Кириш Регистрация

Иброҳимхалил «Спартак» нигоҳида ёки легионерларимизда нима гаплар?

Баҳо:
+ | -

Россия.  РПЛ 25-туридан ўрин олган «Уфа» - ЦСКА ўйинида томонлар охирги дақиқаларда 1тадан гол уришди - 1:1. Бошқирдистон жамоаси хавбеки Остон Ўрунов бу сафар ҳам захирада қолдирилди - 0:0.

«Нижний Новгород» - «Химки» баҳсида ҳам кучлар тенг келди - 0:0. Ўйиндан олдин мезбон жамоа ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошевнинг жароҳатдан кейин маш­ғулотларга қайтгани ҳақида хабар берилган бўлсада, у майдонга тушмади. Айтганча, «Нижний Новгород» Йўлдошевга янги шартнома тайёрламоқда. Чунончи, «Спорт-Экспресс» нашри 21 ёшли ҳимоячига «Спартак» томонидан қизиқиш борлиги ҳақида хабар тар­қатди. Унда қайд этилишича, Москва клуби Иброҳимхалилни 2 ойдан буён кузатиб келмоқда. Йўлдошев РПЛ 22-тур ўйинида «Спартак» дарвозасини ишғол қилгач, пойтахт жамоасида қизиқиш даражаси янада ортган. Қўшимча қилинишича, «Спартак» ҳамюртимизни март ойида жамоадан кетган бразилиялик Айртон ўрнига мўлжалламоқда. Маълумот учун, 21 ёшли чап қанот ҳимоячисининг трансфери transfermarkt портали томонидан 800 минг еврога баҳоланмоқда. Тўғри, «Нижний Новгород» бош директори Равиль Измайловнинг айтишича, «Спартак»дан ҳозирча ўзбекистонлик футболчи масаласида ҳеч қандай таклиф тушмаган.

Қозоғистон. 2:2 ҳисобида якунланган «Тобол» - «Қайрат» ўйини (ҚПЛ 6-тури)да Игорь Сергеев ва Жасур Жалолиддинов майдонда ўзаро тўқнаш келишди. «Тобол» ҳужумчиси тўлиқ вақт тўп сурган бўлса, меҳмонлар ярим ҳимоясида ҳаракатланган Жалолиддинов 59-дақиқада захирага олинди. У шунингдек, биринчи бўлим якунида сариқ карточка олди. «Туран» - «Ордабаси» учрашувида ҳисоб очилмади. Меҳмонлар ҳимоячиси Одил Абдумажидов бу баҳсда ҳам тўлиқ 90 дақиқа фаол тўп сурди.
 
Қозоғистон футзал чемпионатидан ўрин олган «Каспий» ва «Актобе» ўртасидаги ўйинда эса Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Равшан Элибоев ўзини кўрсатди. Аниқроқ айтсак, ҳамюртимиз чиройли гол уриб, «Каспий»нинг 9:4 ҳисобида устун келишига муносиб ҳисса қўшди.
 
Италия. «Рома» ЕКЛ чорак финали жавоб учрашувида Норвегиянинг «Буде-Глимт» клубини муаммосиз енгиб (4:0), турнир ярим финалига йўл олди. Бироқ Жозе Моуриньо Римдаги ўйинда Элдор Шомуродовга имконият бермади. «Бўрилар» Италия «А» серияси 33-туридан ўрин олган «Наполи»га қарши ўйинни эса кеча Неаполда ўтказишди.
 
Легионерларимизнинг ОЧЛ гуруҳ босқичи 3-туридаги иштироклари:
 
Отабек Шукуров: «Шаржа» (БАА) сафида «Ал-Райян» (Қатар)га қарши ўйин (1:1)да 90 дақиқа.

Муҳаммад Исаев:
«Истиқлол» (Тожикис­тон) сафида «Ал-Ҳилол» (С.Арабистони)га қарши ўйин (0:1)да 59 дақиқа.

Азиз Ғаниев:
«Шабаб Ал-Аҳли (БАА) сафида «Ал-Ғарафа» (Қатар)га қарши баҳс (1:1)да майдонга тушмади.
Манба: intersport.uz
Киритилди: 15:02, 19.04.2022.
Ўқилди: 2142 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.