Миср терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш Африка миллатлар кубоги ярим финал босқичи баҳси арафасида Камерун футбол ассоциацияси президенти Самюэль Это'Онинг сўзларига жавоб қайтарди. Аввалроқ Это'О Мисрга қарши баҳсни "жанг"га қиёслаб, ватандошларини руҳлантиришга уринганди.
"Мен Это'Онинг сўзларини муваффақиятсиз изоҳ дея ҳисоблайман ва бу Камерун халқи учун ёмон чорлов. Бир неча кун аввал стадионда камерунликлар вафот этганини у унутган кўринади. Шунга қарамай, битта ўйинга нисбатан у уруш эълон қилиши профессионал футболчи сифатида ҳеч нарсани ўрганмаганини кўрсатади. Футбол — бу жанг эмас, бу байрам, қувонч ва бахт. Жангга қарши биз футбол билан жавоб қайтарамиз.
Биз бу ерга халқимизни хурсанд қилгани келганмиз, уларни ўлишга мажбур қилиш учун эмас. Уларга қувонч бахш этишни хоҳлаймиз.
"Камерун бизга қарши жанг эълон қилгани учун Африка футбол конфедерацияси Это'Онинг ишини кўриб чиқиши лозим. Чунки, бундай баёнот бериш қизил карточка билан тенг", — деди Кейруш.
Эслатиб ўтамиз, Камерун — Миср учрашуви 3 февраль куни бўлиб ўтади. Иккинчи ярим финалда Сенегал Буркина-Фасо билан тўқнаш келади.