"Интерфутбол" газетаси мухбири Тожикистон терма жамоаси ва «Сурхон» клуби ҳимоячиси Зоир Жўрабоевни суҳбатга чорлаб, унинг Navruz Cup мусобақаси таассуротлари билан қизиқди.
— Зоир, жамоангиз ярим финалда аламли мағлубиятга учради. Ўйин борасида умумий фикрингиз қандай?
— Гарчи мағлубиятга учраган бўлсакда, Уганда термасига нисбатан мазмунлироқ ўйин кўрсатдик, менимча. Фақат вазиятлардан фойдаланолмаслик қимматга тушди. Бош мураббийимиз мусобақада натижа муҳим эмаслиги, асосий эътибор ўйинни шакллантиришга қаратилишини айтганди. Асосийси, сифат янги устозимизга маъқул келди, шекилли. Ўз ўрнида айтишим керак, маҳаллий мухлислар бизни чиройли қўллаб-қувватлашди. Бунинг учун уларга жамоа номидан раҳмат!
— Турнир ташкилотчилигида камчиликлар сезилмадими?
— Ҳаммаси жойида, ташкилий ишлар юқори даражада йўлга қўйилган. Гап йўқ.
— Янги мураббий Петар Сегрт қисқа фурсатда Тожикистон термаси ўйинини анча ўзгартиргани яққол сезилди. У бунга қандай эришди?
— Тўғриси, ўйинга қадар бу мураббий билан атиги 2 марта машғулот ўтказдик. Петр бу орада ўз фалфасасини умумий маънода тушунтирди, қандай ўйин кўришни хоҳлашини ҳам. У ярим финалдан сўнг ҳаммасини тез ўзлаштириб олганимизни эътироф этиб, руҳиятимизни кўтарди.
— Жорий йил бошида «Истиқлол»дан «Сурхон»га келдингиз. Бу қарорингизни қандай изоҳлайсиз?
— Ўзбекистон чемпионати савия бобида бизникидан кучлироқ. Шунинг учун «Сурхон» таклифини қабул қилдим. Боз устига, клуб ўз олдига катта вазифалар қўймоқда. Албатта, ҳозирги ишлар самара бериши учун бироз вақт керак. «Сурхон»га клуб президентининг ўзи чорлагани ҳам танловимда муҳим роль ўйнади.
— 3 мавсум олдин «Металлург»да тўп сурган футболчи сифатида айтингчи, Суперлигада ижобий ўзгаришлар борми?
— Бор, албатта. Масалан, ҳозирда кўплаб жамоаларнинг кучи деярли тенглашган. Дейлик, биз мавсумни дебютант «Олимпик»ка қарши ўйин билан бошлаб, дуранг қайд этдик. Кейинги турда эса бу жамоа «Пахтакор»га жиддий муаммо туғдирди, биз «Металлург» майдонида яққол устунликка эришдик.
— «Сурхон» бош мураббийи Анхель Лопес аввало, нималарга эътибор қаратмоқда?
— Бош мураббийимизга майдоннинг рақибга тегишли ярмида прессинг қилиш ёқади. Менимча, Лопес талабларини тўлиқ бажаришимиз учун яна бироз вақт керак. Қисқаси, «Сурхон» ўйини ҳали янада кучайишига ишонаман.
Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди