«Насаф» «Ал-Жазира»га қарши иккинчи учрашувда ҳам ўз дарвозасидан тўртта гол ўтказиб юборди.
2 май куни Қаршининг «Насаф» жамоаси ОЧЛ «А» гуруҳи 5-тури доирасида сафарда БААнинг «Ал-Жазира» жамоасига қарши майдонга тушди. Учрашув 4:1 ҳисобида араб жамоаси фойдасига ҳал бўлди.
Учрашув тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди. 6-дақиқада Баре ҳисобни очган бўлса, 14-дақиқадан 42-дақиқагача Рикардо Оливейра Ғайрат Ҳасанов дарвозасини уч бора ишғол қилди. Бразилиялик футболчи бу голлардан иккитасини пенальтидан урди.
«Насаф» ягона жавоб голини иккинчи бўлимда уришга муваффақ бўлди. Илҳом Юнусовнинг тўп узатишидан сўнг ўнг қанотдан қулай вазиятга чиқиб борган «Насаф» ҳужумчиси Илҳом Шомуродов ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Эроннинг «Истиқлол» клуби ўз майдонида Қатарнинг «Ар-Райян» клубини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. 5-турдан сўнг «Ал-Жазира» гуруҳдан биринчи ўринни эгаллагани ҳолда кейинги босқичга чиққан бўлса, «Истиқлол» очколари сонини саккизтага етказиб, иккинчи ўринга кўтарилиб олди.
«Насаф» ҳисобида эса ҳали ҳам бир очко бор, жамоа гуруҳда сўнгги поғонани эгаллаб турибди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари 16 май куни Қаршида Теҳроннинг «Истиқлол» клубини қабул қилишади.
ОЧЛ, «А» гуруҳи, 5-тур учрашуви
2 май, чоршанба
«Ал-ЖАЗИРА» (БАА) – «НАСАФ» (Ўзбекистон) 4:1 (4:0)