"Зенит" ҳужумчиси Александр Кержаков "Спартак" посбони Андрей Дикань билан тўқнашувдан қочиб қолса бўлар эди, дейди РФИ президенти Вячеслав Колосков "Р-Спорт" агентлиги мухбирига.
"Диканьгача оралиқ масофа бир метрдан кам эмас эди. Шунинг учун Кержаков тиззасини олиб қочишга, юқорига кўтариб қолишга, бурилиб кетишга ва ўгирилиб олишга улгурар эди. Бунинг учун вақт етарли эди. Лекин кураш чанқоқлиги ёки яна нимадир Кержаковга ҳалақит берди, шекилли. Албатта, бу атайин қилинмади, лекин менинг назаримда Кержаков бу тўқнашувдан ўзини олиб қочса бўлар эди", - дейди РФИ президенти. Ҳужумчини жазолаш ҳақидаги фикрга ҳам муносабатини билдириб ўтди:
"Бунинг учун ҳакам бўлиш керак, мен ҳакамликдан йироқман. Ҳодисанинг бутун динамикасини кўриш керак, мен эса Кержаковни жазолаган бўлармидим, йўқми, билмайман. Мен мухлис нуқтаи назаридан фикр билдиряпман."
Эслатиб ўтамиз, Россия чемпионатининг 37-турида "Спартак" ва "Зенит" ўртасидаги ўйинда (1:2) Кержаков "Спартак" посбони Дикань билан тўқнашуви оқибатида москваликлар дарвозабони ёпиқ чаноқ-мия жароҳатига учраган. Унинг юз қисми суякларининг кўп қисми синган, мия чайқалиши қайд этилган. Андрейнинг ҳолати ўртача оғир ҳисобланмоқда. У доимий нейрохирург ва невропатолог назорати остида.