Бугун бошланадиган ЕЧЛ ярим финали жавоб учрашуви арафасида турнирнинг яқин ўтмишини ёдингизга солишга жазм қилдик.
Ёдингизда бўлса, ўша йилги финал испан дербисига айланган: финалда "Реал" Мадрид ва "Валенсия" дуч келишган эди. Фернандо Морьентес, Стив МакМанамэн ва афсонавий Раулнинг киритган голлари эвазига Париждаги "Стад де Франс"да "Реал" Мадрид ўзининг саккизинчи кубогини қўлга киритганди.
Айнан ўша йилги турнирни эсга олишимизга сабаб: турнирнинг ярим ва чорак финалларида ҳозирги жамоаларнинг ўйнаганидир.
Ярим финаллардан бири ҳозиргидек "Реал"-"Бавария" қарама-қаршилиги бўлган. Фақат дастлабки ўйин "Сантьяго Бернабеу"да ўтиб, унда Қироллик клуби 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. (Голлар: Анелька (4), Йеремис (33-автогол). Мюнхендаги "Олимпиаштадион"да ўтган жавоб учрашувида айнан 2:1 ҳисоби қад этилган эди. (Голлар: Янкер (12), Элбер (54) – Анелька (31))
Иккинчи ярим финалда "Барселона" ва "Валенсия" дуч келишган. "Местлья"да ўтган дастлабки учрашувда майдон эгалари 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. (Голлар: Мигаль Ангел Ангуло (10, 43), Гаиска Миндьета (47-пен), Клаудио Лопес (90+2) — Пеллигрино (27-автгол). "Камп Ноу"да ўтган жавоб учрашувида "Барселона"нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси, албатта, етарли бўлмаган. (Голлар: Франк де Бур (78), Филип Коку (90+2) — Гаиска Миндьета (69)).
Яна бир эътиборли жиҳат. Турнирнинг чорак финалида "Челси"-"Барселона" қарама-қаршилиги кузатилган. "Стэмфорд Бриж"да ўтган дастлабки ўйинда "Челси" 3:1 ҳисобида ғолиб чиққан. (Голлар: Жанфранко Дзола (30), Торе Андре Фло (34, 38) — Луиш Фигу (64). Жавоб учрашувининг асосий таймларида "Барселона" ҳам шу ҳисобда ғолиб чиққач, ғолиб номи қўшимча таймларда аниқланган — 5:1. (Голлар: Ривалдо (24, 99-пен.), Луиш Фигу (45), Даниэл Гарсиа (83), Патрик Клюйверт (104) — Торе Андре Фло (60)).
Кўрамиз, бу йил ҳам жамоаларнинг ўз натижаларини такрорлай олишар эканми...