Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Отабек Ғуломхўжаев: «Бекободда барча ишлар тўғри йўлга қўйилган»

Баҳо:
+ | -

Бекободнинг “Металлург U-21” жамоаси Ўзбекистон биринчилигида яхши старт олди. Жамоа ўтган йилги биринчилик ғолиби – АГМК билан ўйинда 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, дурангга эришди. 2-турда эса мамлакатимизнинг энг яхши футбол академиясига эга “Насаф” футбол клуби ёшларини Қаршида 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб қайтди. Дастлабки икки туридан кейин 4 очко жамғарган Отабек Ғуломхўжаев шогирдлари биринчиликда пешқадамлар сафида бормоқда. Қарши сафаридан кейин биз “Металлург U-21” жамоаси устози Отабек Ғуломхўжаев билан дастлабки икки тур хулосалари, имкониятлар ва мавсум режалари мавзусида суҳбатлашдик.

— Отабек, аввало Сизни ва шогирдларингизни мавсумдаги биринчи ғалаба билан табриклаймиз. Биринчиликнинг эндигина иккита тури ортда қолди. Бутун мавсум олдинда. Шундай бўлса-да, мамлакатимизнинг икки етакчи клуби ўринбосарларига қарши ўйинлар қандайдир хулоса чиқариш учун етарли бўлдими?
— Табрик учун раҳмат. Тўғриси иккита ўйин билан хулоса чиқариш жуда қийин. Аммо шу нарсани айтиш керакки, мавсум олди тайёргарлик жараёнидаги ҳамда дастлабки икки турдаги йигитларимизнинг шиддати, ижобий натижа учун интилиши, ғайрати биз мураббийларни жуда хурсанд қилди. Мавсум арафасида клубимиз раҳбарияти жамоани шакллантириш учун барча зарур шароитларни яратиб берганди. Қўл остимизга келган номзодларни ТФА кубогида қатнашиб кўздан кечирдик. Жамоамизга лойиқ деб хулосага келганларимизни олиб қолдик. Жамоа ўйинини шакллантириб бордик. Бу эса АГМК ва “Насаф” жамоасига қарши ўйинларда асқотди.

— АГМК ёшлари ўтган мавсум мамлакат биринчилигининг ғолиби бўлганди. Аъзам Шерғозиев жамоасининг чемпион таркиби деярли ўзгармаган. Мавсумни шундай кучли рақибга қарши бошлаш осон кечмагандир...
— Тўғри айтасиз, биринчи турдаги рақибимиз жуда жиддий эди. Бундан ташқари Тошкент вилояти кичик дербиси деган мақоми бор эди, ўйинимизнинг. Клубимизда U-21 ҳамда U-18 жамоалари бевосита бош мураббийимиз Луисма Эрнандеснинг назорати остида туради. Барча амалга ошираётган ишларимизни у назорат қилиб, кузатиб боради. Керакли кўрсатма ва топшириқлар бериб боради. Жамоанинг ҳолатидан бохабар ҳолда Эрнандес ҳафталик машғулотлар циклигача  тасдиқлаб беради. АГМК билан ўйин арафасида ҳам у билан маслаҳатлашган ҳолда шогирдларни шуғуллантирдик. Таркибни ишлаб чиқдик. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Суперлиганинг аксарият ёшлар жамоаси икки-уч йиллик ўйин амалиётига эга, шаклланиб улгурган коллективлардир. Бизда эса ўтган йилги таркибдан бармоқ билан санарли даражада оз ўйинчилар қолди. Бу йил U-21 жамоамизга 2003, 2004 ва ҳатто 2005 йилги болаларни қабул қилдик. Бундай ёшлар билан эса чемпион жамоага қарши ўйнаш осон кечмади. Кузатган бўлсангиз, айнан футболчиларимизнинг ёшлиги, бироз тажрибасизлига ҳамда ҳаяжони эвазига ўйин давомида 0:2 ҳисобида ортда қола бошладик. Аммо танаффусда уларни руҳлантира оладиган гапларни топа олдик. Иккинчи таймда ўйинни буткул ўзгартириб юбордик. Бизда тўпни ўзида яхши олиб юрадиган, масъулиятни зиммасига ола биладиган Шаҳзод Неъматжонов, Далер Шарипов сингари истеъдодли ўйинчиларимиз бор. Уларнинг ёнига эса бош мураббийимиз томонидан асосий таркибда ўйин амалиётига эга бўлмаётган бир икки нафар тажрибали ўйинчиларни қўшиб, дастлабки икки турда ижобий натижаларни қўлга киритдик. АГМК билан ўйинда нафақат ҳисобни тенглаштиришга эришдик, ҳатто ютиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Учрашув охирига келганда бир қатор яратилган вазиятларни голга айлантирганимизда, уч очколик бўлармидик?

— Иккинчи турдаги рақиб “Насаф” билан ўйин ҳақида нималар дея оласиз? Ниманинг эвазига кучли рақиб сафарда мағлубиятга учратилди?
— “Насаф”нинг кучи ва салоҳиятига ортиқча тўхталиб ўтириш жоиз, деб ўйламайман. Мамлакатимизда бугунги кунда истеъдодларни етиштириб беришда “Насаф” академияси яққол пешқадам. Рўзиқул Бердиев ҳар йили асосий таркибни ўз академияси тарбияланувчилари эвазига бойитиб, кучайтириб бораётганини барча яхши билади. Шу сабабдан ҳам ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўрдик. “Насаф”нинг “Навбаҳор”га қарши сафар ўйини тасмасини ўргандик. Мазкур учрашувда қаршиликлар Наманганда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. Қаршидаги ўйинимизни ҳимоядан ташкил этдик. Имконият бўлганда қарши ҳужумлар билан майдон эгаларини ортга чекинишга мажбур этиб турдик. Ўйин жуда оғир кечди. Биринчи таймда майдон эгалари пенальтидан унумли фойдаланганида, эҳтимол уч очкони қўлга кирита олмаган бўлардик. Аммо ҳаммаси биз учун кўнгилли якунланди. Иккинчи таймда бир қатор ўзгаришларни амалга оширдик. Тартибли ҳимояландик. Қарши ҳужумларда фаолликка эришдик. Юқори темпни сақлаб турдик. Мезбонларни ҳимояда хатога йўл қўйишга мажбур этдик ва пенальти ишладик. Стандарт вазиятдан сардоримиз Фаррухбек Ҳожибеков унумли фойдаланди ва жамоамизга мавсумдаги биринчи ғалабани тақдим этди.

— “Насаф”га қарши учрашувда айнан ушбу клуб тарбияланувчилари бўлган ака ука Хайруллаев, дарвозабон Сайётовларнинг хизматидан ҳам фойдаландингиз. Уларнинг ўйини ҳақида нималар дея оласиз?
— Мавсум арафасида жамоамиз таркибини Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига номзод Равшан ҳамда Алишер Хайруллаев ва Ҳумоюншоҳ Сайётов сингари иқтидорли ўйинчилар билан кучайтириб олганимиздан хурсандман. “Насаф” академияси тарбияланувчилари собиқ жамоадошларига қарши ўйинда ўзларининг ижобий хислатларини кўрсатишиб, танловимизнинг қанчалик тўғри бўлганлигини яна бир марта исботлашди. Албатта бу йилдан таркибимизга қўшилган футболчиларнинг янги жамоага мослашиб кетишлари учун бироз вақт керак. Қолаверса, собиқ жамоадошларга қарши ўйиннинг ўзгача босими бўлади. Биринчи таймда ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаган Равшанни майдонга туширдик. Иккинчи таймда эса Алишернинг хизматларидан фойдаландик. Уларнинг ҳар иккаласида, қолаверса жамоамизнинг қолган ўйинчиларида ҳам кучли рақибга қарши сафар ўйини ҳаяжони кузатилди. Шундай лаҳзаларда Владимир Вагин, Ҳакимхон Аламхонов сингари тажрибали ўйинчиларимизнинг таркибимизда борлиги қўл келди. Улар майдонда ёш жамоадошларига керакли кўрсатма ва маслаҳатларини бериб туришди. Ҳумоюншоҳ эса коллективга жуда тез мослашиб ва киришиб кетди, десам янглишмайман.

— Отабек, Сиз Ўзбекистон U-19 терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлагансиз. Деярли барча клубларимизда ёшлар тарбиясига қандай эътибор берилаётганлигини ўз кўзингиз билан бориб, жойларда кўргансиз. “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Андижон” ва “Навбаҳор” футбол клубларида бевосита ишлагансиз. Мана энди Бекободдасиз? Аввал меҳнат қилган клубларингиз ва ҳозиргисидаги шароитларни қиёслай оласизми?
— Мамлакатимиздаги барча клубларда бўлганман, ёшларни саралаш ишлари бўйича. Ишлаган клубларимнинг ўзига хос томонлари бўлган. Аммо мамнуният билан қайд этишим керак, “Металлург” тамомила ўзгача олам. Бу клубда мен жудаям ажойиб шарт-шароит ва коллективга дуч келдим. Бу ерда ҳамма нарса футболчиларнинг манфаатлари асосига йўналтирилган. Боғбондан тортиб, ошпазгача, жамоа массажчиларидан тортиб клуб раҳбариятигача футболчиларга барча қулайликларни яратиб беришга ҳаракат қилишади. Тўғриси, клубимиздаги ҳозирги ўйинчиларга ҳавасим келди, ҳасадим ҳам. Бизнинг пайтимизда бунақа шароитлар бўлмаган. Футболчи фақат ва фақат ўз маҳоратини ошириш устида ишлаши, ўйнаши лозим. Қолган барча шароитлар муҳайё этиб қўйилган. Клубдаги шарт- шароитлар бўйича “Металлург”ни Суперлигада ТОП учталикка киритган бўлардим. Айниқса, клуб қошида фаолият юритаётган футбол академиясини айтмайсизми?! Жудаям замонавий академия. Ҳамма жараёнлар компьютерлаштирилган. Академиянинг ўқув тизими ичида. Ўзининг таълим жараёни – мактабига эга. Бунақаси мамлакатимизда бошқа йўқ. Футбол йўналиши бўйича иш жараёни Қироллик клуби – “Реал” (Мадрид) дастурлари асосида олиб борилади. Тарбияланувчиларга озода, шинам ётоқхоналар тақдим этилган. Овқатланиш тизими ҳақида таърифга сўз ожиз. Футболчиларнинг кийим кечаклари ювилган, дазмолланган. Гуруҳларга алоҳида мураббийлар, тарбиячилар бириктирилган. Академия тарбияланувчиларига уйиданда яхшироқ шароит, қулайликлар яратиб берилган. Футбол йўналишидан ташқари 3-4 та хориж тилларини ўрганишмоқда. Шундай имкониятлар, шароитлар яратиб берилгандан кейин уни кўзга суртиб, меҳнат қилиш, ишлаш керак. Яқин 4-5 йил ичида “Металлург” ҳам “Бунёдкор” ва “Насаф” сингари ўз тарбияланувчилари билан асосий таркибини кучайтириб боради. Совринли ўринлар учун курашадиган кучли коллективга айланади.

— Сир бўлмаса, яқин орадаги режа ва мақсадлар билан ўртоқлашсангиз...
— “Насаф” билан ўйиндан кейин, футболчиларга икки кун дам бердик. 13 март санасида Бекободдаги қароргоҳимизда йиғиламиз ва “Сурхон”га қарши ўйинга тайёргарликни бошлаймиз. Жамоамиз олдига асосий вазифа қилиб асосий таркибга муносиб ўринбосарларни етиштириб бериш, ўз навбатида ортимизда ўсиб келаётган таркиблар билан ҳамкорликда ишлаш, уларнинг ҳам ўсишига кўмаклашишдан иборат. Асосий таркиб мураббийларидан Илёс ака Қурбонов бизга ёрдам бериб туради. U-21 жамоасидаги бевосита ёрдамчим эса Баҳром Умаров. Мамлакат ёшлар терма жамоасида Рауф ака Инелеевнинг ҳам ёрдамчиси саналади. ОФК йўриқчиси, ҳар томонлама билимли, изланувчи мутахассис. U-18 жамоамиз устози эса яқин ўтмишнинг ажойиб футболчиси Шуҳрат Йўлдошев. Хуллас, ишчан, ғайратли ёшлардан жамланган коллектив бир мақсад йўлида ҳамфикр, ҳамжиҳат меҳнат қилаяпмиз.

— Сизга ва жамоангизга 2022 йилги мавсумда омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз. Чиройли, ҳужумкор футбол билан Бекобод аҳлини, қолаверса мамлакатимиз футбол жамоатчилигини хурсанд этиб юринглар.
— Мен ҳам фурсатдан фойдаланиб бизга барча зарур шарт шароитларни яратиб бераётган муассисларимизга – Ўзбекистон металлургия комбинатига, акционерлик жамияти бошқаруви раҳбарияти ва ишчи хизматчиларига миннатдорчилик билдираман. Иккинчи мурожаатим эса футболни севувчи, қадрлайдиган юртдошларимизга: Бекободда футбол учун барча қулайликлар яратиб берилган. Фарзандларингиз, невара, чевараларингиз етук футболчи бўлиб ўсишини хоҳласангиз, ҳеч иккиланмасдан “Металлург” ПФК қошида фаолият юритаётган “El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation” болалар ва ўсмирлар футбол академияси олиб келинг. Бу ерда орзу, истакларингиз рўёбга чиқади. Замонавий, ТОП академияда таҳсил олган фарзандингиз вақти келиб номдор футбол клубларида, терма жамоаларимизда тўп суришига шоҳид бўласиз.

Манба: https://t.me/metallurguz
Киритилди: 07:57, 12.03.2022.
Ўқилди: 1582 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.