Криштиану Роналду - тарихдаги энг буюк спортчилардан бири, 20 йил ичида ўнлаб жаҳон рекордларини ўрнатди, ўзининг бизнес-империясига асос солди. «СЭ» тайёрлаган қуйидаги материал «Манчестер Юнайтед» клуби ва Португалия термаси афсонасининг қаерда ва қандай яшаётгани ҳақида.
У қанча пул ишлаяпти?
Сўнгги маълумотларга кўра, Роналдунинг молиявий аҳволи 1,2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ҳозир фаолиятини давом эттираётган ҳеч бир спортчи бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди. Лионель Мессининг ҳолати бироз камроқ - 1,1 миллиард доллар.
Сўнгги 10 йил мобайнида Роналдунинг йиллик маоши 30 миллион евродан пасаймади. Криш «Реал»да ҳам, «Ювентус»да ҳам шунча олганди, ҳозир «МЮ»да ҳам шундай. Аммо унинг асосий даромади футболдан келмайди. Forbes қайд этишича, 2021 йилда Роналду 125 миллион доллар ишлади: клубдаги маошига турли бонуслар ва реклама шартномалари (қарийб 60 миллион доллар) ҳам қўшилган.
Криштиану энг кўп пулни Nike фирмасидан олади - йилига 23 миллион доллар. Шунингдек, у Clear, EA Sports, PokerStars, Armani, Herbalife ва Castrol билан ҳамкорлик ўрнатган. Кенг кўламли ҳомийлик шартномалари Роналдунинг хусусий лойиҳаларини ривожлантиришига халал бермайди: у CR7 бренди остида эркаклар ички кийими, либослар, пойабзал, кўзойнак ва парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Crunch билан эса, португалиялик фитнес-клублар тизимини йўлга қўйган - бутун дунёда шундай муассасалар сони 15тага етиб улгурган.
Pestana CR7 меҳмонхоналари Роналдуга қўшимча даромад келтиради. Уларнинг даст-лабкиларидан бири Мадейра оролида очилган. Шунингдек, португалияликнинг Нью-Йорк, Марракеш, Лиссабон ва Мадридда меҳмонхоналари бор. Энг қизиқарли тармоқлардан бири - соч экишга ихтисослашган клиники бўлиб, у ҳам Роналду мулклари қаторида зикр этилади.
40 миллионлик кўчмас мулк
The Mirror маълумотларига кўра, Криштиану умумий нархи 40 миллион фунтдан ошадиган 9та кўчмас мулк объект-лари эгаси ҳисобланади. Португалиялик ҳужумчи оиласи билан Манчестер яқинидаги уйида яшайди - хонадоннинг нархи 3,5 миллион евро. Роналду «МЮ» сафига қайтганида, даставвал икки баравар қиммат бўлган ҳашаматли уйга жойлашганди. Лекин дарҳол янги бошпана қидиришга тушди - The Sun қайд этишича, хонадон яқинида ўтлатилган қўйлар галаси тонгда унинг ухлашига халақит қилган. Бошқа маълумотларда эса, Роналду хавфсизлик нуқтаи назаридан кўчиб ўтгани таъкидланган. Криштианунинг янги уйи нисбатан кичикроқ, лекин унда керакли ҳамма нарса бор: ажойиб спортзал, кинотеатр, бир нечта бассейн, тўртта машинага мўлжалланган гараж ва кичик ҳавза. Вилла мунтазам кузатув остида.
Роналду «Реал»ни тарк этганига 4 йил бўлганига қарамай, Мадриднинг элит ҳудудларидан ҳисобланган Ла Финкадаги нархи 5 миллион евролик уйини сотмаган. Ҳовли майдони қарийб бир квадрат километрни ташкил этади. «Бу уйни кўрганимда, тилим калимага айланмай қолганди. Бир сафар ошхонага кираман деб адашиб қолгандим! Ётоқхонага қайтиш учун ярим соат сарфлагандим. Бундай улкан уйга кўникмаганман, ахир болалигимдан митти квартираларда яшаганман», - деганди Криштианунинг қаллиғи «Мен - Жоржина» номли автобиографик фильмда.
Роналдунинг мулклари рўйхатида Нью-Йоркдаги «Трамп минораси»даги хонадон ҳам бор. Гап-сўзларга кўра, бу португалиялик юлдузга тегишли энг қимматбаҳо объект ҳисобланади. Криштиану уйни 2015 йили 18,5 миллион доллар эвазига сотиб олган. Люкс тоифасидаги апартаментларда учта ётоқхона, иккита меҳмонхона ва бир нечта ваннахоналар бор, лекин энг асосийси - деразадан кўзга ташланиб турадиган Нью-Йоркнинг ажойиб кўриниши. 2021 йили Роналду квартирани нисбатан анча арзон нархда (қарийб 8 миллион доллар) сотувга қўйди.
Ўз юртида Криштианунинг «Мадейра» номли 7 қаватли турар-жой мажмуаси бор, у ерда футболчининг қариндошлари яшашади. «Мадейра»нинг нархи - 7 миллион фунт. Португалиялик юлдуз Марбельяда дам олиш учун уй харид қилган. Қўшни вилла Конор Макгрегорга тегишли. Шунингдек, «Ювентус»да ўйнаётган кезлари Туринда ҳам уй сотиб олган. Криштианунинг яна иккита квартираси Лиссабонда жойлашган. 2019 йили Роналду, баъзи маълумотларга кўра, Португалия шимолидаги уйини «Реал»даги собиқ шериги Пепега сотган экан. Аммо ҳужжатларда хонадон ҳамон Криштиануга тегишли эканлиги қайд этилган.
Роналдунинг пуллари эвазига қад ростлаётган энг эътиборга молик иншоот - Португалия-да, Атлантика океани соҳилида кексалар учун қурилаётган уй бўлиб, режага кўра, у 2025 йилда фойдаланишга топширилади. ОАВда бу борада турлича фикрлар янграмоқда: кимдир бу Криштианунинг инвестицияси эканлигини айтса, бошқалар португалиялик фаолиятини якунлаганидан сўнг ўша ерга кўчиб ўтишини таъкидлашмоқда. Уй қуриб битказилган пайт Роналду 40 ёшда бўлади.
Жоржинанинг ҳаёти ҳам ўзгарди
2010-2015 йиллар давомида россиялик модель Ирина Шейк билан ишқий муносабатда бўлган Криштиану бир йил ўтиб, испаниялик Жоржина Родригес билан учрашишни бошлади. Жуфтлик илк бор танишганларида, Жоржина Gucci бутигида сотувчи бўлиб ишларди. «Ишга автобусда борардим, ортга эса Bugatti автомобилида қайтардим. Бунга узоқ вақт кўниколмагандим», - дейди Родригес.
Жоржина Роналдунинг қаллиғига айлангач, унга йирик брендлар эътибор қаратишни бошлашди. Ҳозир Родригеснинг бир нечта реклама шартномалари бор, «Инстаграм»даги саҳифасида деярли 30 миллион обуначига эга.
Роналду ва Жоржинанинг биргина умумий фарзандлари бор - қизалоқ Алана Мартина. Тез орада оила аъзолари сафи янада кенгаяди. Октябрь ойи охирида жуфтлик эгизак фарзанд кутишаётгани аниқ бўлганди. Португалияликнинг яна уч фарзанди бор: кичик Криштиану (онаси номаълум) ва суррогат онадан эгизаклар - ўғли Матео ва қизи Ева.
Кичик Криштиану «МЮ» тизимида тарбияланмоқда, ўсмирлар жамоасида ўйнайди. Унинг клубдоши - Кай Руни, Манчестерда Роналду билан бирга порлаган афсонавий Уэйн Рунининг ўғли.
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади