Кеча, 9 апрель куни Англия чемпионати 31-тури доирасида “Эвертон” – “Манчестер Юнайтед” учрашуви бўлиб ўтди.
“Гудисон Парк”да кечган баҳсда майдон эгалари минимал ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Ўйиндан сўнг “қизил иблислар” етакчиси Криштиану Роналду иштирокидаги воқеа кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. У футболчиларни суратга олаётган мухлиснинг телефонини синдирди.
Маълум бўлишича, болакай 14 ёшли Жейк Хардинг бўлиб, стадионга онаси Сара Келли билан келган. Онанинг айтишича, ўғлида аутизм ва диспракция хасталиги бор.
“Манчестер Юнайтед” футболчилари ўйиндан сўнг майдонни тарк этишаётган эди. Биз туннел ёнида ўтиргандик, ўғлим уларни суратга олаётган эди. Роналду эса унинг ёнидан ўтиб кетаётиб, ўғлимнинг қўлидан телефонни олиб қўйди ва синдирди. Жейкнинг қўли қанчалик кўкарганига қаранг.
Мен йиғлаб юбордим. Жейкоб эса шокда эди – у аутизм ва диспракцияга эга. У уйга етиб боргандагина нима бўлганини тўлиқ тушунди. Ўғлим жуда хафа эди ва энди уни футболга жалб қилиш мен учун қийин бўлади.
Нима содир бўлишидан қатъи назар, биз ажойиб кунни ўтказдик. Ҳодиса бизнинг кайфиятимизни бузди, хотирамизда ёмон из қолдирди. Гарчи Роналду “Эвертон”да ўйнамаса ҳам, Жейкнинг кумири.
Агар Жейкоб телефонни унинг юзига теккизганида ҳам мен тушунган бўлардим, лекин у бундай қилмади. Роналду оёғига қаради. Бу шунчаки аутизмли бола эди, унга футболчи ҳужум қилди. Бу менинг она сифатидаги қарашим”, – дейди боланинг онаси Сара Келли.
Криштиану ушбу воқеалардан кейин, Instagram саҳифасида пост қолдирди ва Жейкдан узр сўраб, уни “Олд Траффорд”га таклиф қилди.