Гвардиола жамоаси ваниҳоят ўзига керак бўлган ҳужум вакилини сотиб оладиган бўлди. "Манчестер Сити" "BVB" билан Эрлинг Холанд хариди борасида келишувга эришди. 21 ёшли футболчини нималарга қодир эканини яхши биламиз. Ўтмишда "Молде", "Зальцбург" каби клубларда тўп сурган ҳужумчи, бугун дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қўшилади. Холанд "шаҳарликлар" билан 5 йиллик битим тузади. Унинг нархи эса 63 миллион фунтни ташкил этди. Қуйида Гвардиола қўл-остида порлаган юлдуз ҳужумчилар ҳақида гап боради.
Тьерри Анри
Анри 2007 йилда "Арсенал" мухлислари қалбини вайрон этиб, "Барселона"га кетади. Орадан кўп ўтмай, у Гвардиола билан ишлай бошлайди. Француз футболчиси Ла-лигадаги илк мавсумида 26 та гол уришга эришган. У Каталонияда 2009 йили требл қайд эта олган. Анри Педро сабаб захирага михланиб қолади. Кейинчалик эса, 2010 йилда МЛСга йўл олади.
Самюэль Это'о
Это'о Гвардиола билан фақат бир мавсум бирга ишлаган. Аммо ўша бир мавсумда (2008-09) ажойиб рекорд муаллифига айланганди. Камерунлик афсона Анри билан требл ютишда ҳам иштирок этади. У мавсум сўнгида "Интер"га кетади. Унинг ўрнига эса Ибрагимович олиб келинади. Гвардиола ва Моуриньонинг шогирди бўлиб кўрган ҳужумчи, улар ҳақида шундай деган: "Мен бу иккисини солиштира олмайман. Негаки, улардан бири "Бавария" билан ЕЧЛни юта олмаган. Бошқаси эса "Порту" билан бу ишни эплаган".
Футболчи нимага шаъма қилганини тушунган бўлсангиз керак.
Роберт Левандовски
Польшалик ҳужумчи 2014 йилда "Боруссия Дортмунд"дан "Бавария" сафига эркин агент сифатида йўл олади. Левандовски Гвардиола билан икки мавсум бирга бўлган. Сўнгги, 2015-16 йилда эса, Бундеслигада 30 та гол уришга эришади. Пеп Левандовскига таъриф берар экан, уни ўз фаолиятида учратган энг профессионал ҳужумчи деб атайди.
Серхио Агуэро
Агуэро АПЛдаги энг ажойиб марказий ҳужумчилардан бири эди. У Гвардиола қўл-остида Тьерри Анрини голлар борасида ортда қолдирган эди (184 та гол). Тўғри, охирги пайтларда Гвардиола Агуэрони қадрига етарлича етмади. Вақт ўтгач эса у "Барселона"га йўл олиб, у ерда фаолиятини тугатишга мажбур бўлди.
Гвардиола Серхионинг 2011-2012 йилги мавсумда, 38 турда "ҚПР"га урган голини эслар экан, жумладан шундай деган: "Уни Англияда бажарган ишининг кўлами бемисилдир. Бу жамоа билан Агуэро ҳақиқий тарихни ёза олди. Шу сабаб унинг ҳар бир голи мухлислар қалбида яшайди".
ИСМАТОВ Ж