар аввалида Хосе де Оливейра Жуниор 4 нафар фарзанднинг отаси бўлиб улгурганди. Кенжа ўғил Вини туғилган кезлар кечки овқат учун стол устига қўйиладиган егулик доим ҳам катта оиланинг барча аъзоларига етавермасди...
Бугун “Реал” таркибида дунёни забт эта бошлаган Винисиус Жуниорнинг қиссасининг шундай бошлак бўлади. Лекин, келинг бироз кириш қисмини ўзгартирамиз.
Дунё футболида “меросхўр” масаласи аллақачон кун тартибида. Лионель Месси ва Криштиану Роналду ўртасидагиги юқори рақобат натижасижа иккимингчи йиллар ўртасидан буён футбол тамомила ўзгарди, десак бўлар. Бугунимизга келиб эса улар кетгач ўзаро рақобатлашувчилар ким бўлади, деган савол ҳавода муаллақ турибди. Охирги икки йилдан буён Килиан Мбаппе ва Эрлинг Ҳоланд номи тинмай айтилаётганди бу контекстда. Жорий мавсум аввалидан буён эса менимча улар қаторига яна бир ном қўшилди. Винисиус Жуниор.
УзРепорт ТВ ва Футбол ТВ орқали Ла Лига ўйинларини шарҳлар эканман Вини кўз ўнгимда ўзгарди. Эътиборлиси унинг ўйин сифати траекторияси кескин сакраш кўринишидаги изга эга. Ўтган мавсум аввалидаги учрашувларни эслайдиган бўлсак ҳам Жуниорнинг ҳаракатларида нўноқлик, такрорланиш ва ортиқча элементлар мавжуд эди. Бироқ, энди ҳаммаси ўзгарди. У клуб ҳужумининг ажралмас бўлагига айланиб, майдон бўйлаб етакчилик феълини кўрсатмоқда ва энг муҳими гол ва узатмалар билан тўғридан-тўғри юқори фойдали футболчи бўлиб улгурди.
Мана энди бошлаган нуқтамизга қайтамиз ва давом этамиз.
Вини туғилган кезлар кечки овқат учун стол устига қўйиладиган егулик доим ҳам катта оиланинг барча аъзоларига етавермасди. Ҳа, Бразияда бирор оиланинг тангликдан фаровонликка чиқиши учун бир неча машҳур йўллар бор. Масалан, Винисиус туғилган Сан-Гонсалу мунициполитетида ўсмир болакай олдидан кўпинча икки йўл туради – жиноят олами ёки футбол олами. У ва оиласи иккинчи йўлни танлади. 6 ёшида маҳаллий жамоа сафида тўп тепа бошлаган болакай дарҳол “Фламенго” скаутлари эътиборига тушди. Ўсмирлигидан қўлидан телефон тушмайдиган, видео ўйинларга муккасидан кетган Жуниор дўстлари билан ФИФА видео ўйинини ўйнагудек бўлса одатда “Барселона”ни танларди. Айтишларича, у Мессининг ҳаракатларидан кўп таъсирланган. Бироқ, бошқа бир футболчи борки, Вини уни ўзига кумир деб биларди ўша даврларда. Робиньо! Унинг “Сантос”, “Реал” ва “Манчестер Сити” таркибидаги ўйинларни доим кузатиб борадиган Винисиуснинг ҳаракатларига бугун назар ташланса айнан Робиньода бўлган текник элементларни кўриш мумкин. Лекин биламизки, Робиньо ўз потенциалини (маълум сабабларга кўра) ўзи йўққа чиқарган футболчилар сирасига киради.
Винисиус ва унинг Бразилиядаги ёшлик даврларига қайтсак. 10 ёшигача “Фламенго”даги тенгдошлари билан 20 дан ортиқ турли мусобақаларда ғалаба қозонган қаҳрамонимиз мунтазам таълим олиш учун клуб академиясига қабул қилинади. Бу ердан у то асосий жамоанинг асосий таркибигача ўсиб етишади. 2017 йилда Бразияли А сериясида дебют қилган футболчи билан шартнома узайтирилади. Уни анча қимматроққа сотиши мумкинлиги англаган клуб 2022 йилгача шартнома ишлаб чиқиб, товон пулини 45 миллион евро этиб белгилайди. Ўша даврда “Фламенго”даги жавоҳирни биринчилардан бўлиб “МЮ” илғагани айтилади. Аммо Эд Вудворд ёш футболчи учун 45 миллион евро жуда катта маблағ деб ҳисоблаб бу хариддан воз кечади. Бироқ, “Реал Мадрид” ва Флорентино Пересни бу рақамлар билан чўчитиб бўлмаcди...
Давоми бор.
Ориф Толипов.