Ҳеч кимга сир эмаски, Зинедин Зидан асли марселлик ва агар у «ПСЖ»ни бошқаришга қарор қилса, бу унга муаммо туғдириши мумкин.
Зизу катта бўлган кварталларда камбағал, лекин жуда мағрур одамлар яшайди. Уларга «пойтахт йигитлари», яъни «ПСЖ» жуда ёқмайди. Париж ва Марсель барча жабҳада ҳақиқий антагонистлар саналади. Масалан, Италиядаги Милан ва Неапол каби.
Агар «ПСЖ» таклифига рози бўлса Зиданнинг оиласи обрўсини йўқотиш хавфи бор, деб хабар беради AS нашри. Шарқона тарбия олган одам учун эса бу кўп нарсани англатади... Яқинда у Марселдаги тиббиёт маркази тақдимотига ташриф буюрди, у ерда ҳамюртлари Зиданни «ПСЖ»ни бошқармаслик талаби билан том маънода "бомбардимон" қилишди.
Лекин, аслида, муроса варианти бор – Зидан Парижда, лекин «ПСЖ» бошқарувида эмас, масалан, Франция термасини бошқариши мумкин. Қатардаги жаҳон чемпионатидан сўнг Дешам Франция термаси мураббийлигидан кетиши, кейин эса Зиданни терма жамоасига таклиф қилиш эҳтимоли катта.
Шунда Марсель аҳолиси бунга унчалик эътироз билдирмайди - Париж бошқа нарса, "ПСЖ" эса бутунлай бошқача.