Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» клуби бош мураббийи Лусиано Трани Жанубий Кореянинг «Поханг» жамоасига қарши ОЧЛ гуруҳ босқичи 3-тур учрашувидан сўнг ўз фикрларини билдираркан, ўйин оғир ўтганини таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чемпиони — «Бунёдкор»нинг гуруҳдошлари ўртасидаги баҳс 1:0 ҳисобида корейс клуби фойдасига ҳал бўлди. Японияга сафар қилган «Бунёдкор»нинг ўзи «Гамба Осака»га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
«Ўйин биз учун жуда ҳам оғир кечди, чунки «Поханг» кучли жамоалар сирасига киради. Шогирдларим бугун яхши ўйин намойиш этишган эди, бироқ натижа кўнгилсиз бўлди», деди австралияликлар устози.
«Иккинчи бўлимда «Поханг» ҳисобни очганидан сўнг ўйин биз учун бирмунча оғир кўриниш олди. Биз энди бўлажак ўйинларга тайёргарлик кўрамиз, яна ўша ғалабали йўлга қайтиб, яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз», деди «Аделаида» устози.
«Об-ҳаво футболчиларимга таъсир кўрсатди, деб ўйламайман. Шогирдларим машғулотлар вақтидаёқ жуда совуқ бўлишини билишган ва бунга мослашиб улгуришганди», дея қўшимча қилди «Аделаида» бош мураббийи Лусиано Трани.