«Пахтакор» ҳамда «Ал-Иттиҳод» учрашуви якунига етганидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Деян Журжевич иштирок этди. Мураббий ўйин ҳақида гапирар экан қуйидаги фикрларни гапириб ўтди.
Деян Журжевич: - Албатта ҳозир афсусдаман. Чунки “Пахтакор” камида битта очкога лойиқ ўйин кўрсатганди. “Иттиҳод” яхши ўйин кўрсатди. Уларда босим йўқ эди. Негадир ОЧЛнинг сўнгги ўйинларида 10 киши бўлиб қоляпмиз. Бу ҳам ўйинимизга таъсир кўрсатмоқда.
- Нафақат ОЧЛда балки миллий чемпионат ўйинларда ҳам бу ҳолат бўляпти. Жамоада интизом жойида дегандингиз. Лекин унақа ўхшамаяпти...
- Мен бунда футболчиларни айбламаган бўлардим. Сабаби улар курашиб шундай карточкаларни ишлаб олишди. Агар кимнидир ҳақорат қилиб бундай карточкаларни олишганда гапирсам бўларди. Аксинча бугунги ўйин учун шогирдларимга миннатдорчилик билдираман. Ёшларга ишонч билдиришда давом этамиз. ОЧЛ яна битта учрашувимиз бор. Ўша ўйинда энг яхши жиҳатларимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Ишонаманки, шогирдларим ғалаба қозонади. Бизда битта муаммо бор. У ҳам бўлса, Егор Кримецнинг майдонга туша олмаслиги.
- Мағлубиятга қарамай ҳар қандай ҳолатда футбочиларингизни қўллаб-қувватлайсиз. Бу таҳсинга сазовор лекин бугунги учрашувдаги хатоларини ҳисобга олиб жамоанинг дарвоза чизиғида муаммо бор деб ўйлайсизми? Темур Жўраевга ишонишда давом этасизми?
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчиларни қўллаб-қувватлайман. Уларни ҳимоя қилишда давом этаман. Улар ҳақида хеч кимга ҳеч нима демайман. Агар хатолари бўлса фақат ўзларига айтаман. Жўраев ҳақида гапирадиган бўлсам, уни “Пахтакор” футболчиси эканидан хурсандман.
- Суюновнинг ўйини ҳақида нима деб ўйлайсиз?
- 1 дақиқа олдин футболчиларим ҳақида айтдим. Менимча шу етарли деб ўйлайман. Суюнов 6 ойдан кейин майдонга қайтди. Ўйлайшимча бугун у яхши ўйин кўрсатди.
- Ўзбекистонда ишлаётганингизга ҳам анча бўлди. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбек жамоалари ҳам ОЧЛда ютадиган пайтлар ҳам келадими? Бунга салоҳияти борми?
- Менимча, ҳаммасига вақт керак. Масалан “Бавария”ни олайлик жамоа бугун ЕЧЛни ютай деб турибди. Бунга эса тўрт йил давомида деярли бир хил таркиб орқали эришган. Ўзбек жамоаларига, масалан “Пахтакор”да ёш футболчилар кўп. Агар мана шу футболчиларга вақт берилса буни уддалаши мумкин. Лекин тан олиш керак ҳозир бу вазифани уддалаш жуда қийин.