Бухарест. 9 май. Тошкент вақти билан соат 22:45.
Бош ҳакам: Вольфганг Штарк (Германия)
Ҳа, бугун ўз мақомига кўра Европа чемпионлар лигасидан кейин турувчи Европа лигасининг ҳал қилувчи баҳси гувоҳига айланамиз. Тан олиб айтиш керакки, бу мавсум ушбу турнир бизга кутилмаган натижалар, бир қатор совғаларни тақдим этди. Энг катта совғалардан бири эса, бугун финалда саф тортади.
Келинг, ҳар иккала жамоанинг бу турнирда босиб ўтган йўллари, финалдаги имкониятлари, бир қатор қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашамиз.
Аввало шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ҳар иккала жамоа ҳам бу йилги иштироки билан финалда ўйнашга ҳақли эканликларини исботлашди.
Ҳар икки жамоа кўрсатадиган ҳужумкор ўйин, икки жамоанинг ўйин услубини кўз олдимизга келтирсак, кўпчилик бугунги учрашувдан голлар шоусини, ўзига ҳос байрамни кутаётган бўлса ажаб эмас. Аммо бундай бўлишига бугунги учрашув мақоми йўл қўймаслиги мумкин. Финал — ҳар икки жамоа учун ҳам мавсумдаги оҳирги ўйин.
Ҳар икки жамоа ҳам унда ғалаба қозонишни ва мавсумни юқори нотада якунлашни истайди. Шундай экан, бугун агарда очиқ футбол гувоҳига айлана олмасак ҳам, бундан асло хафа бўлмаслик керак.
АТЛЕТИКО. Мадридликлар финалдан олдин бир қатор таркибдаги йўқотишларга дуч келди. Ярим финалда "Валенсия"га қарши ўйинда Тиагу сафдан чиқди. Луис Переа ҳам жароҳат олган. Майдон марказида энди жамоа сардори Габи ҳамда Марио Суареслар жуфтлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Переанинг ўнг қанот ҳимоядаги ўрнини эса Хуанрфан эгаллаши кутилмоқда. Умуман олганда, жамоа бош мураббийи Диего Симеонеда бир қатор йўқтишларга қарамай майдонга оптимал таркибни тушириш учун етарли футболчилар бор. Қолаверса, тажриба ва маҳорат бобида ҳам Мадрид жамоаси бильбаоликлардан устунроқ экани аниқ.
АТЛЕТИК. Рақибидан фарқли ўлароқ, Бильбаоликларнинг имкониятлари бироз яхшироқдек кўринмоқда. Жамоа Ла-лигада ҳеч қандай ўринлар учун кураш олиб бораётгани йўқ. "Атлетик" бор эътиборини фақат шу мусобақага қаратгани сир эмас. Мадридликлар эса 4-ўрин учун курашга киришиб, бир қатор футболчиларидан айрилган бир пайтда, "Атлетик" Испания чемпионатининг сўнгги турларини умуман ғалати таркибларда ўйнамоқда.
Марсело Бьелса ўз шогирдларини мавсумнинг энг муҳим икки ўйинига шу тариқа тайёрлаб бораётгани ойдинлашди. Бундай ротация орқали жамоа етакчиларига дам бериб, уларни бугунги финал баҳсига оптимал формада ва кайфиятда тушишларига эришилиши мумкин. Жамоада жароҳат олганлар ва дисквалификацияга учраганлар йўқ. Биргина Фернандо Льорентеда соғлиғи билан бироз муаммо бор эди. Аммо у тузалиб сафга қайтди. Унинг бугун асосий таркибдан жой олишига эса шубҳа йўқ.
"Атлетик"нинг оптимал таркиби қандай кўринишда эканлиги ҳақида, аллақачон тасаввурга эга бўлишга улгурдик. Зеро, жамоа финалгача бир қатор мусобақа фаворитларини чиқариб юборгани маълум.
Фақатгина биргина савол бор. Сўнгги икки-уч ҳафта давомида ажойиб ўйин кўрсатаётган Ибаи Гомес бугун асосий таркибдан жой ола оладими йўқми? Истеъдодли футболчи асосий таркибнинг муқим ўйинчиси Андер Эрреран захирага ўтказиб қўйганди. Аммо унинг ҳам бир камчилиги бор. Гомес ушбу турнирда фақатгина икки маротаба майдонга тушган. Шундай экан тажрибали Андер Эрреранинг бугун асосий таркибдан ўрин олиши эҳтимоли юқори. Нима бўлган тақдирда ҳам, сўнгги сўзни Марсело Бьелса айтади.
Аргентиналик мутахассис бир йил ичида жамоа ўйинини, фалсафасини тубдан ўзгартириб юборишга эришди. Бильбаоликлар мана неча йиллик узоқ танаффусдан кейин катта футбол байрами гувоҳига айланишди. Атлетико ҳар қанча тажрибали ва маҳоратли бўлмасин, иштиёқ ва ирода борасида Бильбао жамоаси улардан устунроқдек кўринмоқда.
Тахминий таркиблар:
Атлетико: Куртуа - Хуанфран, Миранда, Годин, Фелипе Луис - Марио Суарес, Габи - Арда Туран, Диего, Адриан - Фалькао
Атлетик: Ираисос - Ираола, Хави Мартинес, Аморебьета Ауртенече - Итурраспе, Эррера, Де Маркос - Сусаета, Льоренте, Муниаин
Жароҳат олганлар: Сильвиу (Атлетико Мадрид)
Дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборадиганлар: Тиагу (Атлетико Мадрид)
Дуэл: Фалькао - Льоренте
Ҳар иккала жамоа ҳам ўз ҳужум чизиғида маҳоратли ва жуда кучли ҳужумчиларга эга. Фалькао бундай финал "мазасини тотиб кўришга" улгурган. У ўтган йили "Порту" билан ушбу турнирни ютиб олганлиги кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўша "Порту"га ғалаба олиб келган тўп муаллифи ким эди дея савол бериб ўтирмаймиз.
Льоренте Фалькао сингари тезкор, техникаси юқори ҳужумчи бўлмасада, жой танлашда ва голли вазиятлардан фойдаланишда колумбиялик ҳужумчидан қолишадиган жойи йўқ.
Бош ҳакам: Вольфганг Штарк - Германиялик тажрибали ва маҳоратли ҳкамга бежизга ушбу финални ишониб топширишмаган. Германиялик рефери бу мавсумда турнирда кўп ўйинларни бошқармади. Аммо у бошқарган ўйинларда у мутахассислар ва экспертлар томонидан юқори баҳоларга лойиқ кўрилди.
Ушбу ҳакамни ўтган йилги ЧЛ ярим финали, "Реал" ҳамда "Барселона" жамоалари ўртасида ўтказилган илк ўйиндан таниган бўлишингиз мумкин. Ўша ўйинда Штарк "Реал" футболчиси Пепени майдондан четлатган эди. Ўша ўйиндаги қарорлари кўпчилкнинг мунозарасига сабаб бўлган бўлсада, УЕФА Штаркни ўйинни юқори савияда бошқарган, дея ҳисоблаган эди.
Немис ҳакамларининг майдондаги хатти-ҳаракати, бошқариш услуби испаниялик ҳакамларникига ўхшаб кетади. Айнан шу омил ҳам Штаркка яна бир маротаба икки испан жамоаси ўртасидаги баҳсни ишониб топширилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Ўйиндан олдинги ҳар иккала жамоага тааллуқли қизиқарли маълумот ва фактлар
- "Атлетико" ушбу турнир тарихида, плей-офф баҳсларида 5 маротаба испан жамоалари билан тўқнаш келган ва унинг учтасида кейинги босқичга ўта олган. Сўнгги тўқнашувларнинг сўнггиси уч ҳафта олдинги "Валенсия"га қарши баҳс бўлди.
- "Атлетик" эса турнир тарихида фақат бир маротаба ўз ҳамюртларига қарши ўйнашга муваффақ бўлган ва ўша биргина баҳсда кейинги босқичга ўта олган. 1976/77 йилги мавсумда Бильбаоликлар "Барселона"ни чорак финалда орта қолдиришган.
- Ушбу мавсумда испания чемпионатида икки жамоанинг ўзаро тўқнашувида, ҳар иккиала жамоа ўз майдонларидаги учрашувларда ғалаба қозона олишган. Бильбаода 3:0 ҳисобида, Мадридда эса 2:1 ҳисоби қайд этилган. Ҳар икки учрашувда ҳам мезбонлар ғалабаси биан якунланган.
-"Атлетико" мана 11 ўйиндирки мағлубият нима эканлигини билмай келаяпти. Европа лигасининг ушбу мавсуми плей-офф баҳсларида ҳам мадридликлар мағлубият нима эканлигини билишмаган.
- Европа лигасининг ушбу мавсумидаги энг сермаҳсул жамоалар ҳам айнан "Атлетико" ва "Атлетик" жамоаларидир. "Атлетико" ҳисобида 30 та гол мавжуд бўлса, басклар улардан икки гол камроқ уришган - 28 та гол.