Ўзбекистон ёшлар (U19) терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев Осиё чемпионати қуръаси ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Қуръанинг кўзи кўр ва биз ҳар қандай рақибга қарши ўйин учун тайёр туришимиз керак», - дейди Мусаев. «Жаҳон чемпионатида иштирок этишни мақсад қилган жамоанинг рақибдан чўчишга ҳаққи йўқ».
Бош мураббий шунингдек ёшлар терма жамоалари билан боғлиқ бўлган нозик масалани ҳам назардан четда қолдирмади: «Кучли ёшлар терма жамоасига эга бўлган мамлакат кейинчалик кучли миллий терма жамоа шакллантириши мумкин. Осиёда ҳам қайсидир мамлакат ёшлари ўз имкониятидан бир бош юқори сакраши мумкин. Шу сабабли биз Осиё чемпионатида иштирок этаётган ҳар бир рақибга хурмат кўзи билан қараймиз».
«Ҳозир бир қатор футболчилар ўз клуби сафида асосий таркибда тўп сурмоқда. Испания йиғини уларнинг имконияти борасида тўлиқ тасаввурга эга бўлишда катта ёрдам берди. Энди тайёргарликни гуруҳдаги рақиблардан келиб чиқиб олиб борамиз ва режаларни бироз ўзгартирган ҳолда, мос спаринг рақибларга қарши ўртоқлик ўйинларида иштирок этишга ҳаракат қиламиз», - дейди Аҳмаджон Мусаев.
Қайд этиш керак, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати шу йилнинг 2-18 ноябрь кунлари БААда бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўз гуруҳида КХДР, Вьетнам ва Иордания термаларига қарши кураш олиб боради.