ОФК Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 3-турида Теҳроннинг «Истиқлол» жамоасини сафарда 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган БААнинг «Ал-Жазира» клуби бош мураббийи Кайо Жуниорнинг айтишича, у жамоасининг ғалабасидан жуда ҳам хурсанд бўлган. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар бермоқда.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида «Насаф» меҳмонда Қатарнинг «Ар-Райян» клубига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Айни вақтда, «Ал-Жазира» учта учрашувдаги кетма-кет ғалабалардан сўнг гуруҳ пешқадами бўлиб турибди.
«Мен жамоам билан фахрланаман. Чунки тарихда биринчи марта БАА клуби Эрондан ғалаба билан қайтмоқда», деди бразилиялик мутахассис.
«Натижадан тўла қониқиш ҳосил қилдим. Шогирдларим кутганимдек ўйин намойиш этишди ва майдонда барча кўрсатмаларимга амал қилишди. Жамоа бугун жуда ҳам яхши ўйин намойиш этди, мен бу билан уларни табриклайман», деди «Жазира» устози.
«Истиқлол» жуда кучли жамоа, мен бу жамоани жуда ҳам ҳурмат қиламан. Икки ҳафтадан кейин бизни БААда яна бир оғир ўйин кутиб турибди. Жамоа жуда ҳам яхши шаклланган, бироқ биз ўзимизнинг устун тарафларимиздан фойдаланиб қолишга муваффақ бўлдик», дея қўшимча қилди «Ал-Жазира» бош мураббийи Кайо Жуниор.