"Реал Мадрид" ўтган ёзда бир вақтнинг ўзида иккита асосий ҳимоячиси Серхио Рамос ва Рафаэль Варан билан хайрлашди. Бу жамоанинг мавсум бошидаги ўйинларига бироз таъсир қилиши мумкинлиги тахмин қилинганди. Бироқ, “қаймоқранглилар” тезда ҳимоя марказидаги камчиликни тўлдиришга эришди. Аммо, мадридликлар сафидан кетган футболчилар ҳалигача янги жамоаларида ўз ўрнини топа олишмади.
Варан - Рамос: марказий ҳимоячиларнинг энг яхши жуфтлиги
Ўз терма жамоалари билан жаҳон чемпиони бўлган испан ва франциялик футболчи сўнгги йилларда "Реал Мадрид"да кучли жуфтлик шакллантириб, дунёдаги энг кучли марказий ҳимоячилар тандемидан бирига айланишди.
Рамос "Реал Мадрид"га Варандан олти йил олдин келган. Улар Мадрид жамоасида биргаликда ўн мавсумни ўтказишди. Дастлаб, ёш франциялик ҳимоячи мадридликларнинг футболчиси Пепе билан асосий таркибдан жой олиш учун курашди. “Қаймоқранглилар” бошқарувига Зинедин Зидан келгач, француз футболчиси жамоа асосий таркибнинг ажралмас бўлагиги айланди. Кейинроқ Варан ва Рамос тандеми беш йил давомида ажойиб ўйин намойиш этишди.
"Реал Мадрид" таркибида икки футболчи биргаликда учта мамлакат чемпионлиги (француз келгунига қадар испанияликда иккита чемпионлик бор эди), тўртта Чемпионлар лигаси, учта УЕФА Суперкубоги, тўртта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, шунингдек, Испания кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди. Гарчи узоқ вақт давомида "қаймоқранглилар"нинг асосий юлдузи Криштиану Роналду бўлса-да, Рамос, ўз навбатида, "қироллик клуби"нинг рамзи, ҳар доим охиригача курашишга ва ёрдам беришга тайёр бўлган ҳақиқий сардор деб ҳисобланарди.
Айниқса, 2014 йилги Чемпионлар лигаси финалидаги "Атлетико"га қарши кечган ўйинда, унинг сўнгги дақиқаларда киритган голи ўйиннинг қўшимча бўлимларига ўтишига ва принципиал рақибни янада мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритишга имкон берган.
Иккала футболчи ҳам бирданига жамоани тарк этиши, бу — катта муаммо
Бироқ, Рамоснинг "Реал Мадрид"даги сўнгги йили жуда ҳам ачинарли бўлди.Чунки, томонлар мавсум охирида якунига етадиган шартнома бўйича келиша олмади ва натижада Серхио "ПСЖ"га эркин агент мақомида қўшилди.
"Реал Мадрид" президенти Флорентино Перес бу воқеа ҳақида шундай деди:
"Серхио Рамос билан хайрлашиш мен учун жуда қийин бўлди. Уни ўғлимдек яхши кўраман. Бу воқеа содир бўлганидан жуда афсусдаман. Биз унга 2022 йилгача шартнома таклиф қилдик ва бу таклифнинг маълум муддати борлигини айтдик. Лекин, у келишилган санадан олдин бизнинг шартларимизни қабул қилмади. У нима учун бундай қилганини билмайман. Ишончим комилки, у вазиятни яхши тушунди. “Реал Мадрид”унинг уйи ва Рамос қачондир бу ерга қайтиб келиши мумкин. Биз ҳар доим унга хуш келибсан, деб айтамиз”.
Аммо, "Реал Мадрид" бу билан тўхтаб қолмади ва ўша ёзда "Манчестер Юнайтед"га 50 миллион евро эвазига яна бир асосий таркиб ҳимоячиси Рафаэль Варанни ҳам сотиб юборди.
Маълум бўлишича, икки асосий ўйинчи билан хайрлашиш, Мадрид клуби раҳбарининг келажакда "ПСЖ" ҳужумчиси Килиан Мбаппени сотиб олиш учун маблағ йиғиш режасининг бир қисми бўлган. Клуб Рамоснинг катта маошидан пул тежашга муваффақ бўлди, шунингдек, Вараннинг трансферидан ҳам яхшигина пул ишлаб топди.
Рамос ва Варансиз "Реал" қандай аҳволда?
Мадрид клуби “Бавария”ни эркин агент сифатида тарк этган ҳимоячи Давид Алабани қўлга киритишга муваффақ бўлди. Австриялик “қаймоқранглилар” таркибига узоқ йиллардан буён юқори савияда ўйнаб келаётган профессионал, яхши тўп узата оладиган, ҳимоя марказида ҳам, чап қанотда ҳам ўйнай оладиган футболчи сифатида қўшилди.
Қолаверса, ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида Рамос ва Варан тез-тез жароҳат туфайли майдонга туша олмаганларида, уларнинг ўрнинитўлдирган Эдер Милитао ҳам ўйнамоқда. Бразилиялик ҳимоячи жорий мавсумда ишончли тарзда ўйин кўрсатмоқдава жамоанинг асосий таркиб футболчисигаайланди. Бош мураббий Карло Анчелотти шогирдининг ўйинидан мамнун ва ҳаттоки, футболчини Рамос каби муваффақиятга эриша олишини айтади.
Жорий мавсумда Милитао ва Алаба ҳимоя марказининг асосий қисмига айланишди. Улар "Реал" сафида барча турнирларда 30 дан ортиқ ўйин ўтказишди, биринчисида иккита гол ва битта голли узатма бўлса, иккинчисида иккита гол ва тўртта голли узатма муаллифига айланган.
Карло Анчелотти мураббийликка қайтганидан сўнг, "Реал Мадрид" чемпионлик учун ишончли тарзда кураш олиб бормоқда. Ҳозирда улар Ла Лига турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда ва энг яқин таъқибчиси "Севилья"дан 4 очко олдинда бормоқда. Айни пайтда мадридликлар ўтказиб юборилган ва киритган голлар бўйича +28 натижасини қайд этмоқда.
Чемпионлар лигасида ҳам “Реал” “Интер”, “Шериф” ва “Шахтёр” билан бир гуруҳдан жой олди ва рақиблари устидан ишончли тарзда ғалаба қозониб, олтита ўйинда бор-йўғи учта гол ўтказиб юборди.
"Реал"сиз Рамос ва Варан қандай ҳолатда?
Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида “қироллик клуби” “ПСЖ” билан учрашади. Серхио Рамос ўзининг собиқ жамоаси билан тўқнаш келиши мумкин, бироқ футболчи бугунги ўйинни ўтказиб юборади.
Ҳа, испанияликнинг Париж клубидаги фаолияти яхши эмас. У “ПСЖ” лагерига кўчиб ўтгандан сўнг, дебютини жароҳат туфайли ўтказиб юборди.У ўзининг биринчи ўйинини ўтган йилнинг ноябр ойининг охирида ўтказди ва шу пайтгача атиги бешта учрашувда қатнашиб, битта гол уришга муваффақ бўлди.
Мадридликларнинг яна бир собиқ футболчиси Вараннинг "Манчестер Юнайтед"даги ишлари бироз яхшироқ, аммо... Аммо, Рафаэль ҳам жароҳати туфайли доимий равишда ўйинларда тушмаяпти. У ҳозиргача 19 та ўйинда майдонга тушди.
Варан янги чемпионатда ўйнаш истагида "Манчестер Юнайтед"нинг таклифини қабул қилди, шунинг учун унинг ҳаракатини асосли деб ҳисоблаш мумкин. Рамос эса эртами кечми “Реал”ни тарк этган бўларди. 35 ёшли футболчи шартномасини узайтирган тақдирда ҳам мадридликлар сафида узоқ вақт қолиши даргумон эди. “Қироллик клуби” ҳимоя чизиғининг икки асосий футболчиси билан хайрлашишга қарор қилди ва уларнинг кетиши бошқа ўйинчилар учун имкониятлар эшигини очиб берди.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.