Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан иккинчи бўлиб “Аделаида Юнайтед” клуби устози “ҳисоблашди”:
- Ҳайрият, гуруҳда ҳамон етакчиликни ўз қўлимизда ушлаб турибмиз. Баҳс биз учун жуда оғир ўтди. “Бунёдкор” биз кутгандан ҳам кўра ҳужумкор футбол кўрсатди. Рақибларимизда гол киритиш учун кўплаб вазиятлар бўлди. Аммо дарвозабонимиз Евген Галекович, ҳар сафаргидек, ишончли ҳаракат қилди. У ҳақиқий сардорлигини кўрсатди.
Иккинчи тарафдан, бизда ҳам хавфли вазиятлар керагича юзага келди. Айниқса иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида кўп ҳужумлар уюштирдик. Лекин Иан Рамсэй, Дарио Видосич, Фабиан Барбиеролар имкониятлардан унумли фойдалана олишмади.
- 1/8 финалга йўл очилди. Энди гуруҳда 1-ўринни сақлаб қола оласизларми?
- Ниятимиз фақат шу. Миллий чемпионатимизда омадсиз иштирок этгач, бутун эътиборимизни Чемпионлар лигасига ташлагандик. Сўнги беллашувни Японияда ўтказамиз. Гуруҳимизда “Гамба Осака” нимагадир ёмон қатнашди. Лекин бу бизни Осакада осон учрашув кутиб турибди дегани эмас. Аммо биз қатнашувимиз охиригача муваффақиятли чиқишини истаймиз ва гуруҳда биринчи поғонани ўзимизда ушлаб қолмоқчимиз.
Бироқ олдимизда бир муаммо бор. Бизда ички чемпионат тугаганига бир ҳафтадан ошди. Чемпионлар лигасидаги навбатдаги икки учрашувимизга қайси ўйинлар орқали тайёрланамиз, билмайман. Ахир ўйин амалиётининг йўқлиги, ўзингиз яхши тушунасиз, ижобий оқибатларга олиб келмаслиги мумкин.
Улуғбек Мирзаев,
Аделаида