Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Эрлинг Холанднинг ўйинида пасайиш кузатилмоқда.
Норвегиялик футболчи дортмундликлар сафига 2019 йил декабрь ойида қўшилган ва деярли ҳар ўйинда самарали ҳаракатни амалга ошираётганди.
Июль ойида 22 ёшни қарши оладиган форвард охирги ўйинларда кўринмай қолди. Яъни ҳар баҳсдан кейин унинг номи таблода порлаб туришини кўришга ўрганиб қолган мутахассис, футбол мухлислари мана 5 ўйиндан бери Холанднинг гол урмаётганига гувоҳ бўлишмоқда.
Эрлинг Бундеслигада охирги марта гол урганига ҳам 2,5 ойдан ошди. Футбол ишқибозлари Холанднинг голини сўнгги марта жорий йилнинг 22 январь куни кўришганди. Ўшанда у «Хоффенҳайм» дарвозабонини ранжитганди.
Тўғри, норвегиялик мушакларидан олган жароҳати сабабли февраль ойида ўтказилган учрашувларни майдонга туша олмади. Аммо, Килиан Мбаппе билан солиштирилаётган ҳужумчи учун 5 ўйинда гол ура олмаслик, унинг номига путур етказиши мумкин. Кеча Германия чемпионати доирасидаги «Штуттгарт» клубига қарши баҳсда 90 дақиқа ўйнаган Холанд жамоадоши Юлиан Брандтнинг голига ассистентлик қилди.
Февралб ойидан ташқари ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтган баҳсларда Холанд жароҳат туфайли қатнаша олмаганди. Лекин, ўшанда жароҳатидан қайтиши билан ўзининг севимли иши бўлган голлар уришни давом эттирганди. Бу сафар эса футболчи сўнгги 5 ўйинда (327 дақиқа) битта самарали ҳаракатни амалга оширган.
Ўтган мавсумларда Роберт Левандовски билан Бундеслига тўпурарлиги учун муносиб курашиб келаётган Эрлинг Холанд жорий мавсум чемпионатда 19 ўйинда 16 гол ва 7 ассистни амалга оширган.
Таққослаш учун, айни пайтда польшалик страйкер ҳисобида 31 гол мавжуд. 33 ёшли форвард Холанддан деярли 1 баробар кўп гол уришга эришган.
Холанд ўзига келиб олиши учун яна нечта ўйин кифоя қилиши мумкин деб ўйлайсиз?