Хабарингиз бор, бугун “Навбаҳор” ўз майдонида Қирғизистоннинг “Алай” (Ош) жамоасига қарши халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиб, унда йирик – 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг, меҳмонлар устози Мирлан Эшенов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Аввало ҳаммага салом! Энг аввало, кўрсатилган ажойиб меҳмондорчилик учун “Навбаҳор” ПФКга катта раҳмат айтмоқчиман. Учрашув борасида гапирадиган бўлсам, бугун “Навбаҳор” индивидуал томонлама анча кучли ўйин кўрсатди. Қолаверса, рақибда захира имкониятлари ҳам кенг эди, биз эса ўйинга камроқ футболчилар билан келгандик, бу эса иккинчи бўлимда ўз таъсирини кўрсатди. Лекин барибир, “Навбаҳор” кучлироқ эди ва ҳақли тарзда ғалаба қозонди.
Наманганга яқин жойда эканлигимиз, “Навбаҳор” билан яхши алоқалар ўрнатганимиз ёқимли, албатта. Мунтазам ўртоқлик ўйинлари ўтказилаётганидан мамнунмиз. Ўтган йилнинг ёзида ҳам шу ерда назорат-синов учрашуви ташкил этиб, 0:2 ҳисобида ютқазгандик. Ҳозир жамоамиз янги мавсумга тайёргарлик жараёнини олиб бормоқда. Мазкур ўйин эса футболчиларнинг айни пайтдаги жисмоний ҳолатлари қандайлигини билиб олиш учун менга қўл келди. Мезбонлар анча тезкор ўйин намойиш этишди. Ўтган йили ёздаги жамоа билан ҳозиргисининг таркибини солиштирадиган бўлсам, айни пайтдагиси жуда кучли. Шунингдек, “Навбаҳор” илк дақиқаларданоқ ўйинни шиддатли тарзда бошлаб, олдинга ташланди. Айниқса, наманганликларнинг 9-рақамли футболчиси (Элгужа Григалашвили назарда тутилмоқда) ажойиб намойиш этиб, ҳақиқий европалик футболчи эканлигини исботлаб қўйди.
Менимча, ушбу таркиб билан “Навбаҳор” янги мавсумда бемалол чемпионлик учун кураш олиб боради.
Фурсатдан фойдаланиб, наманганликларга янги мавсумда омад ёр бўлиб, чемпионлик унвони ва ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишига тилакдошман, - деди Мирлан Эшенов.