Жорий йилги Суперлига баҳсларида мағлубиятсиз одимлаётган жамоалар сафида «Металлург» ҳам бор. Мавсумни янги бош мураббий қўл остида бошлаган бекободликлар ҳозир турнир жадвалида 5-ўринда боришмоқда. Биз мазкур жамоа етакчиларидан бирига айланиб бораётган, ижобий натижаларга ўз ҳиссасини қўшаётган маҳоратли ҳимоячи Аброр Тошқўзиевни суҳбатга тортдик.
- Жорий мавсум «Металлург» учун муваффақиятли бошланди. Илк турлардан кейинги фикингиз қандай?
- Жамоалар яхши тайёргарлик олиб борганини ўтказилаётган ўйинлардан билиб олиш мумкин. Ҳеч ким осонликча таслим бўлаётгани йўқ. Бу эса учрашувларнинг қизиқарли ва шиддатли ўтишини таъминлаяпти.
- «Сурхон» билан ўйинда ғалаба қозонишингиз учун нима етишмади?
- Яратилган имкониятлардан фойдалана олмадик. Агар ўйинни кузатган бўлсангиз, бизда ҳам, «Сурхон»да ҳам дарвозани ишғол қилиш учун яхши вазиятлар бўлди. Ягона гол баҳс тақдирини ҳал қиларди.
- «Металлург»нинг янги бош мураббийи Луисма Эрнандеснинг ишига қандай баҳо берасиз?
- У талабчан мутахассис, ҳар бир ўйинчидан ўзини максимал даражада кўрсатишни талаб қиляпти. Қолаверса, тактик томонлама муайян чизиқларда кимнинг қандай ўйнаши кераклигини ўз фалсафалари билан тушунтиряпти. Мендан биринчи ўринда ҳимояда мустаҳкам туришни, кези келганда, стандарт вазиятларда рақиб жарима майдончасига киришни талаб қилмоқда.
- Сизнингча, «Металлург» жорий йил қайси ўринлар учун кураша олади?
- Кучли учликка киришга ҳаракат қиламиз. Ўйлашимча, жамоанинг салоҳияти бунга етади. Раҳбарият томонидан эса ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш талаби қўйилган. Шуни бажаришга интиламиз.
- Шахсий ҳаётингиз борасида ҳам бироз суҳбатлашсак. Аброр Тошқўзиев ҳозирги мавқега эришгунча қандай тўсиқларни енгиб ўтган?
- Очиғи, ҳали ўзимни бирор-бир мавқега, эришдим деб ҳисобламайман. Фаолиятим давомида тўсиқ эмас, рақобатга дуч келганман. Футболчининг ҳаёти айнан шуниси билан қизиқ.
- Бекобод клуби билан кетма-кет учинчи мавсумни ўтказяпсиз. Жамоадаги шартномангиз қанча муддатга тузилган. Умуман, янги чорловларга қандай қарайсиз?
- «Металлург» билан тузилган шартномам бу йил ниҳоясига етади. Ҳар бир футболчи борки, юқорига ва ўсишга интилади. Насиб бўлса, четда ўйнаш ниятим бор.
- Футболчи сифатида олган биринчи маошингиздан сўнг ичингиздан қандай ҳиссиётлар кечган?
- Бу кунни кечагидек эслайман. Илк бор маош олганимда, жуда қувонганман, буни сўз билан таърифлаш қийин. Ўшанда ўзимни улғайгандек ҳис қилганман. Очиғи, унгача оила аъзоларим пул беришарди.
- «Металлург» Суперлига доирасидаги кейинги учрашувни сафарда «Қўқон-1912»га қарши ўтказади. Мазкур ўйиндан нималар кутяпсиз?
- Қўқонликлар билан ҳар доим қизиқарли учрашувлар ўтказганмиз. Ғалаба бизга ҳам, уларга ҳам керак. Шундай экан, мазкур ўйинда бор кучимиз билан зафар қучишга ҳаракат қиламиз.
Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди