Мадридликлар бош мураббийи Карло Анчелотти эртага бўлиб ўтадиган «Хетафе»га қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида бир қатор қизиқ саволларига жавоб берди.
У ўз футболчиларининг тайёргарлиги ва Чемпионлар лигаси ўйинидан сўнг ўйинчиларнинг ўзини қандай тиклай олгани ҳақида гапириб ўтди ҳамда жамоанинг мавсумдаги натижаларига баҳо берди.
Қайта тикланиш ҳақида
Футболчилар тикланишда давом этмоқда. Бу ҳали тўлиқ бажарилгани йўқ, аммо бизда дам олиш ва «Хетафе» билан ўйинга тайёргарлик кўриш учун ҳали бир кун вақт бор. Бу Ла Лигадаги муҳим ўйин, биз ғалаба қозонишда давом этишимиз керак. Шубҳасиз, биз яхши ўйнашимиз ва уч очко олишимиз шарт.
Карим Бензема ҳақида
Бенземада тажриба катта, аммо у ўсишда давом этиши керак. Йиллар давомида унинг характери, майдонда ва ундан ташқаридаги етакчилик фазилатлари фақат яхшиланганини кўришингиз мумкин. У ҳар доим ажойиб формада бўлган, лекин айни пайтда кўпроқ кўзга ташланмоқда. Карим жамоа учун муҳим футболчи, чунки у характер ва етакчилик фазилатларини кўпроқ намоён қила олади.
Менди, Азар ва Йовичнинг ҳолати ҳақида
Менди бугун машғулот ўтказмади, у чарчаган эди, шунинг учун биз унга бугун спорт залида индивидуал дастур бўйича машқ қилиш яхшироқ деган қарорга келдик. Унда ҳеч қандай жароҳат йўқ, эртага унинг ўйинга тайёргарлигини баҳолаймиз. Йович ҳали ҳам тўпиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда, аммо қолган футболчилар мутлақо соғлом. Операциядан сўнг Азар секин-аста тузалиб бормоқда.
Жамоанинг жисмоний ҳолати ҳақида
Атрофдаги турли гапларга қулоқ солмайман, фақат статистика ва машғулотларга эътибор бераман. Мен ҳеч қачон жисмоний тайёргарлик нуқтайи назаридан мени ташвишга соладиган бирор ортиқча нарсани сезмаганман. Тиббиёт ходимларининг иши аъло даражада.
Чемпионлар лигаси ва Ла Лига ҳақида
Ўйлайманки, биз тез орада тикланамиз. Жисмоний тайёргарликдан ташқари, бу ерда психологик жиҳатлар ҳам бор. Агар «Челси» билан бўлганидек, ўйинга кучли руҳан тайёргарлик кўра олсак, Ла Лигадаги қолган баҳслар умуман қийинчилик туғдирмайди. Футболчиларнинг ишончини қайтариш керак. Уларнинг диққатини жамлаш ва мотивациясини сақлаб қолиш учун бироз кўпроқ вақт талаб этилади, аммо бу имконсиз эмас. Январь ойида «Хетафе» бизни мағлуб этган эди. Биз рақибларимизга муносиб ҳурмат кўрсатишимиз керак.
Бенземани бошқа ҳужумчилар билан солиштириш
Турли даврдаги футболчиларни солиштириш қийин. Уларнинг барчаси ўз даврида ажойиб ҳужумчилар бўлган. Агар сиз Каримни Ван Бастен билан таққосласангиз, характер ва совуққонлик борасида фарқларни бемалол илғашингиз мумкин.
Мен ўзимга баҳо бера олмайман. Мен ўз ишимни энг яхши тарзда бажаришга ҳаракат қиламан. Бу клуб ҳақиқатан ҳам мени максимал даражада ишлашга ундайди, қандайдир совринни ютишимиз мумкинми ёки йўқ, мавсум охирини кутишимиз керак.
Жамоа натижалари ҳақида
Жамоадаги барча ҳозир қўлидан келган ишни қилмоқда. Биз мавсум сўнгида юз фоизлик натижа кўрсата оламизми ёки йўқ буни билмайман. Аммо жамоа ўз олдига қўйган барча натижаларга эришмоқда, бизда Ла Лигада ҳозирча етарлича устунлик бор, мавсум охирида биз яхши ҳолатда бўлишимизга ишонаман. Биз тортни пиширдик, энди уни крем билан қоплаш қолди.
Мен ҳозир анча хотиржамман. Умуман олганда омадлиман деб айта оламан. Агар жамоа ғалаба қозонса, натижа футболчиларники. Агар мағлуб бўлса, натижа мураббийники бўлиши керак, азалдан шундай. Жамоанг мағлуб бўлгандагина мураббий сифатида ҳаммага ёмон имижда кўриниб қоласан. Сен агар «Реал»нинг мураббийи бўлсанг, эҳтиёт бўлишинг зарур. Мураббийлар учун «Реал Мадрид» дунёдаги энг яхши клуб. Аммо бу ерда танқидларни қабул қилиш анча қийин бўлади. Менда бу билан ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Мавсум якунида клуб ишимни баҳолаб, сўнгги қарорни чиқаради. Мен бу ердаги ҳар бир лаҳзамдан завқ оламан ва ўзимга берилган имкониятдан максимал фойдаланишга ҳаракат қиламан.
Гарет Бэйл ҳақида
Гарет ҳозир яхши ҳолатда. У буни Уэльсга қарши ўйинда кўрсатди. Гарет ўйнашга тайёр. У ўзига ишонади ва Мадриддаги сўнгги мавсумини чиройли якунламоқчи. Охирги пайтларда у ҳақиқатан ҳам кўплаб муаммоларга дуч келди, етарлича ўйнай олмади. Аммо Гарет ўзининг ўйинлари, голлари ва ғалабалари билан Мадрид тарихига кирди.
Вальверде ва унинг ўйин услубини қай тарзда ўзгартираётгани ҳақида
Бизнинг тизимимиз футболчиларнинг хусусиятларига асосланган. Тахмин қилиш мумкинки, Вальверде қанот ҳужумчисидек ўйнай олади, лекин у кўпроқ позициясини ўзгартириб туради. Майдон марказини ўзгартириш жуда қийин. Жамоамиз учун марказдаги учта ярим ҳимоячи алоҳида аҳамиятга эга. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Винисиусдек ўйинчи қанотда ўйнашни афзал кўради, 4-4-2 схемасида эса ҳимоявий вазифалар кўпроқ бўлади.
Бензема Мбаппе ёки Холанднинг Мадридга трансфер бўлишига қаршилик қиладими?
Бенземанинг ёши ўтиб бораётганини ҳисобга олсак, унинг жамоадоши кейинчалик ким бўлиши муҳим эмас. Карим Карим бўлиб қолаверади - у клубнинг энг муҳим ўйинчиларидан бири», - дейди Анчелотти.