Ўзбекистон Coca Cola кубоги гуруҳ босқичи, 3-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Нефтчи” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Жамоамиз устози аввало ўйин ҳақида тўхталиб ўтди.
- Бугунги ғалаба билан аввало қадрли мухлисларимизни табриклайман. Дербида муҳим ғалабани қўлга киритдик. Йигитларга раҳмат, улар кейинги босқич масаласини муддатидан олдин ҳал этишган бўлсада, концентрацияни йўқотишмади ва ўйин якунигача тўп назоратини ушлаб туришди ва гуруҳ босқичи баҳсларида 100 фоизлик натижа билан навбатдаги босқич масаласини ҳал этишди. Таъкидлаганимдек, босқичма-босқич жамоамизнинг ўйини шаклланиб бормоқда ҳамда айни пайтда фоиз ҳисобида оладиган 70 фоизгача ўйин назоратини ўз қўлимизда ушлай оламиз.
- Жамоа 7 та баҳсдан буён бир нафар ҳужумчи билан ҳаракат қиляпти. Режангизда ўйинни 2 нафар ҳужумчи билан бошлаш варианти ҳам борми?
- Тактика бўйича сиз билан конкретно гаплашмайман. Мен конкрет айтганман, бизнинг тактикамиз бўйича 10 нафар футболчи бемалол ҳимоядан ҳужумга ўтиши мумкин. Жамоанинг ҳужумкорлиги ҳужумчиларнинг сонига қараб ўлчанмайди. Шундай жамоалар борки, номинал ҳужумчисиз майдонга тушиб, ҳужумкор ўйин намойиш эта олади. Бу савол бугунги кунда долзарб эмас. Менимча, бугун жамоамиз ҳужумкор ўйин намойиш этди.
- “Нефтчи” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов Суперлиганинг илк турида “Навбаҳор”га қарши ўйнашни истагани ҳақида гапирганди. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
- Менимча, Мўминжонов “Навбаҳор”да фаолият олиб боргани, майдон унга танишлиги боис, ушбу сўзларни гапирган бўлиши мумкин. Қаерда ўйнашнинг нима фарқи бор? Мўминжонов шунчаки ушбу баҳсга қўшимча интрига киритиш мақсадида, мазкур сўзларни гапирган бўлиши мумкин. Аммо “Навбаҳор” ва “Нефтчи” ўртасидаги ўйинлар дерби мақомида ҳамда бундай баҳсларга мухлисларнинг қизиқиши жуда юқори. Худога шукр, биз барчасини ўз ўрнига қўя олдик.
- Элгужа Григалашвилининг холати қандай?
- Унда ҳаммаси яхши, кейинги ўйинга қадар тайёр бўлади.
- Жамоада иккита бир хил кучга эга бўлган таркиб шаклланган. Нега ротацияларни амалга оширмаяпсиз?
- Савол учун раҳмат. “Навбаҳор”нинг ҳозирги бошланғич таркибида 7-8 нафар янги футболчилар бор. Кўпчилик Ўзбекистон кубоги баҳсларининг гуруҳ босқичи қуръаси “Навбаҳор”га қийинчилик туғдиради, чунки гуруҳдан Суперлиганинг 4 жамоаси ўрин олди, деганди. Аксинча, мен бундан суюндим. Чунки, ҳозирги таркибни шакллантириб олиш учун ажойиб имконият юзага келганди. Захира ўриндиғидаги футболчилар ҳам майдонга тушганларида ўйин натижасига ижобий таъсир кўрсатиш қобилиятига эгалар. Жамоада рақобат бор. Масалан, бугунги баҳсда ҳам захирадан майдонга туширилган футболчилар ўзларини кўрсата олишди.
Яна қайтараман, биз учун ўйинни шакллантириш лозим эди.
Биз учун натижа жуда муҳим. Вақти келиб барча футболчиларга имконият берамиз.