Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Терма жамоа, «Рома»даги келажаги, Моуриньо билан муаммолар ва пахта терими. Элдор Шомуродов билан интервью

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоаси ва «Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрига катта интервью берди. Шомуродов унда терма жамоа, «Рома»даги келажаги, Жозе Моуриньо билан муаммолар, болалиги ва бошқа кўплаб мавзуларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди. «Дарё» мазкур интервьюни ўқувчилар учун ўзбек тилида тақдим этади.

«Бу тўғри эмас, менимча. Спорт сиёсатдан ташқарида бўлиши керак»

Отасининг қўллаб-қувватлаши қанчалик муҳимлиги ҳақида
— Ўзбекистонда бўлганимда, отам ҳар доим ўйинларга келишга ҳаракат қилади. Ота-онамнинг ёрдами доимо муҳим бўлган. Ёмон ўйнасам ҳам улар илиқ сўзларни топа олади.

«Рома»да кўпроқ ким билан мулоқот қилиши ҳақида
— Римда мулоқот қилиб турадиганларим етарлича. Асосан рус тилида гаплашамиз. Масалан, Генрих Мхитарян билан. «Рома»да Генрих билан ҳаммадан кўра яқинроқман. Шунингдек, «Аталанта» билан ўйнаганимизда, Алексей Миранчук ва Руслан Малиновский билан ҳам бироз суҳбатлашгандик.

«Ростов»да кимлар билан алоқаларни сақлаб қолгани ҳақида
— Валерий Карпин билан гаплашиб тураман, қишда Дубайда кўришгандик. Баъзида мессенжер ва ижтимоий тармоқларда бошқа йигитлар билан ҳам ёзишиб турамиз.



Нима сабабдан Осиё клубларининг молиявий томонлама яхши бўлган таклифларини рад этиб, «Ростов»нинг 10 минг долларлик маошига рози бўлгани ҳақида
— Россияга кетганимда пул ҳақида ўйламаганман. Аввалига ўзимни кўрсатмоқчи бўлдим. «Ростов»да ўтган йиллар менга кўп нарсаларни берди. Булардан асосийси— профессионалликдир. Бу борада Ўзбекистондагидан кўра кўпроқ нарсага эга бўлдим, бу катта ёрдам берди.

Россиядаги футболчилардан кимларни дўст деб билиши ҳақида
— Сергей Паршивлюк, Сергей Песьяков, Хорен Байрамян ва Бахтиёр Зайнутдинов билан кўпроқ мулоқот қилардик, айнан шулар билан ҳозир ҳам гаплашиб турамиз.

Карпиннинг Россия терма жамоаси билан биргаликда «Ростов»да ҳам ишлаётгани ҳақида
— Унинг клубга қайтганидан хабарим бор. Лекин ҳали табриклаганим йўқ.

Россия терма жамоасининг ЖЧ—2022 саралаши плей-оффидан четлатилишига қандай қараши ҳақида
— Бу тўғри эмас, менимча. Спорт сиёсатдан ташқарида бўлиши керак.

Карпиннинг маслаҳатлари ва овқатланиш ҳақида
— Руҳият нуқтаи назаридан футболга бўлган муносабатимни ўзгартирган. У ҳазил қилишни яхши кўрарди, лекин жиддий ва тўғри гаплари ҳам бисёр эди. У ҳар доим тўғри овқатланиш муҳимлигини айтган. Вақт ўтиши билан футболчи учун бу жуда муҳим эканини тушунасиз. Европада буни яхши билишади. Шакарни чекланган миқдорда истеъмол қилишимизни тайинларди.

Бу каби тайинловларнинг севимли таоми ошга ҳам таъсир қилгани ҳақида
— Базада, албатта, ош ея олмасдим. Лекин ташқарида истеъмол қилиб турардим (кулади). Бироқ вазнимни назорат қилиб турганман.

Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятининг ўзига хос палови бор. Улардан қайси бирини кўпроқ ёқтириши ҳақида
— Тўй оши.



Италияда ҳам ош истеъмол қилиб туриши ҳақида
— Рафиқам уйда тайёрласагина. Аммо у ердаги маҳсулотлар бошқача ва уйдагидек чиқмайди.

Карпиннинг энг эсда қоларли ҳазили ҳақида
— «Қийшиқ оёқ» ҳақидагиси. У нафақат мени, кўпларни шундай чақирарди. Машғулотда ниманидир нотўғри қилганингизда, доимо шундай дейди. Бундан хафа бўлмайман.

Карпин аввалига уни Ўзбекистонга қайтариб юбормоқчи бўлгани ҳақида
— Таътилдан кейин биринчи йиғинни ўтказдик, уйда деярли ҳеч нарса қилмагандим, жуда ёмон ҳолатда келдим. Шу сабабли, эҳтимол, шундай фикрга боргандир. Аммо кейин  формамни тиклаб олдим ва у менга бошқача муносабатда бўлишни бошлади. Бунгача раҳбарият кўпроқ ўйнашим учун мени ижарага ҳам бермоқчи эди. Бир қатор вариантлар чиққанди. Аммо Карпин қўйиб юбормади. Ҳозирда таътилга чиқсам, албатта, ўзим билан машғулот дастурини ҳам олиб юраман.

«Ростов»га вингер сифатида келгани ва Карпин уни форвардга айлантиргани ҳақида
— Бунгача терма жамоада ҳам, болалигимда ҳам марказда ўйнаганман. Ҳужум марказидаги позицияни эгаллашимдан олдин Карпин мени ҳамма жойда синаб кўрди, ҳатто таянч зонаси ва ўнг қанот ҳимоясида ҳам.



«Сигир-қўйларни боқиб, кейин футбол ўйнашинг мумкин»

Афғонистон билан чегарадош жойдан чиққан боланинг қандай қилиб, А Серияда ўйнаётгани ҳақида
— Аввало, Аллоҳ сўраганларимни берган. Аммо шунчаки сўрашнинг ўзи етарли эмас. Мақсад қўйсангиз, ҳар доим шубҳалар бўлиши ҳам табиий. Уларни енгишингиз, мақсад сари олға юришингиз ва бошқа ҳеч нарсага чалғимасдан олдинга интилишингиз лозим.

Жарқўрғон ва болаликдаги асосий хотиралари ҳақида
— 12 ёшимга қадар Жарқўрғонда яшаганман, кейин «Машъал» академиясига йўл олганман. Эсимда, сигир ва қўйларимиз кўп бўларди. Барча дўстларим ва ака-укаларим мен каби футболни севишарди. Имкон бўлди дегунча, тўп тепишга ҳаракат қилардик. Аммо ота-онам аввалига молларни боқиб, кейин стадионга боришим мумкинлигини айтарди.

Хавфли Афғонистон билан чегаралар яқинлиги қандайлиги ҳақида
— Ҳаммаси тинч эди. Салбий нарсалар бизгача етиб келмагани яхши. Қолаверса, ота-онам тарбиямга доим эҳтиёткорлик билан ёндашган, қаерда эканлигим, нима қилаётганимни текшириб турарди.

Ота-онасининг ҳали ҳам ўша уйда яшаётгани ҳақида
— Дадам бу уйни жуда яхши кўради. Уни ўз қўллари билан қурган.

Барча ўзбек болалари каби пахта тергани ҳақида
— Шунақаси ҳам бўлган. У пайтлар кичкина эдим, тўртинчи синфда режа уч килограмм эди. Махсус қаергадир бормаганмиз, уйимизга яқин жойда терардик.

Вазн учун пахта орасига тош солгани ҳақида
— Ҳа, бунақаси ҳам бўлган. Бу текширилган усул эди (кулади).

Авваллари маошининг катта қисмини ота-онасига юборгани ҳақида
— Аввал катта қисмини уларга юборардим. Ҳозир келажак учун ҳам нимадир олиб қўйиш керак. Масалан, уйга.

Ота-онасининг Италияга ташрифи ҳақида
— Янги йил олдидан боришди. Улар Римдан жуда кўп ижобий таассуротлар билан қайтди.

Рим ёки Самарқанддан қай бирини танлаши ҳақида
— Қийин танлов. Ўзбекистонлик бўлганим учун Самарқанд қалбимга яқинроқ. Аммо Рим ҳам жуда гўзал. Дарвоқе, генуяликлар Самарқанд ҳақида кўп нарса билади. Аммо мендан бу ҳақда сўрашганда, ҳали итальянчани яхши билмасдим-да.

Фарзанди ва оиласи уни қанчалик ўзгартиргани ҳақида
— Турмуш қурганимда ўзгарганман деб айта олмайман, лекин фарзандли бўлганимда бошқача ҳислар пайдо бўлди. Масъулият ошди. Ҳаётимдаги энг муҳим воқеа.

Ўзбек урф-одатларига кўра, кўп ҳолларда келинни куёвнинг ота-онаси топади. Унда бу ҳолат қандай кечгани ҳақида
— Келинни ўзим топиб, севиб қолганман. Умумий дўстимиз орқали танишганмиз.



«Ривалдо қўлимдан ушлаб майдонга олиб чиққан. Буни ҳеч қачон унутмайман»

Европада ўйнаш орзуси қачон пайдо бўлгани ҳақида
— Аниқ қачонлигини эслай олмайман. Бу аста-секин шаклланиб борган. Футболчи сифатида ўсишим керак эди, бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳамма бу ҳақда гапирарди. Ота-онам ҳам, ўзим ҳам Европада ўйнашимни хоҳлардик.

Ривалдо ҳақидаги хотиралар
— «Машъал» академиясида таҳсил олганимда, асосий жамоа «Бунёдкор» билан ўйнаган, Ривалдо эса ўйинга қўлимдан ушлаб тушган. Ўз вақтида дунёнинг энг яхши футболчиси бўлган ўйинчи мени майдонга олиб чиққан. Буни ҳеч қачон унутмайман. Бунинг устига бу вазиятдан расм ҳам қолган.

Қайси жойга кўникиш қийин бўлгани ҳақида
— Ростовдан кейин Генуя. Биринчидан, ўша пайтда пандемия бўлган, ҳамма жойлар ёпилганди. Иккинчидан, Италияда ва умуман Европада бутунлай бошқача менталитет. Ва, албатта, ўрганишим керак бўлган тил масаласи.

— «Женоа»да «Ростов»дагидан 5-6 баравар кўп маош олгани ҳақида
— Бу унчалик катта босим юкламаган. Ҳар доим бундай масалаларда ота-онам билан маслаҳатлашаман. Агентлар борасида ҳам омадим чопган. Уларсиз анча қийин бўларди. Улар ҳамма жабҳада ёрдам берди. Шартнома тузилгач, Европага кетиш режаси тузилганди.

Агентларга уни ким таклиф қилгани ҳақида
— Уларга мени ўшанда «Пахтакор» ва Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилган Самвел Бабаян тавсия қилган.

Янги мамлакат ва клубларда «қаердан келдинг?», «нима, сизларда ҳам футбол ўйнашадими» қабилидаги саволлар ҳақида
— Йўқ, бунақаси ҳеч бўлмаган. Ҳамма ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Аввалига йигитлар билан гаплашиб кетишим қийин кечди, аммо кейин барчаси жойига тушиб кетди.

Ибодат ҳақида
— Намоз ўқийман.



Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ—2022 саралаши ҳал қилувчи босқичига чиқа олмагани ҳақида
— Ҳозир авлодлар алмашинуви жараёни кечмоқда. Ёшлар кўп, шунинг учун ўйин борасида бир қадам орқага кетдик. Янги жамоа қурилмоқда, янги мураббий келди. Биз бу вазифани бажара оладиган жамоани йиғишга ҳаракат қиляпмиз.

Сречко Катанец билан алоқалари ҳақида
— Яхши. Баъзида итальян тилида гаплашамиз— у кўп йиллар давомида у ерда ўйнаган.

«Ювентус»га қарши ўйиндан кейин Моуриньодан ранжиганим йўқ»

«Рома»даги қоидалар ҳақида
— Ҳар доим топ-клубларда қатъий қоидалар борлигини билардим, лекин ўзингиз буни футболчи сифатида ҳис қилсангиз, ҳиссиётлар бошқача бўлади.

2021 йилнинг ёзида «Рома»дан ташқари, яна қандай вариантлар бўлгани ҳақида
— Биз вариантларни кўриб чиқдик ва «Рома»ни танладик. Бу ерда ўйнаб кетишимга ишончим комил эди.

Ҳамон бу ишончнинг пасаймагани ҳақида
— Ишончим ҳамон пасайгани йўқ. Агар барчасини тўғри қилсам, ҳаммаси яхши бўлади.

«Рома»даги келажаги, Италия ОАВда унинг Римдаги ҳолатдан норозилиги борасида хабарлар чиққани ҳақида
— Терма жамоада йиғинида ўзбек тилида айтган гапларим итальянчага нотўғри таржима қилинган. «Рома»ни тарк этиш истаги ҳақида гапирмаганман. Қолишни ва кимлигимни исботлашни хоҳлайман. Ҳеч бир футболчини майдонга кам тушиши қониқтирмайди. Безовтаман, лекин бу нормал ҳолат. Барча футболчиларда шундай даврлар бўлади. Бунда асосий нарса сабр-тоқат ва меҳнатдир. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Қийин бўлишини билардим, лекин ўзимдан кўпроқ нарсани кутаман.



Моуриньо билан ҳеч қандай муаммо йўқлиги ҳақида
— Мутлақо ҳеч қандай муаммо йўқ. Аввалгидек ишлаяпмиз.

«Челси»дан 40 миллион евро эвазига сотиб олинган Тэмми Абраҳамга кўпроқ эътибор бўлишини олдиндан тушунгани ҳақида
— Буни тушунганман. Аммо «Рома»га ўтганимда, Абраҳам ҳали жамоага келмаганди. У билан яхши муносабатдамиз. Умуман олганда, бутун фаолиятим давомида захирадан майдонга тушиш борасида анча хотиржамман.

Февраль ойида коронавирусга чалингани ҳақида
— Омикрон аниқланди. Уч кун давомида касал бўлдим.

«Рома» «Ювентус»га қарши баҳсда 3:1 ҳисобида олдинда бориб туриб, якунда 3:4 ҳисоби билан мағлуб бўлганида Моуриньо уни шахсан танқид қилгани ва бундан қай даражада ранжигани ҳақида
— Шундай бўлдики, захирадан майдонга тушганимдан сўнг ҳаммаси чаппасига кетди. Учинчи гол олдидан хатога йўл қўйгандекман. Шунинг учун унинг сўзларидан ранжиганим йўқ. Фақат мухлисларни хурсанд қилиш истаги бор. «Рома» мухлислари шунчаки ажойиб. Ҳар бир ўйинда стадионда ақлдан оздирадиган даражада муҳит ҳукм суради. Кўчада ҳам кўпинча таниб қолишади, ҳатто капюшонда бўлсангиз ҳам.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 16:11, 07.04.2022.
Ўқилди: 3342 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.