Мавсумнинг энг аҳмоқона қизил карточкаси - «Арсенал» вакили атиги 2 сонияда 2 марта огоҳлантирилди. АПЛ 24-туридан ўрин олган «Вулверхэмптон» - «Арсенал» ўйини 69-дақиқагача анча зерикарли кечди: минимал даражада хавфли вазиятлар, бурчак зарбасидан кейин урилган ягона гол...
Айни шу паллада «канонирлар»нинг бразилиялик ҳужумчиси Габриэль Мартинелли учрашувга қўшимча ранг бағишлади. У атиги бир неча сония оралиғида икки марта сариқ карточкага тортадиган даражада қоида бузди. Оқибатда майдонни муддатидан анча эрта тарк этти.
Габриэль Мартинелли аввалига майдоннинг рақиб жамоага тегишли ярмида Даниэль Поденсени қўли билан туртиб юборди. Кейинги лаҳзада эса Таварешга нисбатан қўполлик қилди. Бош ҳакам Майкл Оливер эса ҳар икки ҳолат учун бразилияликни сариқ карточка билан «сийлади»: 1-сонияда - Поденсега нисбатан қўполлик учун (кечиктирилган «фол»), 2-сонияда - рақибни туртгани учун.
Тезкор икки «сариқ» учун қандайдир мукофот таъсис этилса, 20 ёшли ҳужумчига фақат Рауль Хименес бироз рақобат тақдим этиши мумкин. У АПЛ 16-тури доирасидаги «Манчестер Сити» - «Вулвз» баҳсида 2та сариқ карточка олиш учун 48 сония сарфлаганди. Демакки, «бўрилар»нинг мексикалик ҳужумчиси ҳам бу борада Марнинелли олдига тушолмайди.
«Вулверхэмптон»га қарши учрашувдан сўнг «Арсенал»нинг 2022 йилги статистикаси даҳшатли кўриниш олди: 6та ўйин, 2та гол ва 4та (!!!) қизил карточка. Яъни Мартинеллигача Габриэль Паулиста, Гранит Жака ва Томас Парти ҳам «қизил» олишганди. Афтидан, жамоа бош мураббийи Микель Артета бу ҳолатда ожиз. «Ҳар доим шогирдларимни ҳимоя қилишим керак. Аммо бундай статистика билан уларни талаб даражасида қўллаб-қувватлашим тобора қийинлашмоқда. Мартинеллининг хатти-ҳаракатига келсак, кўп йиллардан буён Англиядаман, аммо бунақасини илк марта кўряпман», - деди испаниялик мутахассис учрашувдан сўнг.