Матбуот анжуманида иштирок этган “Пахтакор” бош мураббий Деян Журжевич “Ал-Арабий” (Қатар)га қарши ўйинда фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйлаётганини айтиб ўтди.
— Бу ўйин биз учун жуда муҳим ҳисобланади. Чунки Чемпионлар лигасида ҳали ғалаба қозонмадик. Шунинг учун ғалаба қозониш учун эртага бор кучимизни ишга соламиз. Жамоада муҳит аъло даражада. Йигитларда ғалаба қозониш учун иштиёқ катта.
— Олимпиячиларнинг жамоага қўшилиши билан жамоа кучайдими?
— Олимпиячиларнинг таркибга қўшилгани жуда яхши бўлди. Мен мавсум давомида иккинчи марта тўлиқ таркиб билан шуғулланиш имкониятига эга бўлимда. Фақат ҳужумда кичик муаммо бор. Фарҳод Тожиев кубок ўйинида жароҳат олди. Эртага у ўйинда майдонга туша олмайди. Темурхўжа ва бошқа ҳужумчилар ҳужумдаги ишончни оқлашади деб ўйлайман.
— Рақиб жамоаси ҳақида нима деб ўйлайсиз?
— Биз “Ал-Арабий” жамоаси ҳақида маълумотларга эгамиз. Бу жамоани яхши ўрганиб чиқдик. “Ал-Арабий” аввалдан кучли бўлиб келган. Уларнинг сафида яхши легионерлар бор. Эртага яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўз жамоамга бу ўйинда омад тилайман.
— Икки учрашувдан кейин “Пахтакор” 1 очкога эга бўлиб турибди. Бу ҳолатга жамоага ортиқча босим юклайдими?
— Босим ҳар доим ҳар бир ўйинда бўлади. Тўғри, биз эртага фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Аксинча, бу ҳолат жамоамизга янгилик олиб кирши мумкин. Йигитлар катта куч ва иштиёқ билан ўйнаши мумкин. Аслида гуруҳда “Ал-Иттиҳод” қолган жамоалардан кучли. Қолган 3 жамоа эса тенг кучли.