Футбол тарихидаги «ёвуз одам»лардан бири бўлган Серхио Рамос 30 март куни 36 ёшни қарши олди. Ғалаба учун ҳеч нарсадан тап тортмаслиги ва майдонда бамисоли жангчидек ҳаракат қилгани учун унга юқоридаги таъриф берилгани ҳеч кимга сир эмас. Рамос гарчи фаолиятини «Севилья»да бошлаган бўлса-да, «Реал» ва унинг номи ҳар доим ёнма-ён келган. Ҳақиқатан ҳам Серхио айнан «қироллик клуби» сафидаги фаолияти билан дунё футболини забт этган. 16 мавсум, 671 ўйин, 101 гол ва 22 та соврин. Шунчаки ақл бовар қилмас рақамлар. Тўртта Чемпионлар Лигаси бош соврини ва бешта Испания чемпионати Кубоги Серхио мадридликларга тақдим этган асосий совринлардандир.
Бундан ташқари, Рамоснинг Испания терма жамоасидаги фаолияти ҳам алоҳида ва чексиз сўз юритиш мумкин бўлган мавзу. У «қизил фурия» таркибида икки карра Европа чемпиони (2008, 2012 йилларда) ва бир марта жаҳон чемпиони (2010) бўлган. Маълумки, Испания терма жамоасида деярли барча даврларда рақобат кучли бўлган, аммо гарддеккина бўрттириш бўлса ҳам бу рақобатнинг Рамосга алоқаси йўқлигини айтиш мумкин.
Аммо ҳаётда ҳар доим ҳам ҳаммаси бир текис давом этмайди. 2020/21 йилги мавсум сўнгида Рамос жиддий жароҳат орттириб олди ва узоқ муддатга сафдан чиқди. Айнан шу сабаб у Евро—2020 ни ўтказиб юборди. Рамос бу жароҳатдан ҳалигача тамомила қутулгани йўқ ва «ПСЖ» таркибида ҳам ўйнаб кетолмаяпти. «Реал»нинг у билан қандай хайрлашгани эса ортиқча изоҳга ҳожат қолдирмайдиган мавзу. «Дарё» эса қуйида туғилган кунини нишонлаётган Рамоснинг футбол ва ҳаёт ҳақидаги энг машҳур иқтибосларини тақдим этади.
Жасорат ҳақида
Дунёни жасур ва таваккал қилишдан қўрқмайдиган инсонлар забт этади. Агар ҳаракат қилмасангиз, ҳеч нарсага эришолмайсиз. Таваккал қилсангиз эса ҳеч нарсасиз қолишингиз ёки ғалаба қозонишингиз мумкин. Нима бўлганда ҳам муваффақиятга эришиш имконияти юқорироқдир. Бунга ишонаман. Инсон қийин дамларда ўзини яхшироқ билиб олади, стрессли вазиятларда эса кўпроқ нарсага эришиши мумкин, бу бизни кучлироқ қилади.
2018 йилги Чемпионлар Лигаси финали ҳақида
Чемпионлар Лигаси финали ҳамманинг ёдида, лекин оилам ва фарзандларимга ўлим билан таҳдид қилинганини ҳеч ким эсламайди.
Салоҳнинг жароҳати? Бу мени умуман безовта қилмайди. Ҳамкасбимни жароҳатламоқчи эмасдим, шунинг учун виждоним тоза. Мухлисларнинг муносабати менга ҳеч қандай таъсир ўтказмайди.
Ўйинлардан кейин қандай тикланиши ҳақида
Ҳар бир ўйинда 3,2 килограмм вазн йўқотаман. Ўйиндан кейин 2,5 литр махсус тетиклантирувчи ичимлик ичаман. Бу тезроқ тикланиш учун керак.
«Реал» ҳақида
Ҳеч ким клубдан юқори бўла олмайди. Нима бўлишидан қатъи назар «Реал» мавжуд бўлиб қолади. Клуб эмблемаси ва либоси учун минг бор қон тўккан бўлардим.
Лионель Месси ҳақида
Аргентинанинг энг яхши футболчиси — Лионель Месси. У Диего Марадонани ортда қолдирган. Лео ажойиб ва бетакрор футболчи. Йиллар давомида ундан азият чекдик. Агар Месси «Барселона» таркибида бўлмаганида, кўпроқ совринлар қўлга киритишимиз мумкин эди.
Кумирлари ҳақида
Шундай футболчилар борки, уларнинг майдон ва унинг ташқарисидаги хатти-ҳаракатлари кишини илҳомлантиради. Болалигимда Паоло Мальдини, Фернандо Ерро, кейинчалик эса Карлес Пуйолнинг ҳаракатларидан ҳайратланганман.
VAR ҳақида
Видеотакрорлар тарафдориман. Ўйиндан ташқари ҳолатдан гол уриб, ғалаба қозониб бўлмайди. Ноҳақ белгиланган пенальти билан ҳам. Бу борада ушбу тизим ёрдам бериши мумкин. Тўлиқ ва тўғри фойдаланишни ўрганиб бўлганимиздан кейин жараён тезлашади.
Мақсади ҳақида
Мақсадим — отамнинг кўзидаги ғурурни кўриш.
Голларини кимга бағишлаши ҳақида
Марказий ҳимоячи учун кўп гол ураман. Ҳар бир голимни менга азиз инсонларга бағишлайман.
Омад ҳақида
Омад ҳар куни меҳнат қилишга одатланган, борини ишга бағишлаганларга кулиб боқади. Сиз биладиган ва севадиган Серхио Рамос бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилишимга тўғри келган. Аввало — болалигимни.
Оиласи ҳақида
Мен учун оила биринчи ўринда туради. Оиламга ҳеч ким билмайдиган томонларим маълум. Оилам ва дўстларим ёнимда бўлса, ўзимни бахтли ҳис қиламан. Улар билан қувончни баҳам кўришдан яхшироқ нарса йўқ.
Таслим бўлмаслик ҳақида
Тажрибам шуни кўрсатадики, ҳеч қандай ҳолатда таслим бўлмаслик керак. Хотиржамликни сақлашимиз ва ишлашда давом этишимиз лозим.
Қўпол ўйнаши ҳақида
Майдонда рақибларимга қарши жуда қаттиқ ўйнай оламан. Оёғимни яширмайман, тўқнашувлардан қўрқмайман. Лекин негадир ҳакамларда мен ҳақимда ғалат фикр бор. Улар бошқа ўйинчиларга ҳатто оғзаки огоҳлантириш берилмайдиган жойда Рамосга карточка кўрсатаверади.
«Олтин тўп» ҳақида
Фаолиятим давомида жуда кўп ютуқларга эришдим ва агар улар мени «Олтин тўп» билан тақдирлашса, бу тарихий лаҳза бўларди.
Ҳакамлик ҳақида
Ҳакамлик ҳақида қанча кўп гапирсак, у шунчалик ёмонлашиб бораверади.
Танқидлар ҳақида
Ҳаммага ҳурмат билан қарайман ва ҳар қандай танқидни қабул қиламан — бу мени янада кучлироқ қилади, олдинга юришимга туртки бўлади.