Футзалда Ўзбекистон U-18 чемпионатининг ташкил этилиши Осиё Футбол Конфедерацияси талаби ҳисобланади. Бизда ҳозирга қадар асосий футзал жамоаларининг ўринбосарлари учун бундай мусобақа мавжуд эмасди.
Эндиликда U-18 чемпионати мунтазам ташкил этилади. Олий ва Биринчи лига клублари бунда ўз жамоалари билан ғолиблик учун кураш олиб боради. Мазкур мусобақада ўз жамоаси билан қатнашмаган Олий лига клуби келгуси мавсумни битта қуйида лигада ўтказишига тўғри келади.
Бунда жамоалар 18 ёшгача бўлган иқтидорларни ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказади. Касб-ҳунар коллежлари ёки лицей битирувчилари, шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар ҳам учрашувларга жалб этилиши мумкин. Бу орқали уларда футзал ёки футбол клублари назарига тушиш имконияти пайдо бўлади. Боиси, U-18 чемпионати кўплаб Олий лига мураббийларига, Ўзбекистон термаларига иқтидорларни кўрсатиб берувчи ярмарка вазифасини ўтаб бериши кўзда тутилган.
Ҳозирга қадар ЎзПФЛ мазкур мусобақа учун 15 та жамоани рўйхатдан ўтказиб улгурди. “Строител Зарафшон” футбол жамоасини инобатга олмаганда, Олий лиганинг қолган 11 та жамоаси U-18 ёшларини ташкил қилган. Шунингдек, Биринчи лиганинг “Оил стар”, “Машъал”, “Қизилқум”, “Дизак” жамоалари ҳам ўз ёшларини рўйхатдан ўтказди.
Илк бор ташкил этилаётган мусобақага Жиззах мезбонлик қилади. Гуруҳ босқичи учрашувлари 26-28 апрель кунлари бўлиб ўтади. 2 май куни мусобақанинг финал учрашуви бўлиб ўтади.
Маълумот учун, кичик ёшдаги футзал мусобақалари ҳозирга қадар вилоятлар кесимида ЎФА томонидан ташкил этиб келинган. Юқоридаги мусобақанинг фарқи эса эндиликда профессионал футзал жамоалари ўз ўринбосарлари жамоаси билан U-18 чемпионатида иштирок этади.