Суперлига 3-тури доирасидаги «Динамо» - «Қизилқум» (0:0) учрашувидан кейин Навоий жамоаси бош мураббийи Никола Лазарович журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Самарқанддаги ўйин кутганимиздек жуда оғир кечди. Биринчи бўлимда ўйинни назорат қилдик, иккинчи бўлимда эса бироз устунлик «Динамо»да бўлди. Гол уриш учун икки жамоада ҳам имкониятлар бўлди, аммо дуранг ўйинга мос, менимча.
- «Қизилқум» ўйинидан ва бугунги натижадан қай даража қониқдингиз?
- Бугун омадимиз келди, ҳозир ҳам Суперлига турнир жадвалида 1-ўриндамиз. Шунга қарамай, биз эйфорияга берилмаймиз, ўйиндан-ўйинга очко йиғиб борамиз.
- «Қизилқум» бу ўйин олдидан ҳам пешқадам, «Динамо» эса сўнгги ўринда эди. Бугун жамоангиз бир очко қўлга киритдими ёки икки очко йўқотдими?
- Рақибларга қарши ўйин олдидан ҳеч қачон унинг қайси ўринда эканига аҳамият бермайман. Бугунги ўйинда кутганимдек рақиб бизга кўп имкон бермади. Ўз вазиятимизни кутдик, аммо ундан фойдалана олмадик. Шундай экан, натижа ўйинга мос дейишим мумкин.
- Яъни, натижадан қониқдингиз?
- Ҳа, албатта, дуранг натижадан қониқдим. Аммо биз ҳали ўз ўйинимиз устида яна ишлаб, турдан-турга ўсиб боришимиз керак.
- Жамоанинг ўз уйи Навоийда ўйин ўтказмаётган клубга қандай таъсир қилмоқда?
- Бунинг таъсири бор, албатта. Доимий сафарларда юриш осон эмас.
- Рақиб жамоа «Динамо» ҳақида фикрингиз?
- Бу ҳақдаги фикримни рақиб жамоадаги ҳамкасбим Предрагга ҳам айтдим. «Динамо» яхши жамоа, ҳали Суперлиганинг кўп жамоаларига муаммо туғдира олади. Таркибда ёш ўйинчилар бор, улар эса ўйин давомида ўзларини нималарга қодирлигини кўрсатишдан чарчашмайди. Айниқса, Самарқандда «Динамо»га қарши бошқа клубларга ҳам осон бўлмайди.