Кеча "Пахтакор" стадиони кичик аренасида жамоа вице-президенти Самвел Бабаян жамоа ишқибозлари билан учрашди.
Унда Самвел Вячеславович жамоа эришаётган ғалабаларда "Пахтакор"нинг содиқ ва ашаддий мухлисларининг ҳиссаси катта эканлигини таъкидлаб ўтди.
— Таклифимизга кўра, бу ерга келган барча ишқибозларга миннатдорчилик билдираман. Футбол мухлислар учун ўйналади. Шу жумладан, "Пахтакор" ҳам доимо содиқ ишқибозлари учун ғалабаларга эришишга ҳаракат қилади. Мен ҳозиргача жамоамизни ҳар қандай ҳолатларда қўллаб турган ишқибозларга раҳмат айтаман. Сизлар таҳсинга лойиқсизлар. Айниқса, ёш футболчилар таркибда кўп бўлган пайтда уларни руҳан қўллаган барчадан миннатдорман. "Пахтакор" футбол клуби ҳамиша фан клубга катта эътибор қаратиб келган. Ўзбекистонда биринчи бўлиб ишқибозлар клубига айнан жамоамиз асос солган. Улар билан турли учрашувлар ташкил этиб келамиз. Кейинчалик биздан ўрнак олган ҳолда бошқа клублар ҳам шундай ишга қўл уришди.
Лекин биз биринчи фан клуб сифатида бошқаларга намуна бўлишимиз даркор. Ҳам жамоани қўллаб туриш, ҳам хавфсизликка амал қилиш борасида. Мухлислар бор эътиборни ўз жамоаларини қувватлашга қаратишлари лозим. Рақибга қарата айтиладиган ҳар қандай ёмон гапларни маъқулламаймиз. Бундан буён фан клубимизда янгидан рўйхатга олиш бошланади. Аниқроғи, бу иш бошлаб юборилди. Эндиликда ҳар бир талабгор фан клуб етакчилари билан учрашиб, унга аъзо бўлиш бандидаги шартларга имзо чекади ва шу тариқа фан клуб аъзосига айланади. Унга жамоа рамзлари туширилган футболка ҳамда шарф ҳадя этилади. Шунингдек, уларнинг сафар учрашувларида "Пахтакор"ни қўллаб туриши учун барча харажатларни биз кўтарамиз. Сафарга эса ҳар тарафлама ўзини кўрсатганлар олиб кетилади. Ишқибозлардан янада фаолроқ бўлишларини сўраб қолардим.
Энди ҳар ойда бир марта ойнинг энг фаол мухлисини тақдирлаб борамиз. Биринчи совғани Саъдулла Аҳмедовга топширамиз (клуб рамзи туширилган барча либослар тўплами). Бу инсон кўп йиллардан буён жамоамизнинг қувончли ва аламли дамларида ҳам биз билан бирга бўлиб келмоқда. Агар сизларда саволлар бўлса, марҳамат, бемалол мурожаат қилишингиз мумкин.
— Жамоанинг асосий либоси сариқ ва кўк ранглардан иборат. Лекин бу мавсумда "Пахтакор" бошқа рангли футболкаларда ўйнаяпти. Бунинг сабаби нимада?
— Биз анъаналардан чекинмаймиз. Жамоанинг асосий либоси ўша рангларда бўлади. Фақат бу мавсумда алоҳида кўк ва сариқ ранглари бор либослардан фойдаланяпмиз. Бу борада ишқибозларнинг таклифини инобатга олиб, жамоанинг анъанавий рангларига қайтамиз.
— Янги майдон қачон тайёр ҳолатга келтирилади?
— Биз майдон чимини олиб келиш бўйича шартномани имзоладик. Унга кўра, 17 майда чим Ўзбекистонга олиб келинади. 20 майдан эса ишни бошлаб юборамиз. Бир ярим ойга яқин муддат чимнинг табиий шароитларга мослашиши учун кетади. Демак, июнь ойи охирларида яна қадрдон стадионимизда учрашувларни ўтказамиз. Миллий терма жамоа эса Эрон билан ўйинни "Жар" стадионида ўтказса керак. Бу борада ЎФФ раҳбариятига тегишли маълумотларни бериб бўлганмиз.