Ўтган мавсумда "Бухоро" жамоасида украиналик Роман Романчук тўп сурди. Аммо у ушбу мавсумда ўз ватанига қайтиб кетди ва негадир ҳеч бир жамоа сафида "заявка"дан ўта олмади. Шунинг учун мазкур ўйинчи мустақил шуғулланиб турибди. Football.ua сайтига берган интервьюсида Романчук Ўзбекистондаги фаолиятига ҳам тўхталган.
— Роман, сиз шу кунгача 4та миллий чемпионатда тўп суришга улгурдингиз. "Бухоро" билан хайрлашганингиздан кейин яна хорижга кетишни режалаштиряпсизми?
— Умуман, ўз ўйимга яқинроқ жойда ўйнашни истардим. Айнан шу сабабга кўра Ўзбекистонда қолмадим. Қишда "Гурник" сафида шуғулландим, аммо иш шартнома имзоланишигача етиб бормади. Бошқа вариантларни кўриб чиқишга эса кеч қолдим.
— "Бухоро" вариантини танлашингизга нима сабаб бўлганди?
— Ўзбекистон футбол кўтарилиш даврини бошидан кечирмоқда. Молиявий томонлама ҳам клубларнинг аҳволи ёмон эмас. Табиийки, Лиганинг ўзи ҳам бой ва қизиқарли.
— Ўзбекистондан қандай таассуротлар қолди?
— У ерда мухлислар стадионда боришади. Ёши катта кишилар иттифоқ пайтидаги — футбол бўлган кунлари шаҳарлардаги корхона ва ташкилотларда иш тўхтаб қолган даврларни эслашни яхши кўришади. Мухлисларнинг футболга бўлган муносабати Ўзбекистонда ана шундай! Литва ва Латвиядаги 2-3 минг кишилик мухлислардан кейин Бухородаги мухлислар билан лиқ тўлган стадионда ўйнаш ёқимли бўлди, албатта. Ўйинларимизга 20 мингдан ортиқ мухлислар келишарди.
— Ҳа, Александр Тарасенко сайтимизга берган интервьюси чоғида, "Бухоро"нинг уй учрашувлари худди Чемпионлар лигаси учрашувига айланиб кетаркан — стадион тўлаб-тошаркан.
— Ҳа-ҳа, худди шундай. Умуман олганда, мен ўйнаган пайт Ўзбекистонда футболнинг кўтарилиш даврига тўғри келди. Сколари ва Ривалдо кетган бўлса-да, чемпионат савияси паст эмасди. Биз "Бунёдкор", "Насаф" ва "Пахтакор" билан тўқнаш келдик. Бу жамоалар ростдан ҳам кучли. Улар билан ўйинларда дуранг ўйнаган пайтларимиз бўлди, мағлубиятга учраган бўлсак-да, муносиб қаршилик кўрсатдик. Дарвоқе, мен ОФК кубогининг бўлажак ғолиби дарвозасига гол уришга муваффақ бўлдим.
— Демьяненко ҳамюртининг "салом"ига қандай алик олди?
— Мен у билан таниш эмасман... Дима Козаченко ("Насаф" дарвозабони) билан эса гаплашдим.
— Мавсум якунларига кўра жамоангиз мусобақа жадвалининг ўрта поғоналарини банд этди. Олий лига дебютанти учун бу ёмон натижа бўлмаса керак. Жамоада қолишингиз ҳам мумкинмиди?
— У ерда мураббий ўзгарди ва менинг шартномам ҳам якунланди. Кейин эса мен бошқа вариантларни кўриб чиқа бошладим.