Суперлиганинг 9-тури доирасида АГМК Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасини меҳмон қилади.
Бўлажак ўйин ушбу жамоаларнинг ўзаро барча мусобақалардаги умумий ҳисобда 36-учрашувига айланади. "Бунёдкор" ва АГМК қарама-қаршилиги тарихига назар соладиган бўлсак, ўтказилган ўйинларда 9 маротаба жамоамиз ғалабани тантана қилган, 7 бор дуранг қайд этилган ва 19 марта "Бунёдкор" ғалаба қозонган. Тўплар нисбати ҳам "қалдирғочлар" фойдасига: 65-42.
Айни пайтда жамоалар турнир жадвалида турлича жойлашишган. АГМК 13 очко билан 4-ўринни эгаллаб турган бўлса, "Бунёдкор" 11 очко тўплаган ҳолда 7-ўринда бормоқда.
Суперлиганинг 8-туридан сўнг чемпионатдаги илк истеъфо бўлажак рақибимиз "Бунёдкор"да руй берди.
Жамоани бошқариб келган Шуҳрат Мақсудов истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига вақтинча бош мураббий вазифасини бажариш масъулияти Виктор Карпенко зиммасига юклатилди. Карпенко "Бунёдкор" бош мураббийи сифатида илк дебют ўйинини айнан АГМКга қарши баҳсда ўтказади.
Бўлажак учрашув 16 май куни ОКМК спорт мажмуасида соат 19:00да бошланади.
Баҳсни Аскер Нажафалиев бошқариб боради. Мазкур тайинлов Нажафалиев учун АГМК иштирокидаги 9-учрашувга айланади. Аскер бошқарган ўйинларда жамоамиз 6 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган. Шунингдек, учрашувда VAR тизимидан фойдаланилади ва унга масъул этиб Элёр Турсунов тайинланган.
Суперлига, 9-тур.
16 май, душанба
АГМК — «Бунёдкор» (19:00)
Ҳакамлар: Аскер Нажафалиев, Зуфар Элибоев, Фарҳод Усмонов, Найим Қосимов
Назоратчи: Тимур Галеев
VAR ҳаками: Элёр Турсунов
VAR ассистенти: Андрей Цапенко
VAR назоратчиси: Валентин Коваленко
Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев