Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Бунёдкор»нинг шонли даври, Ла Лигага кетиш имкониятини йўққа чиқарган тақиқ, Это’Oга совға қилинган Ferrari. Миржалол Қосимов билан катта интервью

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футболи тарихидаги энг яхши ўйинчи, ҳозирда Олмалиқнинг АГМК клубига устозлик қилаётган Миржалол Қосимов Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрига катта интервью берди. Қосимов унда Ўзбекистон терма жамоаси, «Пахтакор», «Бунёдкор» ва унинг афсонавий раҳбари, рус клубларидаги фаолияти ҳамда бир қатор бошқа мавзуларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди. «Дарё» мазкур интервьюни ўқувчилар учун ўзбек тилида тақдим этади.

«Жарима зарбаларни моҳирлик билан амалга оширишим — Худодан»



— Ўзбек футболи музейида Пеле билан бирга турган фотосуратингизни кўрдим.

— Бу 1987 йилда Нигерияга қарши ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг финали олдидан эди. Биз саломлашдик, ўшанда қўлимни ювмайман деб ҳазиллашгандим. Шунингдек, терма жамоа сардори сифатида (йигитлар мени танлаганди) Жаҳон чемпионати кубогини кўтариб турган расмим ҳам бор. Ёнимда УЕФА президенти Жоау Авеланж ва мусобақа ҳомийларидан бири турганди.



— Ўшанда Кот-д’Ивуар дарвозасига ярим финалда бурчак тўпидан гол ургандингиз.
— Ҳа, шунақаси бўлганди. Яна биттасини жарима зарбасидан урганман. 5:1 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Жуда аҳил жамоа бўлганмиз. Майдонга чиқиб, болалардек қувонардик. Масъулият бор эди, лекин босим бўлмаган.

— Дарвозабонларни ақлдан оздирадиган жарима зарбаларини қаердан олардингиз?
— Аввало Худодан. Меҳнат ҳам керак, албатта. Машғулотлардан олдин ва кейин машқ қилардим. Новогорскда Гажи Гажиев билан шуғулланганмиз, «жонли девор»ни тўққиз метрга эмас, олти метрга қўярдик. Уни четлатиб зарба бериш учун вақт, куч ва сабр керак бўлган.



Зарбаларим ўхшаётганини дарҳол англаганман, кейин маҳорат ҳам аста-секин тўпланиб борди. «Пахтакор»нинг асосий жамоасига ўтганимда, баъзи ҳолларда тепишимга рухсат беришарди, асосан, катталар тепарди. Еврокубокларда «Ливерпуль»га жарима зарбасидан гол уриш ўзидан ўзи бўлиб қолмайди, уларни узоқ вақт мукаммаллаштириш керак.

— «Ўзбек Марадонаси» лақабини ким ўйлаб топган?
— Кимдир 1986 йилда шунақа ёзганди, шундан кейин бошланиб кетган. Бундай нарсаларга аҳамият бермаганман, шунинг учун эслай олмайман.

— Бундай қиёслардан ҳаволаниб кетмаганмисиз?
— Ўшанда бу ҳақда ўйламаганмиз. Ҳали тузук ўйнашни ҳам бошламагандим, қаердан ҳам ҳаволанардим. Вазифамиз майдонга чиқиш ва футболни севиш эди. Илгаригилар футболни яхши кўрарди, ҳозир футбол бизнесга айланди.

«Машъал»га Абдусалом Азизов чақирганди

— 1993 йилда «Вальядолид»га ўтишингизга рухсат беришмаган. Бунга телевидениеда эҳтиётсизлик қилиб, ўзбек футболи савиясини рус футболи билан таққослаб бўлмайди деганингиз сабаб бўлгани ростми?
— Буларнинг барчасини спортга алоқаси бўлмаган одамлар қилган. Ҳа, бир неча ой ўйнамадим. «Вальядолид» йиғинида ҳам қатнашганман. Лекин қизим туғилиши арафаси эди ва Тошкентга жўнаб кетдим. Ортга қайта олмадим. Сўзларимни Ўзбекистонда нотўғри тушунишган ва дисквалификация қилишган.

— 1992 йилдан кейин Владикавказнинг «Спартак» жамоаси раҳбариятидан «Пахтакор»га қайтаришни илтимос қилган экансиз. Бу орқали Тошкент клубининг испанияликлардан пул ишлаб олишини хоҳлагансиз.
— Ўша пайтлари «Пахтакор»да ярим йил маош тўланмаганди. Клуб ва футболчилар нима биландир кун кечириши керак-ку. СССР парчаланганида, осетияликлар бизни Владикавказда кўришни хоҳлаган. Улар 150 минг доллар тўлаган, бу пуллар «Пахтакор»га эмас, тўғридан-тўғри менга берилган. Мен ҳаммасини клубга берганман, ўзим учун олиб қўйишим ҳам мумкин эди. Бу 150 мингга ўша вақтда Тошкентда нафақат квартира, балки бутун бошли тўққиз қаватли уй сотиб олиш мумкин эди.

— Фаолиятингизнинг охирги босқичларида бир йил БААда ўйнадингиз.
— У вақтда уларда ҳозиргидек профессионал футбол бўлмаган. Футболчиларнинг бошқа асосий иши бўлган — божхона, полиция ва ҳоказо. Футбол эса шунчаки хобби эди, улар фақат кечки пайт ўйин учун келарди. Ҳар бир жамоада икки-уч нафар легионер бўлган. Менга буларнинг ҳаммаси ёқмади. Улар шунчаки завқ учун ўйнарди, жамоавий ўйиндан асар ҳам бўлмаган.

Асли мисрлик бўлган клуб раҳбарларидан бирига бу ҳақда айтганимда, у шундай деганди: «Сен профессионалсан. Тўпни олиб, ҳаммани алдаб ўт ва гол ур». Шунга қарамай, давом этишни истамадим ва яна «Пахтакор»га қайтдим.

— Фаолиятингизнинг катта қисми шу ерда ўтганми?
— 2005 йилда «Машъал»да тамомлаганман. Ўшанда бу клубни «Ўзбекнефтгаз» куратори Абдусалом Азизов бошқарарди, ҳозир у Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти. У мени чақирганди. Бир йил ўйнадим ва ўша ерда фаолиятимни тугатдим.

«Газзаевда, таътил вақтида формангизни сақламаган бўлсангиз, йиғинда ҳолингиз вой эди»

— 1995 йилдаги «Спартак-Алания» билан қўлга киритилган олтин медал ҳақида нималарни эслайсиз?
— Бизда 13—14 миллат вакиллари бўлган йигитлар ўйнарди, жуда самимий жамоа эдик. Мавсумни бир нафасда ўтказдик. Аммо 21 октябрь куни меҳмонда «ЦСКА»ни мағлуб этиб, чемпион бўлган ўйинда бўлмаганман. Терма жамоа учрашувига кетгандим, шунинг учун кийиниш хонасида буни нишонлай олмаганман. Сўнгги уй ўйинига келдим, ҳеч бўлмаганда ўша ерда ўйнайман деб ўйлагандим, бироқ ўйин олдидан машғулотда белимни шикастлаб олдим.

— Тўхтанг, қанақасига чемпионат ўйинлари пайтида терма жамоага кетасиз?
— Биз 1994 йилда Осиё ўйинларида, Нигерия эса Африка Кубогида ғалаба қозонганди. 90 йилларда анъанавий Афро-Осиё Кубоги ўтказиларди. Бу ўйинлар терма жамоалар учун мўлжалланган кунларда ўтказилмаган. Аммо Валерий Георгич тушунган ҳолда мени қўйиб юборган, бундай қилмасликка ҳаққи бор эди. Мен учун терма жамоадан муҳимроқ нарса бўлмаган.

— Чемпионлик учун тақдим этилган Mercedes’нинг тақдири қандай кечди?
— Дўстларим орқали сотиб юборганман. Жуда узоқ вақт давомида турганди. Кетганимда уни ҳеч ким ҳайдамасди. Балки ҳозир ҳам кимдир уни ҳайдаётгандир.

— «Алания»да ўйнаганингизда Валерий Газзаев билан муносабатларингиз қандай бўлган?
— Ажойиб. У қаттиққўл, талабчан ва бу тўғри. Интизомсиз ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Ундан кўп нарса учун миннатдорман.

— Газзаевда мавсумолди тайёргарликлар даҳшатли бўлганми?
— Ҳозир ундай юкламаларга унча-мунча футболчи дош бера олмайди. Кейинчалик бу нарса ўзгарган. 1994 йилдан кейин керакли хулосалар чиқарилди ва кейинги йили нималардир юмшатилди. Ва чемпион бўлдик.

— Уларда қийналмаганмисиз?
— Жуда кўп югурардик, ҳеч ким учун чегирмалар йўқ эди. Агар таътил пайтида ўзингизни формада сақламаган бўлсангиз, унда ҳолингизга вой эди. Талабларни билардим ва тайёрланардим. Спорт залига бориб, кросс югурардим. Агар бир неча килограмм ортиқча вазн тўпласам, бир кун ичида ундан халос бўлардим.

— 1996 йилда умуртқа поғонангиз шикастлангандагина анча-мунча вазн йиғиб қўйгандирсиз?
— Ҳа, ўн килограмм. Аммо сафга қайтганимда, парҳез, сузиш, гимнастика ёрдамида икки ҳафта ичида вазн ташлаганман. Ўша дамни яхши эслайман. 1996 йилнинг 17 августида «Росцелмаш» билан ўйнадик. Иккита гол урдим, 12 гол билан тўпурарлар рўйхатида пешқадамга айландим. Уйга келдим, қўшнимни чақирдим. Рафиқам тушлик тайёрлади, ош пиширди. Суҳбатлашиб ўтирдик, кейин эса ўрнимдан туролмадим. Белимни ололмай қолдим.

— Текис ердами?
— 1994 йилда бассейндан чиқаётганимда сирғалиб, белим билан йиқилиб тушганимда бошланганди. Чемпионат мен учун тугади.

Мавсум якунлангач, Ўзбекистон футбол федерациясининг ўша пайтдаги президенти Зокир Алматов ёрдам бериб, операция учун мени Германияга жўнатди. Ўзбекистон терма жамоаси Амирликларда бўлиб ўтган Осиё Кубогига йўл олди, мен эса даволанишга жўнаб кетдим. Агар операция бўлмаса, балки ўшандаёқ футболни тугатган бўлардим. Операция натижаси кафолатланмаслигига рози эканлигим ҳақидаги қоғозга имзо чекишни таклиф қилишди. Аввалига рад этдим, лекин шифокор қоидалар шундайлигини тушунтирди ва ҳаммаси яхши бўлишини айтди. Кейин шунчаки имзо чекдим. Яна олти ой тикланиш жараёнини бошдан кечирдим.

— «Алания»нинг кўп футболчилари чет эл клубларига кетганди. Сизни чақиришганми?
— 1996 йилда қолишга қарор қилдим, кейин эса бахтсиз жароҳат. Операциядан кейин узоқ вақт майдонга тушмадим, тузалганимдан кейин мавсумни «Пахтакор»да ўтказдим. 1998 йилда чемпион бўлдик, 1999 йилда «Алания»га қайтдим. 2000 йилда Газзаев «Динамо»га кетди, мени эса Александр Тарханов «Крилья Советов»га чақирди. Кейинги икки мавсумни шу ерда ўтказдим. Жуда ажойиб жамоа йиғилганди. 2001 йилда чемпионатда бешинчи ўринни эгалладик, унгача Самара буни орзу ҳам қила олмаган.

— Мураббий бўлганингиздан кейин Жаҳон Чемпионатига борганмисиз?
— Бразилия—2014 га. ЖЧ—2018 билан параллел равишда чемпионатимиз ўтаётганди, Россиядаги мусобақани телевизор орқали томоша қилдик. Жаҳон Чемпионатларида 11 та ўйин бошқарган ҳакамимиз Равшан Эрматовга мухлислик қилдик. Шунингдек, бир пайтлар бирга ўйнаган Сергей Игнашевични кузатдим. 2000 йилда сиз билан ўйнаган футболчи орадан 18 йил ўтиб мундиал чорак финалига чиққан жамоанинг энг яхши ҳимоячиси бўлганини кўриш ёқимли.

— «Алания»ни кузатиб турибсизми?
— Албатта. Клубнинг профессионал мақомни йўқотгани ачинарли. Аммо ҳозир қайта тикланмоқда. Жамоанинг Россия Кубогидаги ўйинларидан хурсандман. Осетия халқи спортни севади. Бизнинг ўйинларимизда йигирма мингдан кам мухлис бўлмаган. Умид қиламанки, тез орада яна шундай даражага қайтилади.

«Шомуродовга ўхшаганларни Ўзбекистонда кўрмаяпман. Иқтидорлилар бор, аммо бўш»



— 1994 йили сизнинг етакчилигингиздаги Ўзбекистон терма жамоаси Японияда ўтган Осиё ўйинларида ўз тарихидаги ягона совринни қўлга киритган. Мамлакат ҳақида нима дея оласиз.
— Биз ҳеч қандай ёдгорликларга бормаганмиз, деярли Олимпия шаҳарчасидан чиқмаганмиз. Бу фақат футбол мусобақаси эмасди. Мусобақа ҳалигача ёдимдан чиқмайди.

СССР парчалангач, бу Ўзбекистон терма жамоасининг йирик мусобақалардаги илк иштироки эди. Ўша йилларда кўпчилик мамлакатимиз қаердалигини ҳам билмасди. Футбол эса ажойиб ишни амалга оширди — ўша мусобақадан сўнг Осиёдаги ҳамма бизнинг қаердан эканлигимизни билиб олди. Турнирни бир нафасда ўтказдик, барча рақибларни мағлуб этдик — Саудия Арабистони, Корея, Хитой.

Ўшанда мамлакатда кўпчилик бизнинг мусобақага боришимизни хоҳламаганди. Индивидуал спорт турларини ривожлантириш яхшироқ деб ҳисоблашган ва бутун жамоага пул сарфлаш кўп харажат талаб этишини айтишган. Ҳеч ким бизни у ердан медал олиб келади деб ўйламаган, олтин ҳақида эса гап ҳам йўқ эди. Бошқа давлатлар учун эса, албатта, бизнинг натижамиз кутилмаган воқеа бўлган. «Ўзбекистон? Ким ўзи улар?», деб ҳамма ҳайрон бўлганди.

— Сизнинг бошқарувингизда терма жамоа 2014 йилги Жаҳон Чемпионатига чиқишга жуда яқин келганди, аммо Осиё минтақаси плей-оффида Иорданияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлгандингиз. Ўшанда айбни ўз бўйнингизга олиб, истеъфога чиқмоқчи бўлгандингиз.
— Чунки вазифа бажарилмаганди. Биз ҳаракат қилгандик. Агар Жанубий Корея ва Эрон сўнгги ўйинда дуранг ўйнаганида, автоматик тарзда мундиалга чиқардик. Аммо энди буларни гапиришдан маъни йўқ. Ўшанда истеъфо қабул қилинмаганди, натижада бир ярим йилдан сўнг терма жамоадан кетганман.

— Жаҳон Чемпионатига чиқишда жамоага доимо нима етмай қолади?
— Ўзбекларда доим имконият бўлган. Аммо охирги тўсиқдан ўта олмаймиз. Ўйинчиларимиз яхши бўлган. Масалан, худди шу Максим Шацких. Охирги марта «Ротор»да ишлаганида кўришгандик. Тошкентга келганида ҳам кўришиб, гаплашиб турамиз. Ҳозир мана Элдор Шомуродов етишиб чиқди. У менинг давримда «Бунёдкор»дан «Ростов»га кўчиб ўтган.

— Ўшанда унинг Италияда ўйнашини кутганмидингиз?
— Италия ҳақида ўйламаганман, ёлғон гапириб нима қилдим. Аммо Россияда ўйнаб кетишига ишончим комил эди. У — жуда иқтидорли бола, виждонли, оғир босиқ, тарбияли. Қўл остимда ҳужум марказида ҳам, қанотда ҳам ўйнаган. Тўп билан яхши муомала қиларди.

— Шомуродовнинг маоши ойига 500 доллар бўлгани ростми?
— Йўқ, кўпроқ бўлган. 1000 доллар атрофида. Италиядаги ўйинларини кузатяпман, Моуриньо уни кам ўйнатаётгани ачинарли. Соғ бўлсин, нима бўлганда ҳам катта ишни амалга оширди.



— Ўзбекистонда кимдир унинг йўлини такрорлай оладими?
— Унга ўхшаганларни кўрмаяпман. Иқтидорли йигитлар бор, лекин менталитетни ўзгартириш керак. Жуда бўш.

— Масалан, Остон Ўрунов?
— Барча деталларни билмайман, шунинг учун муҳокама қилишни истамасдим. Назаримда, у «Уфа»ни «Спартак»ка алмаштирмаслиги керак эди – у буни жуда эрта қилди.

— Яна терма жамоани бошқаришни хоҳлайсизми?
— Ҳозир йўқ, хоҳламайман. АГМКни бошқаряпман. Яхши инфратузилма яратмоқчимиз. Олмалиқ шаҳри кичик, одамлари меҳнаткаш. Раҳбар футболни жуда яхши кўради.

«Ривалдо ҳақиқий профессионал эди»

— Ривалдо ўйнаган «Бунёдкор»ни бошқаргансиз. Ўша пайтдаги клуб эгаси Одил Жалолов ҳақида афсоналар юради.
— У футболни жуда яхши тушунади. Ундан 1956 ёки 1975 йил ҳақида сўранг — ҳамма нарсани айтиб беради. Футболни ҳам севади. Месси 17 ёшда бўлганида буюк футболчи бўлишини ишонч билан айтганди. У «Барселона»нинг ашаддий мухлиси. Менга ҳам доим Гвардиоланинг услуби ёққан, ҳозир Хави ҳам яхши йўлда. Жалолов ўйиннинг Ўзбекистондаги ривожи ва унинг оммалашиши учун жуда кўп иш қилди. Машҳур футболчиларни олиб келди, мамлакатнинг энг яхши стадионини қурди, майдонлар билан тўла академияни барпо этди.



— Ўша пайтда «Интер»да ўйнаган Самюуэль Это’Oни Тошкентга бемалол таклиф қилиб, унга Ferrari бергани, машинани уриб олганида эса уни Италияда тузаттириб бергани ростми?
— Это’O Ferrari’ни уриб олганми ёки йўқ билмайман. Аммо уни бергани аниқ.



—Ривалдо билан бирга ишлагансиз. У ҳақида нима дея оласиз?
— Яхши эди. Ҳаракат қиларди. Қаердадир машғулот жараёнида ёшига қараб унга «чегирма»лар берардик. Аммо майдонда Ривалдо меҳнат қилар, жамоага кўп фойда келтирарди. Ишга виждонан ёндашарди, профессионал сифатида ёшларга ўрнак бўларди.

— Кўплаб бразилияликлар каби кўнгилхушлик қилмасмиди?
— Йўқ, эътиқодли эди, оиласи ва болаларига кўп вақт ажратарди. Ҳа, бразилияликлар кўнгилхушлик қилиши мумкин эди, лекин у ундай бўлмаган.

— Жамоани Осиё Чемпионлар Лигасининг ярим финалига олиб чиққансиз, бу босқичда эса уни Зико бошқарган. Нега бундай бўлган?
— Раҳбарият шундай қарор қилган. Ачинарли, аммо вазият шунақа бўлган. Бу мамлакатнинг марҳум, биринчи президентининг топшириғи билан бўлган.

(«Мендаги маълумотларга кўра, Зико дастлаб Ўзбекистон терма жамоасига таклиф қилинган, бироқ мамлакатнинг биринчи президенти, яккаланиш сиёсати тарафдори Ислом Каримов буни сўнгги лаҳзада билиб, шундай деган: «Терма жамоада ҳеч қандай хорижлик мураббий бўлмайди». Аммо шартнома имзолаб қўйилгани учун Зико Қосимовнинг ўрнига «Бунёдкор»га юборилади, Қосимов эса терма жамоага ўтказилади. Натижада «Бунёдкор» Чемпионлар Лигаси ярим финалида Зико билан Австралиянинг «Аделаида» клубига 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўяди. Зикода «ЦСКА»дан таклиф пайдо бўлганида эса ортиқча ўйланишларсиз қўйиб юборилади» — муаллиф Игорь Рабинер).

— Зико жамоада қисқа муддат бўлди, кейин «ЦСКА»га ўтди. Жамоани Луис Фелипе Сколари бошқарди. Ўшанда терма жамоада ишлагансиз ва жаҳон чемпиони бўлган мураббий билан яқиндан мулоқот қилгандирсиз. Нималарни ўргандингиз?
— Сколари — малакали мураббий. Биз у билан яхши муносабатда эдик. Мен чекардим, у эса буни кўриб, ёмон қараган. Унга шартномамда бундай банд борлигини айтганман (кулади).

«Бунёдкор»нинг Чемпионлар Лигаси доирасидаги ўйини учун Жанубий Кореяга боргандик. Бизни машғулот майдонларига олиб келишди. Мезбонлар бизга юз метр нарироқдаги майдонни таклиф қилишди. Аммо Сколари ўжарлик қилиб, шундай деди: «Йўқ, фақат шу ерда машқ қиламан!». У ҳамма нарсада ҳам мослашувчан бўлиш шарт эмаслигини, қаердадир ўзиникини ҳам ўтказа олиш кераклигини кўрсатди.

— 2010 йиллар ўрталарида «Бунёдкор»нинг собиқ хўжайини жамоадан кетди, сиз эса жамоада қолдингиз.
— Клуб давлат тасарруфига ўтди, уни бир трансфер ойнасида 14 футболчи тарк этди. Лекин барибир ўша савияда қолдик, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритдик, икки йил гуруҳдан чиқдик ва 2012 йилда ҳатто иккинчи марта ярим финалга қадар етиб бордик, бутунлай бошқа шароитларда. 2013 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлдик, мамлакат кубогини қўлга киритдик. Клуб пойдевори яхши бўлган.

— Жалолов билан алоқангиз борми?
— Ҳа, вақти-вақти билан мулоқот қилиб турамиз.

«Ўғлимнинг тўйига 750 киши келган».

— Айтишларича, хайрлашув ўйинингиз чиройли ўтган. Масалан, терма жамоа сафида ўтказилган ўйинлар сони бўйича рекордчи бўлган эронлик Али Даи ҳам қатнашган экан.
— У Осиё футболининг афсонаси, тез-тез бир-биримизга қарши ўйнардик. Футболимиз учун катта меҳнат қилган ажойиб инсон Мираброр Усмонов бошчилигидаги федерациямиз орқали у ва бошқалар билан боғланганмиз. У инфратузилма ва шароитларни яратиб берган. Унинг шарофати билан ўйин билан боғлиқ муаммо тезда ҳал қилинганди. Ажойиб бўлган, стадион тўлган, кўпчиликка чипта етмай қолганди.

— АГМКга қандай келдингиз? Сиз уни кетма-кет икки марта деярли нолдан Ўзбекистон чемпионатининг бронза медали совриндорига айлантирдингиз.
— «Бунёдкор» янги шартнома таклиф қилмади, фақат шу сабабли. Акс ҳолда кетмаган бўлардим. 2019 йилда АГМК ўртамиёна ўйин кўрсатди, кейин аста-секинлик билан яхшилана бошлади. Жамоада камида 40 фоиз маҳаллий йигитлар ўйнаши керак. Футболчи ўз шаҳри жамоаси учун чиқиши жуда муҳим. Бунинг учун шароит яратиш керак — мактаблар, академиялар. Буларнинг барчаси кейинги авлодга ўтади.



— Олмалиқликлар футбол томоша қилишга келадими?
— Ҳали биз хоҳлаганчалик эмас. Меҳнаткашлар ишдан дам олиши, завқ олиши учун уларни (Олмалиқда кўпчилик кончи сифатида фаолият юритади) ўйинимиз билан ўзимизга жалб қилишимиз керак. Бу дарҳол бўладиган нарса эмас.

— Россияга ишлашга таклиф қилишганми?
— Тахминан, 12—13 йил аввал Самарага чақиришганди. Лекин бормадим. Кимгадир ниманидир исботлашга хоҳиш йўқ. Бир марта яшаймиз. Яшашимиз, қувонишимиз керак, Яратган қанча нарса берди. Оила, фарзандлар, неваралар...

— Қанча неварангиз бор?
— Ҳисобда адашиб кетаман (кулади). Кўп. Саккиз нафар. Учаласи қизимдан, қолгани ўғилларимдан. Ҳали турмушга чиқмаган қизим ҳам бор.

— Ўзбек тўйларига баъзан минг нафар меҳмон келади. Сизда қандай бўлган?
— 90 йилларда уйланганман, ҳовлида тўй қилганмиз. У ерда қанча одам борлигини айтиш қийин. 2012 йилда ўғлимни уйлантирганимда, кечки базмга 750 киши келган. Ундан олдин наҳорга ош берилган. Бундай тадбирларга жами икки-уч минг киши келади. Ўзбекистонда оч қолмайсиз.

— Буни тушундим. Бундай овқат билан қандай қилиб ўйинчилик йилларингизда ортиқча вазн тўпламагансиз?
— Ўзимга ҳамма нарсани ҳам раво кўравермасдим. Мавсумлар оралиғида ота-онамнинг ёнига келсам, улардан ортиқча ҳеч нарса таклиф қилмасликларини сўрардим. Нима керак бўлса, ўзим ейишимни айтардим.

— Ўйинчиларингизни ортиқча вазни учун жазолайсизми?
— Йўқ, фақат огоҳлантиряпман.

— Эриша олмаган нарсаларингиздан афсусланасизми?
— Бошқа футбол ўйнай олмаслигимдан афсусланаман. Қолган нарсаларда ҳаммаси жойида. Аммо ичимдаги футболчи руҳи сўнмаган.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 06:50, 17.05.2022.
Ўқилди: 4348 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.