“Андижон” клубининг имижини ошириш йўлидаги ишлар фаол тарзда олиб борилмоқда. Айниқса, бу борада “Юлдузлар биз ҳақимизда” рукни айни муддао. Бу орқали "Андижон" ҳақида Ўзбекистондан ташқарида ҳам маълумотларга эга бўлишяпти.
Европа Чемпионлар лигасида “Реал”ни ўз уйида мағлуб этган клубни биласизми? Ҳа, бу ўша “Шериф”! Ёдингизда бўлса, “Саньтяго Бернабеу”да Молдова чемпиони “Реал”ни 1:2 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Ўшанда ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев гол ҳам урганди-я!
“Шериф” бош мураббийи Юрий Вернидуб мазкур ғалабадан кейин янада машҳурликка эришгани ёдимизда. Ўша Юрий Николаевич “Андижон” матбуот хизматига жамоамиз хусусида билганларини айтиб берди.
"Мен бош мураббий Виктор Кумиковга “Андижон” билан Про лигада муносиб иштирок этиб, қисқа танаффусдан сўнг Суперлигага қайтишини тилаб қоламан. Энг яхши тилакларим шундан иборат.
Албатта, Виктор Балютович билан шахсан танишман. У билан бир неча марта учрашганман ва қандай савиядаги мураббий эканлигидан хабардорман. Вақти-вақти билан боғланиб турардик. Лекин охирги пайтларда бунинг имкони бўлмаяпти.
Фақат шуни айтишим мумкинки, бу инсонга “Андижон” билан фақат ғалабалар қозонишида омад ёр бўлишини истайман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам клубга кейинги фаолиятида муваффақиятлар тилайман.
Агар сиз андижонлик мухлисларни Ўзбекистондаги биринчи рақамли ишқибозлар эканлигини таъкидлаётган экансиз, у ҳолда бундан хурсандман. Шундай мухлисларга эга бўлган клубнинг ўрни эса кучлилар сафида бўлмоғи даркор!", — деди Вернидуб.
“Андижон” матбуот хизмати.