Ўзбекистонлик рефери Эдита Миробидова ОФК элит ҳакамлар рўйхатига киришга ҳаракат қилаётгани ва бу йўлда ташкилот расмийлари Миробидовани кузатиш учун Тошкентга икки марта ташриф буюришлари ҳақида хабар берилганди.
Режага кўра футбол бўйича аёллар ўртасидаги XVIII Ўзбекистон чемпионати 21 апрель куни старт олади. 26 апрелга қадар чемпионлик учун кураш олиб бораётган олти клуб 1-тур ўйинларини якунлайди.
Эдита Миробидова 23 апрель куни бўлиб ўтадиган «Олимпия» (Қарши) ва «Шердор» (Самарқанд) жамоалари ўртасидаги ўйинни бошқариб боради. «Яккасарой» стадионида бўлиб ўтадиган мазкур беллашувни ОФК кузатувчиси – хитойлик Зуо Хиуди бевосита стадиондан кузатиб боради. Учрашув соат 10:00да бошланади (чемпионатнинг қолган ўйинлари «Қибрай» стадионида бўлиб ўтади).
Бунинг учун хитойлик меҳмон пойтахт Тошкентга 21 апрель куни ташриф буюради. 17:15да ОФК кузатувчиси Сеул орқали Тошкентга келиб, «Radisson» меҳмонхонасига жойлашади. 23 апрель кунги ўйиндан кейин комиссия вакили ва ОФК элит ҳакамлари рўйхатига номзод рефери – Эдита Миробидова ўртасида суҳбат бўлиб ўтади.
ОФК комиссиясининг иккинчи ташрифи 10-12 май саналарига тайин қилинган. Бу сафар Тошкентга япониялик Оива Маюми ташриф буюради. Режага кўра япониялик меҳмон «Севинч» (Қарши) - «Шердор» (Самарқанд) жамоалари ўртасидаги ўйинда Эдита Миробидовага баҳо беради. Бу ўйин ҳам «Тўқимачлик» стадионида бўлиб ўтади.