Ёдингизда бўлса 2009 йилги Осиё чемпионлар Лигасининг битта ўйиндан иборат нимчорак финалида Теҳрондаги "Озодий" стадионида маҳаллий "Персеполис" ва Тошкентнинг "Бунёдкор" клублари учрашишган ва Ривалдонинг 42-дақиқада пенальтидан киритган голи учрашув тақдирини ҳал қилган эди.
Ўша учрашувни стадионда бевосита 95 минг 225 томошабин кузатган ва бу рақам ҳанузгача ОЧЛ доирасида ўтказилган учрашувларда энг кўп мухлис ташриф буюрган ўйин сифатида қайд этиб келинаёттган эди.
Бу оқшом ана шу рақам янгиланди. Яна "Озодий" стадионида. Яна "Персеполис" ўйинида!
Эътиборлиси, бу расмий учрашувда ўзбек футболи вакиллари ҳам қатнашишди. Равшан Эрматов бригадаси бошқарган ОЧЛ-2012 "D" гуруҳининг 4-тури доирасида ўтган "Персеполис" ва Қатарнинг "Ал-Ғаррафа" клублари ўртасидаги учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Али Каримий 84-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг биринчиси бошланганда Лоуренс жуда чиройли комбинация натижасида зарбавий позицияга чиқарилди ва у кучли зарб билан ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
Ўйинни эса 96 минг 200 томошабин бевосита "Озодий" ўйингоҳида кузатишди. Ёдлаб қолинг: 96 минг 200 томошабин!