«Нефтчи» жамоасининг ОФК Кубогидаги ўйини муносабати билан фарғоналикларни 3-турда «Насаф»га қарши учрашуви бошқа муддатга қолдирилди. Шу боис Рўзиқул Бердиев шогирдлари бу турда дам олдилар. Маълумки, қаршиликлар Чемпионлар лигасида Қатарга сафар қилиб «Ар-Райян» клубига 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Бу мағлубият натижасида «Насаф» ўз гуруҳида сўнгги поғонага тушиб қолди. Қатардаги мағлубият сабабини билиш мақсадида жамоанинг сербиялик ҳимоячиси Боян Малишич билан суҳбатлашдик.
— Боян, Чемпионлар лигасининг 3-турида Қатардан мағлубият билан қайтдинглар. «Ар-Райян»га ниманинг ҳисобига ўйин бой берилди?
— «Ар-Райян»га қарши учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик. Лекин бу сафар яратилган имкониятлардан фойдалана олмаганимиз панд берди. Ёдингизда бўлса, 1-турда «Ал Жазира» билан бўлган ўйинларда ҳам жуда кўп вазиятларни яратгандик. Аммо имкониятлардан самарали фойдалана олмаганимиз боис якунда мағлубиятга учрагандик. Эронда «Истиқлол»га қарши баҳсда фақат ҳимояда ўйнамадик. Ўйин давомида бир қатор голли вазиятларни юзага келтирдик. Кўрган бўлсангиз, «Ал Райян» билан ўйинда мезбонлардан қолишганимиз йўқ. Рақиб дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятларни яратган бўлсак-да, булардан унумли фойдалана олмадик. Масалан, ҳисобни тенглаштирганимиздан кейин ҳам яна 2-3та гол уришимиз мумкин эди. Бироқ якуний зарбани беришда яна омадимиз чопмади. Шуни аниқ айта оламанки, Қатарда мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмагандик. Бу — футбол ва унда ўйин бошқача, натижа эса умуман бошқа бўлиши мумкин.
— Ҳисоб 1:1 бўлганидан сўнг «Насаф»нинг ўйини сустлашдими ёки мезбонлар кучайишдими?
— Йўқ, биз ўйин темпини пасайтирмадик. Шомуродов ҳисобни тенглаштирганидан кейин яна гол уришга ҳаракат қилиб олдинга ташландик. Бунинг натижасида мезбонлар бизни қарши ҳужумларда жазолашди. Рақиб ўйинчисини эътиборсиз қолдиришимиз оқибатида дарвозамизга иккинчи тўп киритилди. Ундан кейин учинчи гол.
— «Ар-Райян»нинг олдинги чизиғида бразилиялик уч нафар футболчи — Афонсо Алвеш, Леандро Сильва ва Родриго Табата фаоллик кўрсатишди. Бу борада нима дейсиз?
— Улар яхши савиядаги футболчилар. «Ар-Райян»нинг ғалабасида бу ўйинчиларнинг ҳиссаси катта бўлди. Лекин бизнинг футболчилар ҳам улардан қолишмайди. Мезбонлар фақат яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишди холос.
— Гуруҳ баҳсларида учала рақиб билан куч синашиб кўрдинглар. Буларнинг орасида қайси жамоани кучли деб ҳисоблайсиз?
— Шахсан мен учун «Истиқлол» клуби кучли кўринди. Гарчи, Эронда дуранг ўйнаган бўлсак-да, «Истиқлол» футболчилари юқор савияда тўп суришди. Жамоанинг ҳар бир чизиғида моҳир ўйинчилар борлигини таъкидлаш жоиз. Мана шундай рақиб билан сафарда дуранг қайд этишимиз, биз учун катта натижадир.
— Биринчи даврадан кейин «Насаф» атиги бир очко жамғарди холос. Бу билан гуруҳдан чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
— Ҳозирча ҳисобимизда бир очко бўлишига қарамай, бизда ҳали имконият бор. Чунки иккинчи даврада ўз майдонимизда «Истиқлол» ва «Ал Райян» жамоаларини қабул қиламиз. Албатта, ўз майдонингда ва мухлислар қаршисида тўп суриш қўшимча куч бағишлайди. Қолаверса, сафарда «Ал Жазира» билан куч синашиб мағлубият ўчини олишга ҳам ҳаракат қиламиз. Асосийси, Чемпионлар лигасида ёмон ўйин кўрсатмаяпмиз ва кейинги учрашувларда ижобий натижалар қайд этган ҳолда гуруҳдан чиқишимизга ишонаман.
— ОФК Кубоги турнири билан Чемпионлар лигаси ўртасида фарқ катта. Буни жамоангиз мисолида ҳам кўриб турибмиз. Бунга нима дейсиз?
— Албатта, бу турнирлар ўртасида катта тафовут бор. Чемпионлар лигасида иштирок этаётган барча клубларнинг савияси юқори. Албатта, ОФК Кубогида ҳам жамоалар савияси ёмон эмас. Мисол учун, ўтган йили биз «Ал Қувайт», «Ал Файсали», «Ал Виҳдат» сингари кучли рақиблар билан ўйнаганмиз. Лекин Чемпионлар лигаси барибир бошқача. Бу турнирда ҳар бир учрашув ўзига яраша оғир ўтади.
— Анатолий Демяненко «Насаф»дан кетганидан сўнг жамоанинг ўйинида қандайдир ўзгаришлар бўлдими?
— Менга ҳеч қандай ўзгариш сезилмади. Демьяненко тажрибали мутахассис. У ўтган йили жамоага катта ютуқларни келтирди. «Насаф» ўз тарихида биринчи марта ОФК Кубоги соҳиби бўлди. Шунингдек, чемпионатда кумуш медални қўлга киритди. Демяненконинг ишини Рўзиқул Бердиев ёмон давом эттирмаяпти. Мураббийимиз ёш бўлишига қарамай, ижобий натижалар кўрсатишига шубҳа қилмайман.
— «Насаф»да иккинчи мавсумни ўтказяпсиз. Бу йилги чемпионатимиз сиз учун қандай ўтяпти?
— Чемпионат қизиқарли бошланди. Шуни айтишим мумкинки, етакчи жамоалар учун мавсум осон ўтмайди. Чунки ўтган йилга қараганда жамоаларни савияси ошди. Аммо ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган жамоа ҳар бир ўйинда ғалаба қозониши керак.
— Бошқа жамоа ўтиб кетган Лутфулла Тўраев билан Артём Филипосяннинг ўрни қай даражада сезиляпти?
— Жамоамизда уларнинг ўрнини боса оладиган кўплаб футболчилар бор. Албатта, Тўраев ва Филипосян яхши савиядаги ўйинчилардир. Бу футболчилар бизга етишмаяпти дейишнинг энди фойдаси йўқ. Боиси улар айни пайтда бошқа жамоа шарафини ҳимоя қилишмоқда. Қолаверса, жамоамиз ҳозирда ҳам ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Мана чемпионатни муваффақиятли бошлаб, «Динамо» ва «Локомотив»ни сафарда мағлубиятга учрата олдик. Ўйлайманки, ҳозирги таркибимиз ҳам кўп нарсага қодир.
— Чемпионатнинг навбатдаги учрашувида «Пахтакор» билан куч синашасизлар.
— «Пахтакор» билан ўтган йилги ўйинларимиз ҳам муросасиз кечган. Бу жамоага қарши ўйин осон ўтмайди. «Пахтакор» кучли рақиб ва бу клубни хорижлик мутахассис бошқармоқда. Ўйлайманки, 12 апрель куни Тошкентда бўладиган учрашув анча қизиқарли ўтади.
— «Пахтакор»ни бошқараётган ҳамюртингиз Деян Журжевич билан танишмисиз?
— Ҳа, бу мураббийни яхши биламан. У Сербияда етакчи клубларни бошқарган. Аммо мен Журжевич охирги марта бундан беш йил аввал кўришганман. Журжевич яхши савиядаги мураббий ва у «Пахтакор»ни муваффақиятли бошқара олади деб ўйлайман.
— Ўтган йили «Насаф» билан ОФК Кубогида зафар қучдингиз. Шунингдек чемпионатда кумуш медали билан тақдирландингиз. Фаолиятингиздаги бу дастлабки совринларми?
— Ҳа, мени қўлга киритган бу биринчи мукофотларимдир. Илгари ҳеч қачон бирорта совринни ютмаганман. «Насаф»га келиб мен ютуқларга эришдим. Бу эса фаолиятимдаги унутилмас дамлардир.
— Бу мавсумда «Насаф» билан нималарни ютишни мақсад қилгансиз?
— Биринчи навбатда Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқишни олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз. Миллий чемпионатда эса бу йил олтин медалларни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Умуман, бу йил ҳам бирорта совринни қилга киритмоқчиман.
Бобурбек ТУРСУНОВ суҳбатлашди.