Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Уммон билан ўйинда ҳар икки томонга қийин бўлишини таъкидлаб ўтди.
«Эртанги ўйиннинг аҳамияти қандай экани борасида ортиқча изоҳ шарт эмас деб ўйлайман. Эртага бизга ҳам, Уммонга ҳам осон бўлмаслигини ҳамма билади».
Сурия билан ўйинга қайтар экан Вадим Карленович шогирдларининг кутилганидек ҳаракат қила олмаганига БАА олимпия терма жамоасидан қабул қилиб олинган мағлубиятни сабаб қилиб кўрсатди.
«Дастлабки 45 дақиқада биз ёмон ўйнадик. БААга қарши ўйиндан кейин нормал ҳолга қайтиш анча қийин бўлди. Иккинчи бўлимда ўйинимизни ўзгартириб, якунда жуда муҳим ғалабани қўлга киритганимиздан хурсандман. Эртага эса биз умуман бошқача футбол намойиш қилишга ҳаракат қиламиз».
Гарчи 29 март кунги ўйинда Ўзбекистон олимпия терма жамоасини дуранг натижа ҳам қаноатлантирса-да, Вадим Абрамов ҳар икки жамоа имкониятини тенг баҳолади.
«Ўйин олдидан томонлар имконяти ҳар доим 50 га 50 бўлади. Уммон — жуда яхши жамоа. Биз бу рақибга қарши ҳозирга қадар икки марта майдонга тушганмиз ва жамоа менда илиқ таассурот қолдирган. Биз ҳеч қанақасига дуранг натижа учун ўйнамаймиз. Фақатгина дуранг натижа учун майдонга тушган жамоа охир-оқибат мағлубиятга учрайди».
Сурияга қарши ўйиндаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси таркибининг бунга қадар ўтказилган қолган учрашувлардан анча фарқ қилганини мутахассис тактик режа экани билан изоҳлади.
«Биз тўрт кун давомида иккита ўйинда иштирок этишимизни билардик. Шу сабабли асосий таркибнинг бир қатор футболчиларини заҳира ўриндиғида қолдирдик. Бу футбол ва у турли хил тактикалардан иборат. Эртанги таркиб кечагисидан фарқ қилади».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Уммонга қарши ўйини 29 март куни Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.