Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Пепе Рейна: «Хатодан қочишнинг иложи йўқ»

Баҳо:
+ | -

FourFourTwo нашри катта интервью учун Испания миллий жамоаси собиқ дарвозабони Пепе Рейнани танлаб адашмади. Ҳар ҳолда, Европа клуб футболида ҳам ёрқин қолдирган кипер ўз фао-лиятидан кўплаб қизиқарли воқеаларни айтиб берди: «Барселона»даги даври, Англияга кўчиб ўтиши, мухлисларга муҳаббати, ЧЛ финали, Раулнинг зарбаси, АПЛ­да қўйиб юбор-ган энг ғалати голи...

- Бошидан гапирсак: «Ла Масия» тизимига қандай қўшилгансиз?

- Уйдан 13 ёшда чиқиб чиқиб кетганман. Ўшанда отам келажакда футболчи бўлишим муҳим эмаслиги, лекин керакли таълим олишим шарт­лигини айтганди. «Ла Масия» ётоқхонасида Микель Артета билан ёнма-ён жойлашгандик. Болалигимдан баланд овозда хуррак тортаман, «трактор» ишга тушгач, йигитлар мен томон пойафзал ва бош­қа буюмларни улоқтиришарди. Энг қизиғи, «ўқ» кўпинча мен эмас, Микелга тегарди!

- Отангиз ҳам «Барса»да ўйнаган. Бу борада қандайдир босимни ҳис қилганмисиз?

- Бу - ҳар доим қўшимча «юк». Ҳозир ўғлим худди шундай ҳолатда ва унга осон эмас. Эҳтимол, шундай масъулият ҳам сизни тезроқ юксалишга ундар...

- ЕЧК-74 финалида отангиз йўл қўйган хатодан хабарингиз бормиди?

- Барчасини отамнинг ўзи айтиб берганди. Хато - дарвозабон ишининг бир қисми, бундан қочишнинг иложи йўқ.

- Мавсум-2000|2001, УЕФА кубоги ярим финали. «Ливерпул»га қарши кечган ўша ўйиндан нималарни эслайсиз?

- «Энфилд»даги ажойиб муҳитни. Бу бутун фаолиятимдаги энг зўр кечалардан биридир. Ахир 18 ёшли йигитча эдим. Биринчи ўйинда ҳисоб очилмади, «Энфилд»да эса Гари Маккаллистернинг пенальтидан урган голи оқибатида енгилдик - 0:1. Эсимда, иккинчи бўлимда ўз позициямдан олдинга чиққанимда, мухлислар олқишлашди. Шунда уларга жавоб қайтардим ва биз севишиб қолдик - келажак учун сигнал!

- 18 ёшда «Барса» либосида майдонга тушиш қандай?

- Болалигимдан «Барса» мухлисиман, айни шу орзу билан улғайдим. Ўша пайт мени кўпинча Икер Касильяс билан таққослашарди. Аммо «Барселона» энг яхши ҳолатда эмасди ва ўзим ҳам катта чақирувга тайёр бўлмаганман.

- «Бернабеу»даги «Эль-класико»да мухлислардан бири сизни ургани ростми?

- Ҳа. Лекин аввалига буни Раулдан кўрганман. Мухлислардан бири зарба берганини эса аэропортда билгандим.

- «Барселона»дан «Вильярреал»га ўтиш...

- ... Жуда-жуда қийналгандим. Айниқса, отам олдида. Чунки у ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Барселона»да қолишимни хоҳлаганди. Лекин ўзим фақат ўйнаш ҳақида ўйлаганман. Боз устига, клуб янги дарвозабон Роберт Энке билан шартнома тузиб, олдимга 2та вариант қўйди: «Учинчи рақамли кипер бўлиб қол ёки бошқа жамоа танла».  «Вильярреал»да эса ниҳоят, ўзимни жамоанинг бир бўлагидек ҳис қила бошладим, биз УЕФА кубоги ярим финалига чиқдик. Муҳими, «Ливерпуль» таклифини қабул қилганимда, ҳар қандай қийинчиликка тайёр эдим.

- ЧЛ-2004|2005 финалидан бир бир неча ой ўтгач, ўша фантастик оқшом қаҳрамони Ежи Дудек ўрнини эгаллаш ноқулай бўлмадими?

- Менда ҳеч қандай қўрқув йўқ эди, чунки Рафа Бенитесга кераклигимни билардим. Шартномага апрель ойи охирида имзо чекдим ва ЧЛ финалида «Ливерпул»га астойдил мухлислик қилдим. Чунки «қизиллар» мағлубиятга учрашганида, УЕФА кубогига тушардилар, мен эса ЧЛга чанқоқ эдим. Эсимда, 0:3дан кейин агентимга қўнғироқ қилгандим: «Жин урсин, УЕФА кубогида яна бир йил!» Иккинчи бўлимда эса ҳаммаси ўзгарди! Уйда ёлғиз эдим, ҳис-туйғуларим қандай жўш урганини таърифлаб беролмайман.

- Кейин «Ливерпул»даги дебют мавсумида қаторасига 11та ўйин­да гол қўйиб юбормай, клуб рекордини янгиладингиз.

- Ажойиб старт. Менга Сами Хююпя ва Жейми Каррагер каби ҳимоячилар ортида ўйнаш бахти насиб этди. Ўша «қуруқ» ўйинлар учун энг катта мақтовга айнан шу иккиси муносиб.

- 2006 йилги Англия кубоги финали. «Вест Хэм»га қарши ўйин. «Жеррард финали»дан қандай таассуротлар қолган?

- Қарама-қарши. Ахир 2та яққол хатога йўл қўйдим. Иккинчи бўлимда қалтираганим ҳам эсимда. Стиви ҳисобни тенглаштирганида, бироз енгил тортдим. Кейин 119-дақиқада Найжел Рео-Кокер зарба бергач, фаолиятимдаги энг яхши «сейв»лардан бирини амалга оширдим. Учрашувнинг ҳал қилувчи лаҳзаси олдидан ўйладим: «Ўйин давомида роса жиннилик қилдинг, энди вақт келди, ўзингни кўрсат». Муҳими, ҳаммаси яхши тугади.

- 2006|2007 йиллар мавсуми оғир бошлангач, «Ливерпул»дан «Валенсия»га ўтиш ҳақида ўйлаганингиз ростми?

- Иккиланиш бор эди. Кейин Рафа билан гаплашдим ва у фикримни ўзгартирди: «Ҳа, мавсумни яхши бошламадинг, лекин сенга тўлиқ ишонаман. Нима, Испанияда мухлислар ва матбуот йўқми? Ҳаммасида мувозанатни сақла». У мутлақо ҳақ эди.

- «Ливерпуль» ва «Челси» ўртасидаги рақобат, 2007 йилги ЧЛ ярим финали... Бунда бош қаҳрамон бўлиш қандай эди?

- Ҳа, мавсум давомида ўзаро 10 марта ўйнадик! Ярим финал - мен учун «Энфилд»даги энг яхши кеча бўлса керак. Лондонда 0:1 ҳисобида енгилдик, кейин «Энфилд»да ягона гол эвазига барчасини пенальтилар сериясига чўздик. Асосийси, бунда 2та зарбани тўсдим.

- Ўша ўйин вақти уйингизга ўғри ҳам тушган...

- О, бутун тунни полиция бўлимида ўтказдим. Хайриятки, ўша пайт уйда ҳеч ким бўлмаган ва фақат моддий зарар етди, холос.

- 2007 йили ЧЛ финалида «Милан»га ютқазиш қанчалик ранжитди?

- Ўйлайманки, ўша кеча рақибдан яхшироқ кўрингандик, аммо натижа... «Милан»нинг танаффус арафасида урган голи ёмон таъсир қилди, иккинчисида эса Филиппо Инзаги тўпга тўпиғи билан зарба берди - жуда омадсиз ҳолат.

- «Астон Вилла»га қарши баҳсда тўпни Альберт Риерага ғалати тарзда узатгансиз. Қизиқ, у «пас»миди ёки беғубор зарба?

- Аслида узатма Фернандо Торресга мўлжалланган эди! Фақат тўп бироз нотўғри кетди, аммо мукаммал узатма юзага чиқди - ҳаётимдаги энг яхшиси.

- «Сандерленд» билан баҳсда қўйиб юборилган машъум голга ҳам тўхталсангиз...

- Тарихдаги энг ғалати голлардан бири, бунда адолатсизлик ҳам йўқ эмас. Чунки ўша пайт қоидаларни яхши билмасдик. Жуда аҳмоқона ҳаракат...

- 2010 йилнинг ёзида «Арсенал»нинг қизиқиши қанчалик жиддий эди?

- Лондонликлар 25 миллион фунт таклиф қилишди, ўша пайт дарвозабон учун ақлдан оздирадиган сумма. Лекин «Ливерпуль» рад жавоби берди. Қолаверса, атиги 3 ой олдин янги шартнома тузгандим ва қолишдан хурсанд бўлдим. Бироқ Рафа кетгач, клубда ҳаммаси ўзгарди...

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:11, 28.01.2022.
Ўқилди: 965 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.