Лос-Анжелесда ўтган бокс оқшомида Жермалл Чарло (35-1-1, 19 КО) ва Брайан Кастаньо (17-1-2, 12 КО) супер ярим ўрта вазн тоифаси мутлақ чемпионлиги учун баҳс олиб борди.
Жангнинг 10-раундида Чарло рақибини нокаутга учратди. Шу тариқа Жермалл Чарло мазкур дивизион тарихидаги илк мутлақ чемпионга айланди.
Мазкур боксчилар 2021 йилнинг июль ойида ҳам ўзаро жанг ўтказган ва унда дуранг натижа қайд этилганди.
Ушбу вазн тоифасида ҳаракат қиладиган Исроил Мадримов Мишел Сорога қарши кечадиган реванш жангида ғалаба қозона олса, Чарлонинг WBA камарига мажбурий даъвогарга айланади.
Мадримов ва Соро ўртасидаги дастлабки жанг 2021 йил 17 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтганди. Тўқнашувнинг 9-раундида гонг овозини эшитмаган Мадримов рақибга бир неча зарбалар йўллаши натижасида техник нокаут қайд этилган эди. Бундан норози бўлган Соро жамоаси WBA ташкилотига реванш берилишини сўраб мурожаат қилганди. WBA Соро жамоасининг сўровини қабул қилган ва Мадримовга реванш жангида иштирок этиш мажбуриятини қўйган. Ушбу жанг 9 июль куни Лондонда бўлиб ўтади.
Ушбу вазн тоифасида WBO камарига россиялик Тимофей Цзю мажбурий даъвогар ҳисобланади.