Сир эмаски, Франция чемпионати ҳар доим кўплаб иқтидорларни етиштириб берган, Лига 1га бир неча йилдан буён «Талантлар лигаси» деган таъриф берилаётгани бежиз эмас. Қуйидаги мақолада ушбу мамлакатда тўп сураётган, эътибор қаратишга арзигулик вундеркиндлар ҳақида сўз юритилади.
ШЕЙК ДУКУРЕ
(22 ёш, «Ланс»)
Франция «Аталанта»си деб аталаётган «Ланс» ярим ҳимоясида 21 ёшли Шейк Дукуре ўйнайди. Малилик футболчи 2018 йили фаранглар юртига кўчиб ўтган. Унинг фаолияти марказий ҳимоядан бошланган, лекин дастлабки мураббийлари Шейкда айнан таянч ярим ҳимоячисини кўришган. «Ланс» таркибидаги илк мавсумида Лига 2да 31та ўйин ўтказган. Мавсум-2021да эса Лига 1да 33 марта майдонга тушиб, 2 гол ва бир ассист муаллифига айланди. Дукуре ёшига хос бўлмаган хотиржамликка эга, босим остида бинойидек ўйнайди. Узоқ масофага аниқ узатмалар йўллайди, майдонни яхши кўра олади, жамоадошларини ўз вақтида топади. Ҳужумга кўп қўшилмайди, асосан шерикларини суғурталашни ўйлайди. Жорий мавсум тўп назорати яхшиланган бўлсада, ҳимоявий кўникмалар етишмаяпти.
БУБАКАР КАМАРА
(22 ёш, «Марсель»)
Шартли Самир Насри ёки ака-ука Айюлардан кейин «Марсель» академиясидан чиққан биринчи кўзга кўринган тарбияланувчи клуб тизимига 2005 йили, 5 ёшида келган, илк ҳаракатларидаёқ тенгдошларидан ажралиб турган. Бубакар «Марсел»даги дебютини 2016 йили нишонлаган, Лига 1даги дастлабки ўйинини эса 2017 йилнинг октябригача кутишига тўғри келган. Даставвал марказий ҳимоячи позициясида ўйнаган, серқирра ўйинчи сифатида танилган. Андре Виллаш-Боаш бош мураббийликни қўлга олгач, Камаранинг роли ўзгарди - таянч чизиғига ўтди ва бунга ҳам кўникди. Пайет ва Товен сингари тажрибали футболчилар ҳам инқирозга юз тутган даврларда қаҳрамонимиз барқарорликка эриша олди, жамоага кўп нафи тегди. Хорхе Сампаоли келганидан кейин ҳам Бубакарнинг кўникмалари йўқолмади, у ҳамон ажойиб ва ишончли ўйин намойиш этмоқда. Камара барча тактик схемаларга мослаша олади. Унинг «Марсел»даги шартномаси якунланмоқда ва келишувни узайтириши амримаҳол, зеро футболчи маоши уч марта ошишини хоҳламоқда. Клуб ҳам ноёб жавоҳирини қўйиб юбормоқчи эмас, агар ЕЧЛ йўлланмаси қўлга киритилса, уни сақлаб қолиш нисбатан осонлашади.
ЖОНАТАН ДЭВИД
(21 ёш, «Лилль»)
Ушбу рўйхатдаги, эҳтимол, энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган футболчи. 21 ёшли ҳужумчига АПЛ грандлари даъвогарлик қилмоқда. У Нью-Йоркда таваллуд топган, ота-онасининг келиб чиқиши Гаитидан бўлганлиги сабаб болалик даври ушбу давлатда ўтган. Унинг Европадан шартнома олиш бўйича дастлабки уринишлари чиппакка чиқди. «Зальцбург» ва «Штутгарт»дан рад жавоби олди, «Гент» эса унга «ҳа» деди. Бельгиядаги икки мавсум давомида 30та гол ва 11та ассист қайд этди. Бундай сермаҳсуллик «Лилль» спорт директори Луиш Кампушнинг эътиборини тортди ва у Дэвидни Франция чемпионатига кўчиб ўтишга кўндирди. Аввалига мослашиш жараёнида қийналган бўлсада, мавсум-2020|2021 финишига 13та гол билан етиб борди. Жорий кампанияда Жонатан 19 ўйинда 12та гол урганини инобатга олсак, аввалги кўрсаткичларини яхшилашига ишониш мумкин. Жарима майдончаси ичида тўғри жой танлайдиган, прессинг ва ўйинни ўқишда фаол бўлган бу футболчи ҳозир Франция чемпионати тўпурарлари пойгасида пешқадамлар сафида. «Лилл»га уни таркибда сақлаб қолиш қийин бўлади, биринчидан, клубга пул керак, иккинчидан, Дэвид ўсишга эришиши лозим.
ЮГО ЭКИТИКЕ
(19 ёш, «Реймс»)
Рўйхатимиздаги энг кам таниш бўлган ва энг ёш футболчи. 19 ёшида Лига 1даги илк мавсумини ўтказган Юго ўзини кўрсатишга улгурди. Экитике - «Реймс» академияси тарбияланувчиси. У тезкор, дуэлларда фаол, ажойиб дриблингга эга. Асосан марказий ҳужумчи позициясида ўйнайди, лекин мураббийлар унга эркин тўп суриш имконини беришади. Бўйи 190 см. бўлишига қарамай, ҳали бирор марта боши билан гол урмади. Юго Килиан Мбаппенинг ўйинидан илҳом олади, француз мутахассислари ушбу футболчилар ўртасида ўхшашлик бор, деб ҳисоблашмоқда. Қаҳрамонимизнинг яна бир ёқимли футболчиси - Карим Бензема. Мавсум бошида Экитикедан нима кутишни ҳеч ким билмасди, қишда эса «Реймс» «Ньюкасл»дан форварднинг трансфери масаласида 35 млн. евролик таклиф олди. Югонинг интизом масаласида муаммолари бор, шу туфайли жорий мавсум икки марта «қизил» олди.
СВЕН БОТМАН
(21 ёш, «Лилль»)
«Аякс»да тарбия топган бу футболчи «Херенвен»га ижарага берилган, «Лилль» уни айнан ўша ердан топганди. Ботман янги жамоасига мослашишда қийинчиликка дуч келмади. Марказий ҳимояда тўп сурадиган Свен баланд бўйи (1,93 см.) эвазига ҳаводаги курашларда анча фаол, паслари аниқ чиқади, рақибларни алдаб ўтишдан чўчимайди. У қўпол ҳимоячи ҳисобланмайди, Франция чемпионатидаги 1,5 мавсуми давомида атиги уч бор огоҳлантирилган. Ўтган йилнинг қишида «Ливерпуль» унга оғиз солганди, аммо «Лилль» футболчисини қўйиб юбормади. Ҳозир унга «Ньюкасл» харидор, «доглар» эса фикрини ўзгартирмоқчи эмас - Свен кетмайди.
МАКСАНС КАКЕРЕ
(21 ёш, «Лион»)
11 ёшида «Лион» тизимида пайдо бўлган Максанс ҳозиргача қандай иқтидор соҳиби эканлигини исботлай олди. Асосий жамоадаги дебютини 2019 йили Франция кубогида ўйинда амалга оширган. Кейинчалик босқичма-босқич ўсишга эришган марказий ярим ҳимоячи жамоада муҳим фигуралардан бирига айланди. Какере узатмалар аниқлиги бўйича «Лион»да энг яхшилардан ҳисобланади. Мавсум-2019|2020дан кейин Максанс янада ишончлироқ ўйин намойиш қила бошлади, ўсишда давом этмоқда. У ҳозир тўғри йўлдан боряпти, клубини алмаштирган тақдирда ҳам ривожланишдан тўхтаб қолмаслиги аниқ. «ПСЖ»га қарши кечган баҳс 21 ёшли футболчининг профессионал фаолиятидаги 75-ўйин бўлди.
АМИН ГУИРИ
(21 ёш, «Ницца»)
Гуири - «Лион» тарбияланувчиси, 10 млн. евро эвазига «Ницца»га ўтганида, бундан кўпчилик ҳайрон бўлганди. Аввалги жамоасида унга «янги Карим Бензема» тахаллусини беришган, академияда эса жавоҳир саналган. Лекин етарли ўйин амалиётига эга бўлмагани сабаб, қадрдон жамоасини тарк этишига тўғри келди. «Ницца»га жамоа мураккаб даврни бошдан кечираётган паллада ўтган Амин мавсум-2020|2021ни 12 гол ва 4 ассист билан якунлади. Бу мавсум Гуири «гол}пас» тизимида 9}4 очко ишлаб улгурди, демак, Лига 1даги рекордини янгилашига умид бор. Амин универсал футболчи, узоқ масофаларга аниқ узатмалар йўллайди, тезкор, дриблинглари яхши чиқади. Ўзи дарвозага зарба йўллаши ёки шеригига аниқ пас бериши эвазига рақибларни қийин аҳволга солади. Фақат... ҳаводаги курашлар борасида бироз ишлашига тўғри келади.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади