Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган «Нефтчи» — «Олимпик» (0:0) учрашувидан кейин жамоамиз бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Учрашув қийин руҳда ўтишини билардик, лекин яхши тайёргарлик кўрдик. Иккала жамоа ҳам ўз вазифасини бажармоқда. Бу ўйинлар орқали шогирдларим ўсишга эришиши лозим. Кўрганингиздай, ўйин курашларга бой руҳда ўтди. Иккала жамоа ҳам биринчи голни киритиш учун ҳаракат қилди, аммо омад етишмади. Дуранг ўйинга мос бўлди.
— Меҳмонда ўйнаётганингизга қарамай, асосий таркибда уч нафар ҳужумчи билан бошладингиз? Бу таваккал эмасми?
— Биз ҳар доим шундай ўйнаймиз. Ўйин давомида футболчиларнинг жойлашуви ўзгариб бораверади.
— «Нефтчи» билан ўзаро ўйинларда тажрибага эгасиз. Олдинги ўйинларга қараганда, бугун «Олимпик» чўчиб ўйнади. Бу нима билан боғлиқ?
— Бу фикрга қўшилмайман. Ўйин давомида дарвоза олдидан пас орқали ҳужум бошладик. Футболчилар довдирамади. Рақиб ҳам яхши ўйнади. Баъзи вазиятларда куч ва тажриба етишмагандир, бироқ ҳар бир ўйин шогирдларимда ўзига бўлган ишончини оширишда фойдали бўлмоқда. Ўйиндан ўйинга кучайиб боряпмиз. Мақсадимиз ҳам шу. Суперлигадаги ҳар бир клуб кучли, чемпионатда осон ўйин бўлгани йўқ.
— Владимир Назаров бугун қайдномага ҳам киритилмади. Унда жароҳат борми?
— Йўқ, шунчаки бошқа дарвозабонга имконият беришга қарор қилдик. Абдунабиев бугун яхши ўйин намойиш этди. Бошқа посбонларга ҳам имкон берамиз. Назаровга бироз дам беришга қарор қилдик.
— Хитойдаги ёзги Осиё ўйинлари қолдирилди. Бу жамоа фойдасига ишлайдими ё зарарига?
— Халқаро ўйинларнинг маъсулияти кучли. Турнир қолдиргани яхши эмас, бироқ кейинги йил ўтказилса, иштирок этишга тайёрмиз.
— Бегимов кераксиз жойда қизил карточка олди, у ўзини тўхта олмадими?
— Баҳсли вазият, Бегимов тўп учун ҳаракат қилаётганди. Бекорга ўйинни тўхтатишмади. Йўқотишдан афсусдамиз, лекин унинг ўрнини босадиган футболчиларимиз бор.