"Барселона"нинг қарзлари, собиқ президент Хосеп Бартомеу айтганидек, ярим миллиард эмас, 1,35 млрд евро бўлиб чиққан. Бу ҳақда клубнинг ҳозирги расмийлари иштирокида ўтган махсус матбуот анжумида маълум қилинди.
Анжуман клубда ўтказилган ички аудит текширувидан сўнг ташкил этилди. Унда сўз олган амалдаги раҳбар Жоан Лапорта жумладан шундай деган: "Ўрганишлар мобайнида шубҳали амалиётлар аниқланди. Асоссиз пул ўтказмалари, ёлғон асосга эга ва манфаатсиз тўловлар амалга оширилган. Биз самовий қарздорлик мавжуд бўлган иқтисодий вазиятни мерос қилиб олганмиз. Клуб прокуратурага мурожаат қилди. Сосьос жамоамизни бу аянчли ҳолатга олиб келган ҳаракатлар ҳақида билишга ҳақли".
Анжуманда рақамлар ҳақида иқтисодий масалалар бўйича вице-президент Эдуард Ромеу тўхталиб ўтди. "Бартамеу клубнинг қарзлари ярим миллиард бўлиши керак, деб айтган. Амалда қарзлар 1 млрд. 350 миллион евро қийматида. "Барселона" сўнгги икки йилда 600 миллион йўқотган. Бунинг 135 миллион евросигина коронавирус оқибатидаги зарарлардир".
Ўз навбатида Ромеу эндиликда оқибатлар билан курашиш учун кўрилган чоралар ҳақида ҳам айтиб ўтган. Таъқидланишича, ҳозир клуб қисқа муддатли қарзлар эвазига моливий амалиётларни амалга оширмоқда. Бундан ташқари, футболчилар маошидан жами 159 миллион евро қисқартиришга эришилган.
Кейинчалик сўз олган юрист Хауме Кампанер масаланинг ҳуқуқий аспектларига тўхталган. Айтилдики, улар (Бартамеу ва унинг командаси) фаолиятлари даврида ўта манфаатсиз қарорларни кўп қабул қилган. Жуда кўп ўринларда сунъий равишда оширилган, эҳтиёжсиз юзага келтирилган тўлов ва харидлар кузатилган. Клуб имижини яхшилаш каби мақсадларнинг ўзига бир неча миллион ҳаражат қилинган, трансфер чоғи агентлар билан шаффоф бўлмаган келишувлар аниқланган, шартномалар имзолагач учинчи шахсларга 10 миллионгача тўловлар ўтказилган ҳолатлар мавжуд.
Эндиликда суриштирув натижалари Каталония прокуратурасига тақдим этилган.
Ўз навбатида собиқ президент Бартамеу аудит ҳеч қандай янги ва ғайриоддий тафсилотларни тақдим этмаганига ишонмоқда.
Вазиятни кузатиб борамиз.
Ориф Толипов.