Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Миржалол Қосимов: «Ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам яхши ҳаракат қилишимиз керак»

Баҳо:
+ | -

Бугун Осакадаги “Экспо’70” стадиони конференц-залида “Гамба Осака” - “Бунёдкор” баҳсидан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Журналистлар билан учрашувга дастлаб “Бунёдкор” вакиллари - бош мураббий Миржалол Қосимов ҳамда ҳужумчи Камолиддин Мурзоев ташриф буюришди.

- Бизни жудаям қизиқарли учрашув кутиб турибди, - деб нутқини бошлади Миржалол Қўшоқович. - “Гамба Осака”да ортга ташлайдиган бошқа йўл йўқ. Икки ўйиндан сўнг японлар ҳали ҳам очко жамғара олишмаган. Уларда мураббийлар алмашинуви бўлиб ўтди. Шунинг учун ҳам улар эртага ўз мухлислари олдида чиройли футбол намойиш этишга интилишади, деб ўйлайман. Иккинчи тарафдан, биз ҳам жозибадор ўйин кўрсатиш пайида бўламиз. “Гамба”нинг ўз вазифаси бор, бизнинг ҳам ўз олдимизга қўйган мақсадимиз бор. Биз бу ерга шунчаки келмадик. Албатта фақат ғалаба учун курашамиз.

- Чемпионлар лигасида бир марта мағлубиятга учрадинглар, бир бор ғалаба қозондинглар. Жамоанинг ҳозирги ҳолати қандай?
- Миллий чемпионатимиз эндигина бошланган. Шогирдларим ўз формаларини кундан-кунга яхшилаб боришмоқда. Ўйинимиз кучайиб боряпти.

- “Гамба”нинг қайси футболчиларидан эҳтиёткорроқ бўласизлар?
- “Гамба Осака” - ўз ўйин услубига эга жамоа. Жамоанинг ярим ҳимоя чизиғи кучли: Ясухито Эндо ва Томоказу Миожин каби футболчиларни алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим. Ҳужумда эса бразилиялик икки ўйинчи - Рафинья ҳамда Паулиньоларни таъкидлаш мумкин. Умуман олиб қараганда, рақибнинг барча аъзоларини кўздан қочирмаслик лозим.

- Япониялик мухлислар учун “Бунёдкор”нинг қандай сифатлари қизиқарли туюлади, деб ҳисоблайсиз?
- Нима десам экан?.. “Бунёдкор”нинг Осиёда ўзига яраша номи, обрўси бор. Ўз ўйинимизга эгамиз.

- Шогирдларингиз эртага кўпроқ ҳимояланишадими ёки асосий эътибор ҳужумга қаратиладими?
- Футболда фақат ҳимояда ўйнаш ёки фақат ҳужум қилиш деган иборалар йўқ. Биз бир вақтнинг ўзида ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда бир хил зўр ўйин кўрсатишга интиламиз.

- Ютуққа эриша олишингизга қанчалик ишонасиз?
- Ҳарқалай, фақат ғалаба қозонишга умид қиламиз.

- “Гамба” айни маҳалда ёмон ҳолатда. Мураббийлари ўзгарган. Кўп мағлубиятлар қайд этилди. Сизнингча, оғир аҳволдаги жамоани енгиш осонми?
- Бунга ҳаракат қиламиз. Ахир биз Осакага ғалаба илинжида келганмиз.

- Яқинда Япония ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари рўбарў келишди. Ўзбекистоннинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан интиҳо топган ўйинда “Гамба”нинг Эндо ва марказий ҳимоячи Ясуюки Конно каби футболчилари тўп суришганди. Бу баҳсда “Бунёдкор” вакиллари ҳам ўйнашган. Мазкур баҳс ҳақида шу футболчиларингиз сизга бирор алоҳида маълумотлар туҳфа этишдими?
- Бу учрашув ЖЧ-2014 саралаш гуруҳида ким биринчи ўринни эгаллашини аниқлаб берганди. Биласизми, япон клублари ва терма жамоалари билан ўйинлар ҳамиша оғир кечади. Шунинг учун уларга қарши ҳар доим қаттиқ тараддуд билан майдонга чиқиш зарур. Эртанги баҳс ҳам бундан мустасно эмас.

Улуғбек Мирзаев,
Осака

Манба: www.fcbunyodkor.com
Киритилди: 13:37, 02.04.2012.
Ўқилди: 6829 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.