"Барселона" ҳимоячи Рональд Араухо билан шартномани узайтириш борасида музокаралар олиб бормоқда, деб хабар беради Diario Sport.
Манбага кўра, 22 ёшли уругвайлик футболчи билан шартномани узайтириш Каталония клуби учун устувор вазифа ҳисобланади.
Қайд этилишича, “Барселона” ҳимоячига биринчи таклифни билдирган, бироқ ҳозирча шартнома имзоланмаган.
Дастлаб каталонияликлар Араухога йилига уч миллион евро таклиф қилишган, аммо бу шартлар унга мос келмади. У ўзини кўпроғига лойиқ деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, футболчи ҳали ҳам клуб билан шартномани узайтирмоқчи.
Уругвай терма жамоаси аъзоси жорий мавсумда “Барса” сафида 26 та ўйинда майдонга тушди ва 3 та гол урди. Ҳимоячининг клуб билан шартномаси 2023 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.